Ахлоқ пандемияси

    Фикр 7 май 2020 2790

    Миллат генофонди ана шу эзгу хаёллар ва покиза фикрат асосида шаклланган. Демак, биз миллат ирсий асосларини бир неча минг йилликлар қаърида кўришимиз мумкин.

    Айни пайтда бутун Ер шарида қандайдир тушкунлик, руҳий озурдалик ҳукмронлик қилмоқда. Гарчи, кўнглимиз тўқ, эртанги нурафшон кунга ишончимиз қатъий, замонавий фан намояндаларига эътиқодимиз юксак бўлса-да, ҳар бир кунимиз ўзига хос маъюслик, кўнгли ғашлик билан ўтмоқда. Бунинг боиси, албатта, коронавирус пандемияси. Ҳар бир халқ унга қарши ўз характер хусусиятлари, феъл-атвори, турмуш тарзи ва анъаналари асосида курашамоқда. Миллий руҳ, миллий кайфият курашнинг асосий манбаи.

    Улуғ бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний айтганидек, одамларнинг характер хусусиятлари, тили, феъл-атвори у яшаётган макон табиати билан боғлиқ. Цивилизациялар турли ҳудудларда турли шаклда, масалан, Юнонистонда нафосат, Ҳиндистонда дин, Европада моддий техника, Марказий Осиёда - Мовароуннаҳр-Турон-Туркистон-Ўзбекистонда ахлоқ шаклида юзага келган.

    Лекин замонавий цивилизация бекаму кўст яшаш, кўнгил тусаганча умргузаронлик қилиш каби салбий ҳодисани турмуш тарзига айлантирди. Натижада ахлоқ кейинги ўринларда қолди. Атоқли давлат ва сиёсат арбоби, йирик сиёсатшунос Генри Киссенжер: “АҚШда одамлар тўқ ва фаровон яшашади. Лекин қалби бўм-бўш. Бефарқ. Шарқда одамлар нималаргадир эҳтиёж сезиб яшайди. Лекин уларнинг кўнгли тўқ, эртанги кунга қатъий ишончи бор. Умиди, мақсади бор. АҚШда оила деган тушунча шунчаки эркак ва аёлнинг умргузаронлиги. Шарқда эса муҳаббат бор, севги бор”, деган эди.

    Инсоният тараққиётининг асрлар синовидан ўтган қатъий қонуниятлари ва талаблари бор. Ҳар қандай тараққиётнинг асоси – ахлоқ. Ҳар қандай таназзулнинг асоси – ахлоқсизлик. Агар жамиятда одамлар ўз кайфиятига қараб яшайдиган бўлса, парокандалик юзага келади. Ҳар ким кўнгли истаганини қилади. Ахлоқий меъёрлар, маънавий чегаралар, инсон хатти-ҳаракатини тартибга солиб турадиган талаблар бузилган, унинг ўрнида чексиз эркинлик берилган жойда парокандалик юзага келаверади.

    Шарқда, хусусан, Марказий Осиёда ахлоқ шаклида юзага келган цивилизацияда эзгулик билан ёвузлик, яхшилик билан ёмонлик, муҳаббат билан нафрат туйғулари аёвсиз курашлар оқимида намоён бўлади.

    “Улар мурод-мақсадларига етишди”. Эртагу достонларимизнинг бу тахлит якуни аждодларимизнинг ҳар доим келажакка қатъий ишонч билан, юксак оптимистик руҳ билан яшаганига, уларнинг фикратлари қай даражада покиза, хаёлоти қай даражада гўзал, орзулари қай даражада нурафшон эканидан далолат. Миллат генофонди ана шу эзгу хаёллар ва покиза фикрат асосида шаклланган. Демак, биз миллат ирсий асосларини бир неча минг йилликлар қаърида кўришимиз мумкин.

    “Сувга тупурма, оловга густоҳлик қилма, ҳашаротларга, қушларга озор берма, гиёҳларни, майсаларни топтама” сингари кундалик маиший ахлоқ меъёрларидан тортиб инсон ва табиат, одам ва олам ҳақидаги тасаввурлар, оила, оталик, оналик бурчлари, мажбуриятлари, уларнинг ҳуқуқий асосларигача аждодларимиз мероси бўлмиш “Авесто”да илк бор баён этилади. Бу ҳақиқий ахлоққа суянган, меҳр-муҳаббатга таянган, одамларга мурувват, шафқат ва адолат нималигини тушунтириб, исбот қилиб беришдек буюк маънавий-маърифий ҳодиса эди. Халқимиз феъл-атворидаги хайр-эҳсон, ўзаро меҳр-оқибат ана шу даврдан бошлаб шаклланиб, ривожланиб борди.

    Ана шу тарзда ўзбек халқининг кўп минг йиллик тарихий тараққиёти унинг миллат сифатидаги феноменини шакллантирди. Мурувватлилик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, бир-бирини қадрлаш, кўнгил сўраш фазилатлари умуммиллий фазилатга айланди.

    Ҳеч қачон ўзбек халқи, ўзбекман деган инсон маҳалла-кўйда, дўст-биродарлар даврасида, меҳнат жамоасида бир-бирига бефарқ бўлмаган. Жамоавийлик, қувончу ташвишларни, севинчу изтиробларни бирга ўтказиш одатга айланди. Маҳаллада бир тўй бўлса, тўйга келолмаган касалларга, ночорларга, ногиронларга биринчи навбатда тўй таомларидан юборилади, кейин меҳмонларга. Кимнингдир бошига мусибат тушса, бутун маҳалла оёққа туради. Маҳалла тушунчаси ана шу тарзда ўзбек учун қадриятга айланган. Улкан ташкилий-тарбиявий мактаб мақомига эга бўлган.

    Эл бошига ташвиш тушган, халқимиз карантин режимини бошдан кечираётган шу диққинафас кунларда, айниқса, маҳалланинг ўрни ва роли яққол сезилмоқда. Айтиш мумкинки, у одамларнинг кундалик кайфиятига, руҳиятига озурда ва бироз оғриқли қалбига мадад бўлмоқда.

    Ўзбекистондаги барча маҳаллаларда ана шундай меҳр-мурувват ва саховат кўрсатиш асосий вазифага айланиб қолди. Бу ўзбек халқининг асрлар мобайнида шаклланган миллий характеридан, феъл-атворидан келиб чиққан ҳодиса, ноёб қадрият. Бутун мамлакатимизда кенг қанот ёяётган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ана шу қадриятларимиздан озуқа олмоқда.

    Бу миллат генофонди билан боғлиқ бўлган, унинг феноменини ташкил этадиган улкан қадрият. Ҳозирги жараён давлат билан жамият, Президент билан фуқаро мақсадларининг муштараклигидан, орзуларининг уйғунлигидан, буюк келажакка қатъий ишончнинг барқарорлигидан, қолаверса, жамиятда соғлом ва қудратли маънавий-руҳий вазият ҳукмрон эканидан далолат беради.

    Шоназар деган бир дўстим бўларди (Худо раҳмат қилсин). Тошкентда яшаб, вақти-вақтида она юртига, қишлоғига борганида, уйдагиларни зиёрат қилиб бўлгач, дарҳол ўтган муддат ичида бўлиб ўтган воқеаларни суриштирарди. Бозорга тушиб, ўнлаб тугун тайёрларди, вафот этганларнинг уйларига бирма-бир кириб чиқарди. Тўй қилганларни қутлаб, қувончларига қувонч тилар эди. Бу ўзбекона хайру саҳоват, бу ўзбекона меҳр-мурувват, бу ўзбекона қадру қиммат рамзи эди. Айтиш мумкинки, бутун Ўзбекистон ва ўзбеклар ана шундай маънавий-ахлоқий қиёфага эга. Бугун коронавирус пандемияси жараёнида бундай миллий ахлоқ, миллий тарбия ўз қудратини кўрсатмоқда. Хорижий кузатувчилар Ўзбекистонга, пандемия жараёнида жуда катта тарбия, одоб ва ахлоқ намунасини кўрсатаётган халқимизга ҳурмат ва ҳавас билан қарашмоқда.

    Албатта, иллатларимиз ҳам йўқ эмас. Инсон мутлақ идеал бўлмагани каби жамият ҳам мутлақ идеал бўлолмайди. Халқ деганда унинг бутун фазилатию нуқсонлари билан бирга яхлит ҳолда тушунамиз. Орамизда карантин режими қоидаларини бузаётганлар, жиноятчилар, порахўрлар бор. Бироқ улар жуда озчиликни ташкил этади. Борлари ҳам пандемия жараёнида ўзларини йиғиб олишмоқда, қонидаги миллий ахлоқ, одоб, инсоф, диёнат, эзгулик ва мурувват иммунитетлари жонлана бошлади. Пандемия уларни тарияламоқда. Бошқача қилиб айтганда, коронавирус пандемияси Ўзбекистонда ахлоқий-маънавий пандемияга айланиб бормоқда.

    Шундай қилиб, юксак ахлоқийлик ва маънавий баркамоллик халқимизнинг сувратию сийратига, зоҳирию ботинига, шаклию мазмунига сингиб кетган. Бу миллий маърифатдан, юксак маданиятдан, қалб зиёсидан далолат беради. Зотан, жаҳон маданиятининг буюк намояндаси Чингиз Айтматов таъкидлаганидек, рус маданиятининг тараққиётига Византиянинг таъсири қанчалик катта бўлган бўлса, Марказий Осий халқдари маданиятининг ривожланишига ўзбекларнинг ҳиссаси шунчалик буюк бўлган. Бу жараён, хусусан, ҳозирги пандемия даврида ўзининг қудратини яна бир бор намоён этмоқда.

    Донишмандларнинг хулосаларига кўра, тўрт фасли мукаммал, қуёш нури беғубор, ҳавоси тоза, ери саҳоватли бўлган маконда туғилган инсон баркамол бўлиб етишар экан. Буни қарангки, худди ана шундай ноёб имконият бизга, ўзбекларга насиб этган. Ўзбекистон ана шундай жаннатмакон юрт.

    Мактабда ўқиб юрган пайтларим ўқитувчиларимиз “Серқуёш Ўзбекистон”, “Қуёшли юрт” деган ибораларни кўп такрорлашарди. Мен тушунмас эдим. “Оламда қуёш битта бўлса, Ер унинг атрофида айланиб турса, сайёрамизда унинг нури етиб бормаган жой қолмаган бўлса, демак, ҳамма жойда ҳам қуёш бор-да”, деган фикрда юрардим. Ёшим улғайиб, дунё кезганимда тасаввурим бутунлай ўзгарди. Финляндияда қуёш ойга ўхшаб кўринади. Ҳидистонда офтоб улкан ёритгич, иссиқлик бериб турадиган манбага ўхшайди. Ҳаво ифлослигиданми, нурнинг нурлигини пайқаш қийин. Фасл деган нарса йўқ. Минг хил дарахтлар қишин-ёзин кўм-кўк туради, барги тўкилмайди. Одамлар баҳор, куз деганини тушунишмайди. Америкада қуёшнинг иссиқлиги ва ёруғи бор холос, нурнинг жозибаси йўқ. Арабларда жазирама, совуткичи йўқ жойда нафас олиш қийин. Ана шуларни ўйлаганда, ўзбек бўлиб, Ўзбекистонда туғилганингдан шукроналар айтасан киши. Тўрт фасли мукаммал, қуёш нури тиниқ, ҳавоси роҳатижон, сувлари жонбахш, тупроғи зар маконни топиш қийин. Қуёши ҳам, Ери ҳам саховатли. Саховатга саховат билан жавоб бериш эса эрнинг ҳам, элнинг ҳам удуми. Коронавирус пандемияси бизнинг ана шу муқаддас фазилатларимизни синовдан ўтказмоқда. Уни енгиш халқимизга хос иродани, қатъиятни, юксак ахлоқ, етук тарбия ва бағрикенгликни тақозо этмоқда. Ўзбек феномени ана шу жараёнда ўзини дунёга кўз-кўз этмоқда.

    Нарзулла ЖЎРАЕВ,

    ЎзДЖТУ профессори,

    сиёсий фанлар доктори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates