Аёллар саломатлиги — миллат келажаги: тухумдон кисталарига қарши илмий ечимлар

    Бугунги кунда репродуктив соғлиқ нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо сифатида ҳам жуда катта аҳамият касб этмоқда. Соғлом авлод, баркамол оила ва фаровон жамият тушунчалари аёлларнинг жисмоний ҳамда биологик соғлиғи билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан тухумдон кисталарини барвақт аниқлаш, таҳлил қилиш ва самарали даволаш масалалари — наинки шифокорлар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам долзарблигича қолмоқда.

    Афсуски, кисталар кўп ҳолларда айнан репродуктив ёшдаги аёлларда учрайди ва уларнинг саломатлиги орқали келажак авлоднинг соғлом бўлишига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли ёш олимларимизнинг ушбу мавзудаги илмий тадқиқотлари нафақат назарий, балки амалиёт жиҳатидан ҳам муҳим ижтимоий аҳамият касб этади.

    Мазкур мақола муаллифлари «Тухумдон кистасининг кимёвий таркиби» мавзусида олиб борган илмий изланишлар натижаларини кенг жамоат эътиборига ҳавола қилишни мақсад қилдилар.

    Касалликка таҳлил: кисталар нимаси билан хавфли?

    Тухумдон кисталари — тухумдон тўқимасида ҳосил бўладиган суюқликка тўлган капсуласимон ўсмалардир. Улар кўп ҳолларда оғриқсиз кечади, шу боис аёллар уларни узоқ муддат сезмаслиги мумкин. Бироқ вақт ўтиши билан бу ўсмалар катталашиб, атрофдаги аъзоларни сиқиб қўяди, гормонал дисбаланс юзага келтиради, баъзи ҳолларда эса хавфли ўсмаларга айланиши эҳтимоли туғилади.

    Ёш тадқиқотчилар изланишлари шуни кўрсатмоқдаки, кисталар турлича табиатга эга бўлиши мумкин: функционал, эндометриоид, дермоид ва бошқалар. Улар ҳар хил биокимёвий таркиб ва патогенезга эга бўлиб, уларни тўғри аниқлаш ва табиатига қараб индивидуал ёндашиш керак бўлади.

    Илмий таҳлил: кимёвий таркиб — ташхис учун калит

    Муаллифлар тадқиқот доирасида киста суюқлигининг таркибий элементларини — оқсиллар, липидлар, углеводлар, гормонлар ва бошқа биологик фаол моддаларни ўрганди. Хусусан, эстроген ва прогестерон каби гормонлар концентрациясининг юқори бўлиши кистанинг гормонал манбасини ва унинг ўсиш фаоллигини кўрсатади.

    Бу каби таҳлиллар орқали ташхисни аниқлаш, индивидуал терапевтик режаларни белгилаш ва профилактика ишларини самарали ташкил этиш имкони яратилади. Изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир киста — унинг морфологияси ва кимёвий таркибига қараб, алоҳида ёндашув талаб қилади.

    Муаллифларнинг таъкидлашича:

    — Биз ўз тадқиқотларимизда киста суюқлигининг таркибини чуқур таҳлил қилар эканмиз, ташхис қўйишда янги ва аниқ усулларни ишлаб чиқиш имконини кўрдик. Бундай ёндашув нафақат ташхисни осонлаштиради, балки аёллар ҳаётини сақлаб қолишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Репродуктивлик — келажак кафолати

    Тухумдон кисталари энг кўп ҳолларда 18–40 ёшдаги, яъни репродуктив ёшдаги аёллар орасида учрайди. Бу эса уларнинг она бўлиш қобилиятига бевосита таҳдид солади. Кисталар овуляцияни бузади, тухумдон тўқимасининг зарарланишига олиб келади, баъзан эса унинг фаолиятини тўхтатади.

    Шу сабабли, ушбу муаммога ёндашув фақат даволашдан иборат бўлмаслиги, балки унинг олдини олиш ва барвақт скрининг орқали аниқлаш тизимини шакллантириш зарур.

    Таклифлар: тизимли ёндашув зарур

    1. Скрининг дастурларини жорий этиш – Ҳар бир аёл камида йилига бир марта УЗИдан ўтиши зарур. Бу оддий, арзон ва самарали усул кисталарни барвақт аниқлаш имконини беради.
    2. Гормонал мониторинг – Репродуктив ёшдаги аёллар учун гормонал балансни кузатиш тизимини ташкил этиш.
    3. Ёшларни тиббий саводхонликка ўргатиш – Мактаб ва олий таълим муассасаларида репродуктив соғлиқ бўйича мажбурий дарслар жорий этилиши лозим.
    4. Биомаркерлар асосида тест тизимлари яратиш – Киста суюқлигидаги махсус кимёвий моддаларни аниқлайдиган тезкор, самарали ташхис тизимларини ишлаб чиқиш имконияти мавжуд.

    Илм — ҳаётга хизмат қилсин

    Мазкур тадқиқотлар тўлиқ лаборатория таҳлиллари, клиник кузатувлар ва биокимёвий экспертизалар асосида амалга оширилди. Олинган натижалар келгусида диагностика, профилактика ва индивидуал терапияни такомиллаштиришда кенг қўлланилиши мумкин.

    Ёш олимлар сифатида биз илм орқали жамият муаммоларига ечим топишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Тухумдон кисталарининг кимёвий таркибини чуқур ўрганиш — бу тиббиётдаги жиддий муаммони ечиш сари ташланган илмий қадамдир. Биз ишонамизки, тадқиқотларимиз келгусида диагностика ва даволаш методларини такомиллаштиришга хизмат қилади.


    Тадқиқотларимиз натижалари шундан далолат бермоқдаки, ҳар бир аёл ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши, даврий текширувлардан ўтиши, тўғри овқатланиш ва ҳаёт тарзига амал қилиши орқали кўплаб хавфли касалликларнинг олдини олиши мумкин. Аёллар саломатлиги — нафақат оила, балки бутун миллат келажагининг кафолатидир. Аёл соғлом бўлсагина миллат соғлом бўлади.

    Биз тадқиқотларимизни давом эттирамиз. Чунки ҳар бир илмий қадам — инсон саломатлигига қаратилган эзгу саъй-ҳаракат бўлса, унинг самараси ҳам, фойдаси ҳам беқиёс бўлади. Зеро шундай экан биз эгалланаётган билимимиз ва орттираётган тажрибаларимизни шу эзгу мақсад йўлида сарфламоқчимиз.


    Юсупходжаева Ҳуршида, Исламова Зулфияхон