Аёллари шодон юртда бахтли авлод улғаяр

    Дунёда меҳнат муносабатларида иштирок этаётган 40 фоиз аёл турли сабабларга кўра ижтимоий ҳимояга эга эмас.

    Жорий йил февраль-апрель ойларида “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти томонидан хотин-қизларнинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ва йўналишлари мавзусида республикамизнинг олтита ҳудудида 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасида социологик тадқиқот ўтказилган эди. Тадқиқот натижаси кўрсатдики, юртимиз хотин-қизларининг 85 фоизи ўзини кўтаринки кайфиятда ва бахтли ҳисоблайди.

    Бугунги мураккаб ва синовли даврда опа-сингилларимизнинг руҳиятида шундай ижобий туйғулар ҳукмронлиги – жуда катта ютуғимиз. Зеро, аёл қачон бахтли бўлади, қачонки, оиласи тинч, фаровон, яқинлари ва ўзи соғ-саломат, дастурхони тўкин бўлса. Аёлнинг кайфияти қачон кўтаринки бўлади, қачонки, бугунидан мамнун, эртасига ишончи юксак бўлса. Демак, бугун юртимизда ана шундай ижтимоий-иқтисодий муҳит барпо этилдики, бу бутун халқимиз, жумладан, жамиятнинг нозик хилқати – опа-сингилларимиз ҳаётида ўз самарасини намоён этмоқда.

    Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш, жамиятда фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бунинг натижасида бугунги кунда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 47 фоизга, тадбиркорликда 37 фоизга етди.

    Хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхши­лашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда ўтган йили 872 мингдан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъ­минлангани, 250 мингдан зиёди меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳу­нар ва тадбиркорликка ўқитилгани муҳим омил бўлди. Ўтган йили 14 мингга яқин аёлнинг уй-жой шароити яхшиланди. “Аёллар дафтари” доирасида салкам 642 минг хотин-қизга амалий ёрдам кўр­сатилди.

    Бандлик дастури: глобал муаммолар ва миллий ечимлар

    Ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши даражаси аҳоли бандлиги билан ўлчанади. Бу жараёнда аёллар бандлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Аммо бу кўрсаткич бўйича дунёдаги ижтимоий ҳолатни яхши, деб бўлмайди. Яъни дунёда меҳнат муносабатларида иштирок этаётган 40 фоиз аёл турли сабабларга кўра ижтимоий ҳимояга эга эмас. Бу глобал муаммонинг ечимини топиш жаҳон ҳамжамияти олдидаги долзарб вазифадир.

    Дунёда нафақат хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, балки барча соҳаларда гендер тенгликка эришиш, меҳнат бозорида камситишларга барҳам бериш ва иш ҳақи тенглигини таъминлаш каби масалалар долзарблашиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда уларнинг янги касбларни ўрганиш имконияти кенгаймоқда. Ҳозир опа-сингилларимизнинг нафақат анъанавий, балки замонавий йўналишларда, яъни мобил телефон, интернет, видеоқўлланмалар орқали мустақил таълим олиш, ҳунар ўрганиш кўрсаткичи ҳам ошиб бормоқда. Бу йўналишда аёлларимизнинг замонавий интеллектуал меҳнатга асосланган касбларга, масалан, реклама бўйича мутахассис, инфобизнес, электрон тижорат каби соҳаларни ўрганишга қизиқиши юқори.

    Албатта, бу натижалар кишини қувонтиради. Зеро, мамлакатимиз меҳнат ресурсларининг 45 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келишини назарда тутсак, ижтимоий масалаларнинг аксарияти улар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, юртимизда фаол тадбиркорликни рағбатлантириш, инвестициявий иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали янги иш ўринлари яратишга қаратилган изчил чора-тадбирларнинг самараси беқиёс.

    Бу борада “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолияти йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Бу ўқув марказларида битирувчиларнинг касбий малакасини “WorldSkills” стандартлари асосида баҳолаш, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга “Skills” паспортини бериш амалиёти йўлга қўйилган. Республикамизда ҳар йили аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланадиган дастурларни амалга ошириш, бўш ва квоталанадиган иш ўринларига ишга жойлаштириш механизмини такомиллаштириш, ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Аёллар дафтари” бўйича ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида аниқ мақсадли режа асосида ишланяпти. Маҳаллада аёллар муаммоларини ҳал этишга кўмаклашадиган хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди.

    Президентнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида аёллар ишсизлиги даражасини икки баробар камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси белгиланган. Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўқитиш кўламини икки баробар ошириш, бир миллион ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўргатиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасалари иштирокини 30 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2023 йилда 5 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш, 2 миллион доимий иш ўрни яратиш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Бу чора-тадбирларни ўз вақтида ижро этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

    Ишсиз аёлларнинг учдан бир қисми ҳеч қаерга мурожаат қилмаган

    Шу ўринда юртимизда аёллар бандлигшини таъминлаш бўйича барча шароитлар яратилаётганига қарамай, нега барча аёллар бу имкониятдан фойдаланишга интилмаяпти, деган савол туғилиши табиий. Буни барча хотин-қизларда ҳам меҳнатга муносабат аниқ шаклланмагани, юқори профессионал малакали мутахассис хотин-қизлар камлиги, аёлларнинг ижтимоий фойдали меҳнатга нисбатан муносабатидаги стреотиплар ҳануз сақланиб келаётгани билан изоҳлаш тўғрироқ бўлади. “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти ана шундай муаммоларга ечим топиш, ишсиз аёллар бандлигини таъминлашнинг янги ижтимоий-иқтисодий механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида қатор маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизлар, шунингдек, экспертлар ўртасида сўров ўтказди. Сўров натижаларидан маълум бўлишича, ишсиз аёлларнинг учдан бир қисми мутасадди ташкилотларга мурожаат қилмаган.

    Шунингдек, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари таҳлилида кўрсатилишича, Ўзбекистон хотин-қизларининг иқтисодий фаоллиги пастлиги, аввало, уларнинг уй-рўзғор ишлари ва бола парвариши билан тўлиқ банд экани билан боғлиқ. Ўзбекистон аёллари вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди. Бу иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат ҳисобланади. Эркаклар эса вақтининг тўққиз фоизини уй юмушларига ажратади. Халқаро меҳнат ташкилоти умумий мувозанатни таъминлаш учун гендер омилларни ҳисобга олган ҳолда давлат стратегиясига эҳтиёж борлигини таъкидлайди. Aйниқса, аёллар учун муҳим иш генераторлари бўлган соғлиқни сақлаш, ижтимоий иш ва таълим соҳаларига инвестиция қилиш жуда муҳимдир.

    Жаҳондаги илғор тажрибалар

    Ишчи кучи, жумладан, аёл ишчи кучидан самарали фойдаланиш замонавий ривожланишнинг муҳим шартидир. Зеро, ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнида аёллар фаоллиги ортиши оила учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали. Буни қатор халқаро таҳлил марказлари хулосаси ҳам тасдиқлайди. Масалан, “Boston consulting group” таҳлилчилари фикрича, аёлларни тадбиркорликка эркаклар билан тенг равишда жалб қилиш орқали жаҳон ялпи ички маҳсулотини тахминан 3-6 фоиз, жаҳон иқтисодиётига кираётган тушумларни эса 2,5 триллион доллардан 5 триллион долларгача ошириш мумкин. Шу боис, тараққий этган давлатларда барча соҳаларда аёллар фаоллигини оширишга устувор аҳамият берилади. Хусусан, хотин-қизларнинг таълим олиши, замонавий касбларга ўқитишда зарур шарт-шароитларни яратиш, тадбиркорлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича хорижий тажрибада қўлланиладиган чора-тадбирлар доираси анча кенг.

    Масалан, Германияда фан ва таълим соҳаларида ваучер усули кенг қўлланилади. Ташкилотлар ҳар йили 20 га яқин ваучер олиши мумкин, бу эса ходимларни, жумладан, аёлларни ўқитиш харажатларининг 50 фоизини қоплайди. 2016 йилда аёллар томонидан ташкил этилган йирик ҳажмдаги “start up” лойиҳалар натижасида Вьетнам, Мексика, Индонезия ва Филиппинда аёллар гендер тафовути бартараф этилган. Бошқа кўпгина мамлакатларда гендер тафовут аста-секин йўқ бўлиб бормоқда. Хусусан, Туркия, Жанубий Корея ва Словакияда аёлларнинг тадбиркорликдаги улуши сезиларли даражада ортиб бормоқда. АҚШда аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш учун махсус банк ташкил этилган. Канада ҳукумати тадбиркор аёлларга эътибор қаратиб, ўз иқтисодиётини жонлантириш мақсадида аёллар тадбиркорлиги стратегиясини (Women Entrepreneurship Strategy – WES) ишлаб чиққан.

    Бу йўналишда мамлакатимизда ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Туманлар кесимида бандлик дастурлари ишлаб чиқилиб, уни иқтисодиётнинг барча йўналишларидаги дастурлар билан узвий боғлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни маҳалладан туриб амалга ошириш, 100 дан ортиқ ижтимоий хизматни бевосита маҳалланинг ўзида йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Маҳаллабай ишлаш орқали ҳар бир ҳудуднинг салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, янги иш жойларини яратишга эътибор кучайтириляпти.

    Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам бу борада муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 75 минг ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш режалаштирилган. Ҳозиргача улардан 31,2 минг нафари ўқиб, тегишли касб малакасига эга бўлди.

    Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқитилган, малакага эга бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиши учун улар фаолиятига субсидия ва имтиёзли кредитларни жалб этиш кўзда тутилган. Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлайдиган тадбиркорлик субъектлари учун 50 миллион сўм миқдорида грант лойиҳалар амалга ошириляпти. Бундай муҳим лойиҳалар аёллар бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.

    Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари хотин-қизларнинг олий таълим олиш, илм-фан билан шуғулланиш имкониятини ҳам кенгайтирмоқда. Бу борада 2020 йилдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила қизларига олий таълимга ўқишга кириш учун 4 фоиз квота жорий этилди. 2022-2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин- қизларнинг таълим контрактини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари бериладиган бўлди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди. Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби ўрнатилди.

    Жорий йил халқимиз ҳаётида муҳим янгиланишлар рўй бермоқда. Хусусан, 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Унда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ муҳим қоидалар ўз аксини топди. Жумладан, Конституциямизда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланди. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабаларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва иш ҳақини камайтириш тақиқланди.

    Аёлларнинг нафақат жамиятдаги нуфузини ошириш, балки қийин ижтимоий шароитга тушиб қолган, ногиронлиги бор, уй-жойга муҳтож, боқувчисини йўқотган, фарзанд тарбияси ҳамда иқтисодий таъминот зиммасида бўлган хотин-қизларга демократик-ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатда бахтли ҳаёт кечириш имконияти кафолатланди.

    Гендер тенглик принципларини Конституцияда белгилаш давлат томонидан аёлларга бўлган алоҳида эътиборни кўрсатиш билан бирга, уларнинг давлат ва ижтимоий ҳаётдаги ролини ошириб, ўз имкониятларини намоён этишига хизмат қилади. Жамиятимизда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотлар самарасида хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки янада кучаяди. Хусусан, 2030 йилга қадар бошқарув лавозимларида ишловчи хотин-қизлар улуши камида 30 фоизга етишига эришилади.

    Буларнинг барчаси оила ва жамият таянчи бўлган опа-сингилларимизнинг ҳаётдан рози бўлишига эришиш ва эртанги кунда ишончини кучайтиришга замин яратиши табиий. Аёллари шодумон мамлакатда эса эртанги кунга ишонч мустаҳкам бўлади, бахтиёр она бағрида бахти тўкис фарзандлар камолга етади. Ишончимиз комилки, бахтиёр авлод эртамизнинг муносиб давомчиси бўлади, эзгу ниятларимизни рўёбга чиқарувчи етакчи куч бўлиб майдонга чиқади.

    Нодира Эгамбердиева,

    “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти директори,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates