Айрим қурилиш техникалари божхона тўловларидан озод этилади

    Урбанизация 20 май 2020 3166

    “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4718-сон, 19.05.2020 й.) қабул қилинди.

    Қарорга мувофиқ, қуйидагилар божхона тўловларидан (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади:

    ▪️2021 йил 1 январгача бўлган муддатда импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари (27 турдаги);

    ▪️2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда кўп қаватли монолит уй-жойлар қуриш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмлари.

    Божхона тўловларини тўловчилар 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.