Божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, амалдаги тартибларга кўра, ҳаво йўли орқали кириб келаётган фуқаролар шахсий эҳтиёжлари учун 2 донагача мобил қурилмани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда олиб киришлари мумкин.
Шу билан бирга, товарлар шахсий эҳтиёж учун белгиланган божсиз олиб кириш меъёрларига мувофиқ бўлиши лозим. Ҳозирги кунда бу меъёр ҳаво йўли орқали кириб келишда 1000 АҚШ долларига тенг.
Дунёнинг турли шаҳарларидан қайтаётган ва бир хил турдаги товарларни олиб келаётган йўловчилар кўп ҳолларда божхона қийматининг турличалиги юзасидан саволлар бермоқда.
Иқтисодий нуқтаи назардан, бир хил товарнинг турли ҳудудларда ҳар хил нархда бўлиши табиий ҳол бўлиб, бу ҳолат божхона қийматининг ҳам фарқ қилишини белгилайди.
Шу боис йўловчилар билан мулоқот жараёнида улар томонидан олиб келинаётган мобил қурилмаларнинг харид чеклари тақдим этилганда, божхона қиймати ушбу чекларда кўрсатилган жами нарх асосида белгиланиши тушунтирилди.
Бугун Божхона қўмитасининг Тўловлар бошқармаси бошлиғи А.Муқимов Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бошқармаси ҳамда “Тошкент–AERO” ИБК раҳбарияти ҳамроҳлигида пойтахтимиз аэропортида бўлиб, ҳаво йўллари орқали кириб келаётган жисмоний шахсларга тегишли мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини жойига чиқиб ўрганди.
Ўрганишлар якунида масъуллар Божхона қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали айрим турдаги мобил қурилмаларнинг божхона қиймати ҳақидаги маълумотларни турли давлатлар кесимида мунтазам эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш таклифини илгари суришди.
Ўз навбатида, мазкур таклиф Божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди.








