Айрим хонадонларда электр энергиясининг суткалик истеъмоли 1000 киловатт-соатгачага етган — Энергетика вазирлиги

    Энергетика 26 июл 2022 739

    Ўтган ҳафта давомида аномал иссиқ ҳаво ҳарорати сабабли табиий равишда электр энергиясига бўлган талаб энг юқори истеъмолни ташкил қилди.

    Энергетика вазирлиги вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, республика бўйича ўтган ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг энг юқори, суткасида 224 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йилнинг 22 июль куни энг юқори истеъмол қайд этилиб, 237 миллион киловатт-соат ёки 6 фоизга кўпни ташкил қилди.

    Хусусан, Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, одатда куз-қиш мавсумида юқори бўладиган истеъмолдан ҳам ортди. Яъни, ўтган 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳрида энг юқори истеъмол 24 миллион киловатт-соатни ташкил қилган бўлса, жорий йил 22 июль санаси бу кўрсаткич 27,5 миллион киловатт-соат ёки 15 фоизга кўпни ташкил этди.

    Истеъмолнинг бундай ошишига, албатта, янги биноларнинг қурилиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши билан бир қаторда айрим хонадонларда электр энергиясининг суткалик истеъмоли 1000 киловатт-соатгачага етганлиги ёки ушбу хонадонлар ўртача хонадоннинг 4-5 ойлик электр энергияси истеъмолини бир кунда истеъмол қилиши сабаб бўлган.

    Энергетика вазирлиги ҳаво ҳароратининг иссиқ кунларида электр қурилмаларида юкламанинг ортиб кетиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган йирик носозликларни олдини олиш ва электр энергияси етказиб берилишининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, истеъмолчилардан имкон қадар ушбу ресурсдан тежамкорлик билан фойдаланишларини эслатиб ўтади.