Азиз Абдуҳакимов “Ипак йўли” ХТУ талабалари ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди

    Таълим 20 октябр 2020 20520

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва “Ипак йўли” халқаро туризм университети (ХТУ) ректори Азиз Абдуҳакимовнинг талабалар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди:

    “Ушбу мурожаатим университетимизга қабул қилинган омадли талабалар ва уларни тарбиялаган ота-оналарига қаратилган. Омадли дейишимга сабаб, бу йилги қабул имтиҳонларга бир жой учун 110 нафар абитуриент кураш олиб борди.

    Буюк Ипак йўлининг асосий чорраҳаси, қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида жойлашган университет Сиз учун туризм дунёси эшикларини кенг очиб беради. Шу кунларда университетимиз янги биносининг очилиши 2 катта муҳим тарихий сана билан боғлиқ.

    Биринчиси, бундан икки йил аввал (2018 йил июнь ойида) Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ипак йўли” халқаро туризм университетини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эдилар.

    Бу ташаббус ортидан ташкил этилган халқаро олийгоҳимиз бугун ўзининг янги кампусига эга бўлди ва бу иккинчиси катта тарихий сана билан боғлиқ. Чунки бундан роппа-роса 600 йил аввал, 1420 йилда шоҳ ва олим, бобокалонимиз Мирзо Улуғбек томонидан Регистон майдонидаги илк мадраса очилган эди ва ўз даври учун маърифий Ренессансни бошланишига сабабчи бўлди.

    Бугун эса университетимиз сизни Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги уйғониш даври фаоллари бўлишга таклиф этамиз. Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра, халқаро туризм соҳасида Марказий Осиё минтақаси энг катта ўсиш динамикасига эга ҳудуд сифатида тан олинди – 2019 йилда минтақа 15 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ қабул қилди.

    Буюк Ипак йўли мамлакатларига келган туристлар сони эса ярим миллиарддан ошди. Бу кўрсатгичлар туризм соҳасидаги ёш мутахассисларга бўлган талабни оширибгина қолмай, уларнинг даромадини ҳам белгилаб беради.

    Университетимиз соҳадаги малакали ва моҳир профессорлар жамоасига эга. Сўнгги ахборот технологиялари ва инновация ютуқларидан фойдаланиб, соҳадаги янги авлод мутахассисларини тайёрлашга бел боғлаган.

    Хорижий ҳамкор университетлар географияси ҳам кундан кунга кенгайиб бормоқда ва бу талабаларимиз учун double degree ва хорижда амалиёт ўташга ёрдам беради. Университет кампуси туризм талабалари учун ўқиш, амалиёт ва ҳордиқ чиқариш учун қулай манзилда жойлашган. Бир тарафда – “Талабалар хиёбони – Бульвар”, бошқа тарафда – “Туризм кўчаси”, бошқа тарафда эса – тарихий обидалар ва юлдузли меҳмонхоналар жой олган. Қўшни вилоят ёки республикалардан ташриф буюрган талабалар янги ташкил этилаётган меҳмон уйларида қолиб, маҳаллий меҳмондўстликдан баҳраманд бўлишлари мумкин.

    Талабалар ўқиш жараёни қизиқ ва мазмунли ўтказиши учун – мунтазам равишда турли соҳа экспертларини таклиф этиб борамиз. Экспертлар ўз касби сирлари бўйича маҳорат дарслари, лекциялар ташкил этишади. Азиз талабалар, сизларни Ипак йўлининг минг йиллик туризм маркази бўлган Самарқандда, олийгоҳимизда кутиб қоламиз!”

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates