Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 30 август 2020 8736

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Республикада балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, балиқчилик ва балиқ овлаш хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада ер ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда интенсив технологияларнинг кенг жорий этилишини таъминлаш мақсадида:

    1. Белгилансинки:

    2020 йилдан бошлаб сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ сув объектидан олинган ва қайтариб чиқарилган сув ҳажми ўртасидаги фарқидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкаларда ҳисобланади;

    коллектор-дренаж сувларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;

    балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш учун фойдаланилган сувнинг ҳажми ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмдан келиб чиққан ҳолда Сув хўжалиги вазирлиги таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан аниқланади;

    балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан фойдаланилган сувнинг ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базаси белгиланган сувни истеъмол қилиш нормативларининг 50 фоизи миқдорида белгиланади;

    Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили сув лимитлари белгиланаётганда балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларининг рўйхати шакллантирилади ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг веб-сайтида жойлаштириб борилади;

    балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларидаги сувлардан коллектор-дренаж тармоқларининг лойиҳавий параметрларига риоя қилган ҳолда фойдаланади.

    2. Сув хўжалиги вазирлиги:

    фойдаланиш мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқлари, ундаги сувларнинг шўрланиш даражаси ва сифати доимий назорат қилиниши ҳамда бу тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида кўрсатиб борилишини;

    сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари учун сув олиш лимитлари манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги, шунингдек, балиқчилик хўжаликларининг сув истеъмоли режаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланишини;

    сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари, сув етказиб берувчи тегишли ташкилотлар ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда ҳар йили 15 январдан кечикмаган муддатда белгиланган тартибда уч томонлама шартнома тузилишини таъминласин.

    3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси
    ва вилоятлар ҳокимлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда коллектор-дренаж тармоқлари атрофида санитария-муҳофаза зоналарига риоя этган ҳолда 2021 йилга мўлжалланган балиқчилик лойиҳаларини шакллантирсин ва уларнинг амалга оширилишини таъминласин.

    4. Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари ўз ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг сув истеъмоли режаларини ишлаб чиқишда сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликларининг сувга бўлган талабини манбалар кесимида (дарё, канал, коллектор-дренаж тармоқлари, сой, булоқ ва бошқалар) ҳисобга олинишини таъминласин.

    5. Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда:

    уч ой муддатда сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш учун талаб этиладиган сув ҳажми меъёрларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

    2021-2022 йилларда сув танқислиги шароитида дарё ва каналлардан сув оладиган балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларида босқичма-босқич янги ресурс тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланиш амалиётини жорий этсин.

    6. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг Тошкент вилоятида табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг гидробиологик ва гидрокимёвий таркибини, омухта ем сифатини таҳлил қилиш ҳамда балиқ касалликларига ташхис қўйиш лабораториясини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    Бунда:

    кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларда замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш учун хорижий стажировкаларни ташкил этиш;

    лабораторияларни бутлаш учун ускуналар, бутловчи қисмлар, реагент ва реактивларнинг рўйхатга мувофиқ харидларини амалга ошириш;

    балиқчилик соҳасида ўтказилган илмий-тадқиқот ишларини хатловдан ўтказиш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш;

    лабораторияларни ташкил этиш, сақлаш ва ходимларга иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар назарда тутилсин.

    7. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси табиий сув захиралари ихтиофаунаси ва сув биоресурсларининг ягона маълумотлар банкини (кейинги ўринларда – маълумотлар банки) ташкил этсин.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг маълумотлар банкидан фойдаланиш бўйича эҳтиёжларига мувофиқ молиялаштириладиган илмий лойиҳалар танловининг ўтказилишини таъминласин.

    8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, инновацион ахборот-ресурс хоналари, балиқчиликда селекция ва наслчилик, балиқларнинг табиий ва сунъий озуқа сифатини таҳлил қилишга ихтисослашган лабораторияларни барпо этиш лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

    9. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва “Ипотека банк” АТИБнинг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

    йирик балиқчилик кластерларида балиқларни инкубация қилиш, ёпиқ сув айланма тизимида, қафаслар, бетон бассейнлар ва тупроқ ҳавзаларида интенсив усулда балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштириш бўйича балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш мақсадида пуллик асосда ўқув курслари ташкил этиш;

    балиқчиликка ўқитиш бўйича таянч аудиториялар, кўргазмали балиқхоналар ташкил этиш, шартнома асосида ушбу йўналишдаги кластерлар, фермер хўжаликлари ходимлари, шунингдек, интенсив усулда балиқ етиштираётган аҳолини ўқитишни йўлга қўйиш.

    Белгилансинки, аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун дастурлар доирасида ажратиладиган кредитлар устувор равишда балиқчиликка ўқитиш бўйича курсларнинг тегишли сертификатига эга бўлган фуқароларга ажратилади.

    10. “Ипотека-банк” АТИБнинг “Ипотека Сармояси” МЧЖ устав фондидаги улуши “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига ўтказилганлиги ҳамда ушбу жамият томонидан қуйидаги вазифалар амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин:

    балиқчилик соҳасида лойиҳавий молиялаштиришни амалга ошириш, шунингдек, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мавжуд лойиҳалар (хўжаликлар)нинг самарадорлигини ошириш, уларни молиялаштириш, лизинг хизматларини кўрсатиш, зарур ҳолларда, лойиҳа-смета ҳужжатларини, техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда хорижий экспертларни жалб қилиш;

    интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр ва ярим тайёр балиқ маҳсулотларини ва жаҳон андозалари асосида оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш;

    балиқ чавоқларини етиштириш ва кўпайтириш бўйича замонавий наслчилик корхоналарини ташкил этиш.

    11. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Чиноз деҳқон бозори” МЧЖнинг “Янги Чиноз балиқ бозори” филиали бино-иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга (кейинги ўринларда – объект), кейинчалик унинг негизида балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдосини ташкиллаштиришга мўлжалланган замонавий савдо комплексини ташкил этиш учун “Чиноз деҳқон бозори” МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улушини (унга мос келадиган соф активлари қийматини объектнинг баланс (қолдиқ) қиймати миқдорида) камайтириш ҳисобига Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги:

    йигирма кун муддатда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда объектнинг топшириш-қабул қилинишини;

    бир ой муддатда объект негизида санитария-эпидемиология талабларига жавоб берадиган балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдосини ташкил этиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни сақлаш учун музлаткич ускуналарини қуриш бўйича минимал инвестиция мажбуриятларини, шу жумладан, яратиладиган иш ўринлари сони юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун ҳудудий танлов комиссиясига киритилишини;

    икки ой муддатда объектнинг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари билан оммавий савдоларга бозор қиймати бўйича сотишга жойлаштирилишини таъминласин. Бунда, объект оммавий савдоларда қўйилган кундан бошлаб уч ой мобайнида сотилмаган тақдирда тўловларни 5 йилгача муддатга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан бозор қиймати бўйича сотилиши назарда тутилсин.

    12. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси балиқчиликка ихтисослашган туманларда 10 тадан аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўрсин.

    Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда хорижий тажриба ва ресурс тежовчи инновацион технологиялар жорий этилишини назарда тутган ҳолда аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш учун қўлланма (балиқ тури, сифати, етиштириш схемаси, ресурс тежовчи технологиялар) ишлаб чиқсин.

    13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари, ҳудудий “Чорванасл” марказлари ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси:

    бир ой муддатда сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳудудлардаги аҳоли ўртасида интенсив усулда балиқ етиштиришнинг афзалликлари ҳамда самарадорликлари хусусида тарғибот ва ташвиқот ишларини ҳамда ўқув семинарларини ташкил қилиш юзасидан “Иш режа” ишлаб чиқсин;

    аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш истагини билдирган талабгорлар рўйхатини шакллантириб, уларга тижорат банклари орқали кредит маблағлари олишда амалий ёрдам кўрсатсин;

    балиқ етиштиришни таъминлаш борасида зарур тадбирларни ўз муддатида амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни белгиласин.

    Сув хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлиги аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштирувчи ташаббускорларга сув ва электр энергиясининг узлуксиз етиб боришини таъминласин.

    14. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш натижалари юзасидан асослантирилган таклифларни 2021 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.

    16. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида:

    а) сув хўжалиги вазири Ш.Хамроев:

    балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш бўйича шартнома тузилиши ва уларга белгиланган сув миқдори кафолатли етказиб берилишини, шунингдек, улар томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган сувнинг ҳажмлари аниқланишини;

    балиқчилик хўжаликлари томонидан фойдаланиш мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқлари рўйхатининг ҳар йили шакллантирилишини, шунингдек, улар ҳақидаги маълумотлар вазирликнинг веб-сайтида жойлаштириб борилишини;

    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларида ресурс тежамкор технологиялар ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланиш амалиёти жорий этилишини таъминласин;

    б) Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов – аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларнинг кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида қўлланмалар ишлаб чиқилишини таъминласин;

    в) Тошкент вилояти ҳокими Р.Холматов ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Бекенов – “Чиноз деҳқон бозори” МЧЖ негизида салоҳиятли инвесторларни жалб қилган ҳолда балиқ маҳсулотлари савдосини ташкиллаштиришга мўлжалланган замонавий савдо комплексини ташкил этсин;

    г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари – коллектор-дренаж сув тармоқлари атрофида санитария-муҳофаза зоналарига риоя этган ҳолда балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўрсин.

    17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ушбу қарор натижадорлиги тўғрисида 2020 йил 1 декабрга қадар ва 2021 йилнинг ҳар чораги якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2020 йил 29 август

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates