Балконга ғишт териш мумкин эмас! Акс ҳолда бино қулаши мумкин!

    Урбанизация 30 сентябр 2021 1015

    Умумфойдаланишдаги жой мулк ҳуқуқи асосида берилмайди!

    Куни кеча ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйнинг қулаётганлиги ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат мутахассислар томонидан яна бир бор ўрганилиб, аҳоли ўртасида тушинтириш олиб борилди, дея хабар беради Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати.

    Тошкент шаҳрининг Бобур кўчаси 69/6 ва 69/7 уйлар оралиғидаги умумий фойдаланишдаги сочиқ қуритиш (сушилка) учун мўлжалланган очиқ балконли хоналарни юқорида кўрсатилган уйларда яшовчи мулкдорлар ўзбошимчалик билан ғишт ва шунга ўхшаш оғир жисмлар билан ўраб олган.

    Шу орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Қолаверса, Уй-жой кодекси, Фуқаролик кодексларига зид равишда қайта режалаштириш, ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширган. Оқибатда, бинонинг техник ҳолати бузилган.

    Бу “Тошкент шаҳрини қуриб қайта тиклаш ва обод қилиш лойиҳалаш институти” АЖ (ТАШГИРПРОГОР) томонидан берилган хулосада ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Хусусан, мазкур манзилдаги уйларнинг умумий фойдаланишдаги жойларини ўзбошимчалик билан, ноқонуний тарзда таъмирлаш ва қайта ўзгартириш ишлари олиб борилганлиги сабабли, бугунги кунда ушбу умумфойдаланишдаги бинони реконструкция қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

    Шунингдек, жорий йилнинг 18 июнь санасида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори қабул қилинган бўлиб, унда мазкур объект техник талабларга жавоб бермаслиги боис бузиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилган.