“Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи”, деган бош шиор остида ғалаба учун курашамиз

    Сайлов 22 сентябр 2021 509

    Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури доирасида амалга оширадиган ташаббуслари акс этган мақола.

    Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова ўзининг сайловолди дастурида ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишни мақсад қилиб, қуйидаги ташаббусларни илгари сурмоқда:

    ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

    • мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш;
    • пенсияни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, аёлларнинг бола парваришидаги даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
    • ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш;
    • “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш;
    • оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш.

    СОЛИҚ, САНОАТ:

    • аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш;
    • асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ­ўрнатиш;
    • қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш.

    ТИББИЁТ:

    • аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлаш;
    • шифокорларнинг иш ҳақини 3 баробарга, ҳамшираларнинг ойлигини эса 2 баробарга ошириш;
    • дорихоналар ва хусусий тиббий муассасаларга алоҳида ижтимоий ташкилот мақомини бериш;
    • тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиш.

    ТАЪЛИМ:

    • болаларни 2 ёшдан мактабгача ­таълимга қабул қилувчи махсус гуруҳлар ташкил этиш;
    • бошланғич синф ўқувчилари учун нонушталар ҳамда жамоат транспортларидан фойдаланишни бепул асосда йўлга қўйиш;
    • олий таълим учун грантлар сонини ошириш.

    СУД-ҲУҚУҚ:

    • фуқароларнинг судларда Халқ маслаҳатчилари сифатида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш;
    • қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш.

    БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

    Меҳрибонлик уйларини битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш зарур.

    Ёшлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ташкил қилади. Лекин улар орасида ҳам алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож тоифа бор, бу — етим болалар. Уларнинг салкам 2 минг нафари Меҳрибонлик уйлари ҳамда Болалар шаҳарчаларида, 560 нафари Болалар уйида, 21 минг нафари мактаб-интернатларида тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар ўғил-қиз ҳомийлик, васийлик ва оила патронати қарамоғига олинган.

    Етимнинг бошини силаш халқимизда олий фазилат саналади. Ушбу қад­рият миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда етим болаларга доир алоҳида модда мавжуд. Унга кўра, мазкур тоифа тўлиқ давлат қарамоғига олинади. Яъни давлат етим болаларни ўқитиш, уларни уй-жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлашга мажбур. Аммо кези келганда бу каби нормалар фақат қоғозда қолиб кетаётгани киши таъбини хира қилади.

    Маълумотларга кўра, сўнгги 10 йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилган. Меҳрибонлик уйларидан чиққан йигит-қизларнинг 64 фоизи иш билан таъминланган. Бундан англашиладики, мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фарзандларни турар жой ҳамда иш ўринлари билан таъминлаш тизими ҳали рисоладагидек эмас. Аҳвол неча йилдирки, ўнгланмаяпти.

    Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Нега махсус муассасалардан учирма бўлаётган минглаб қоракўзларимиз катта ҳаёт қийинчиликлари олдида якка ҳолда қолиб кетмоқда. Ўйлашимча, асосий сабаб ижро интизомида.

    Янада аниқроқ қилиб айтганда, мазкур масалани жойлардаги ҳокимликлар ҳал қилиши керак. Амалда эса отангга бор, онангга бор қабилида иш тутиляпти.

    Қонуний ҳаққини талаб қилолмай, давлат идораларининг эшиги тагида сарғайишга мажбур бўлаётган етимлар ҳақида кўп эшитамиз. Улар уй олиш учун асоссиз равишда навбатга қўйилади, яна қанча югуриб-елади. Ҳолидан хабар оладиган, мушкулини осон қиладиган, оғир дамда суяб, ардоқлайдиган ҳеч кими йўқ. Бунинг оқибатида шусиз ҳам кўнгли нимта ҳамюртимиз руҳан синмаслиги, давлатдан бир умрга норози бўлиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Инчунин, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга эътиборсизлигимиз, тизимдаги камчиликларга кўзимизни чирт юмиб кетаётганимиз эртага ўзимизга-да қимматга тушиши тайин. Гап бир-икки киши эмас, бутун ўзбек жамиятининг тақдири, ижтимоий кайфияти, эртага эл-юртига қандай муносабат кўрсатиши ҳақида бормоқда.

    Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Юртимиз қонунчилигида ҳар бир бола уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Турли важ-карсонлар билан мана шу ҳуқуқни ­таъминлаб бермаслик қонунга ­итоатсизлик, қўйингки, етимнинг ҳақига хиёнат ­демакдир.

    Ўзбекистонда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг салкам ярми уй-жой билан таъминланмаган. Ваҳоланки, ҳар йили шу мақсадда давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. ­Демак, халқнинг пули ўртада “туя” қилиб кетилмоқда. Буниси эса энди иқтисодий жиноят. Соҳада коррупция урчиб боргани са­йин, ижтимоий таъминот механизми издан чиқаверади. Шунча вақт ва ­маблағни беҳуда совурганимиз ­қолади, холос.

    Мавзуни таҳлил қилиш давомида қизиқ ҳолатга дуч келдик. Расмий манбаларга кўра, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 17 фоизини чин етимлар, қолган 83 фоизини ота-­онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ташкил қилар экан.

    Кўриниб турганидек, давлат қарамоғига олинган жуда кўп ўғил-қизларнинг ё отаси, ё онаси ёки бошқа қариндошлари ҳаёт. Энди ҳақли савол туғилади: нега уларни ўз оиласига қайтариш чоралари кўрилмаяпти? Масала яна тизимдаги нуқсонларни кўриб, кўрмаслигимизга бориб тақалмоқда.

    “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғисида”ги қонунда айтилишича, ҳар бир боланинг оилада яшаш ва тарбия­ланиш ҳуқуқи бор. Барқарор оилавий муҳитнинг бола психикаси учун афзаллигини мутахассислар ҳам тасдиқлайди. Фақат мутасаддилар бу ҳақда унутиб қўйгандек.

    Қоидага кўра, отаси ёки онаси бор бўлган болалар фақат бир йилгача муддатда Меҳрибонлик уйига қабул қилиниши мумкин. Амалда эса болалар йиллар давомида бундай муассасаларда қолиб кетмоқда. Чунки ҳоким буванинг қарори чиққан. Наҳотки, ўша ҳужжатларга индамай қўл қўйиб бераётган раҳбарлар бола бегоналар билан эмас, жон-жигарлари бағрида униб-ўсиши минг чандон афзал эканини тушунмаса? Қолаверса, мана шундай калтабинлик эвазига давлатга ортиқча юк тушяпти.

    Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини иш билан таъминлаш масаласи ҳам анча оғриқли. Бу борада ҳалигача яхлит тизим шаклланмаган. Бола вояга етдими, бўлди, ўз аравасини ўзи тортаверсин, деган тушунча билан яшаяпмиз.

    Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида таълим-тарбия сифати юқори эмаслигини видеоселектор йиғилишида Президентнинг ўзи тан олиб айтди. Бу кетишда махсус муассасалардан чиққан йигит-қизлар эртага бир ишни эплаб кетишига шубҳа қиласан киши. Аслида ҳам шундай.

    Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини ишга олиш ёки “Устоз-шогирд” анъанаси асосида корхона ва ташкилотларда касбга ўқитиш борасида қонунчиликда ҳам ҳеч гап йўқ. Мазкур масалани жиддий ўйлаб кўриб, квоталар тизимини жорий этишнинг вақти келди. Соҳада қатъий жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳам жуда муҳим. Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи бундай ишларга бош қўшса, нур устига нур бўларди.

    Эндиликда 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уйлар бепул ажратилади. Хайрли ташаббус, албатта. Бироқ ушбу тизим ҳам ўзини оқлаши учун кенг жамоатчиликнинг иштироки зарур.

    Аброр ҚУРБОНОВ,
    ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

    МАКТАБ ВА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДАГИ ЎҚУВЧИЛАР ВА ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИ СИФАТЛИ ОЗИҚ-ОВҚАТ БИЛАН КАФОЛАТЛИ ТАЪМИНЛАШНИНГ АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА

    Яқинда бир маълумотга кўзим тушиб қолди. “Mercy Corps” ташкилоти (АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) томонидан маблағ билан таъминловчи) “Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат Макговерн-Доул халқаро дастури” доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан англашув меморандумини имзолабди.

    Янгиликка кўра, бюджети 21,5 миллион АҚШ долларига тенг ушбу дастур 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасини озиқ-овқат билан таъминлайди ҳамда Қорақалпо­ғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган мактабгача таълим муассасасидаги 90 минг бола учун овқатланиш ва таълим олишни такомиллаштириш бўйича қўшимча инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутади.

    Бу хабарни ўқиб, мактабгача таълим ёшидаги болаларга яхши бўлганидан суюниб турган ҳам эдимки, фейсбук ижтимоий тармоғидаги бир фойдаланувчининг ушбу янгиликка изоҳига кўзим тушди. Унда шундай дейилган: “Ҳамкасбимнинг бир қўшниси кунора уларнинг музлатгичига вақтинча гўшт қўйиб туриш одатини чиқарибди. Ёғсиз, суяксиз лаҳм гўшт. Ҳатто бир-икки марта бу гўштдан сотиб олишни ҳам таклиф қилибди.

    Ўзининг музлаткичига сиғдиролмай, бошқаникига қўйиб туришга, ўзлари еб улгуролмай, сотиб юборишга эҳтиёжи туғилган бўлса керак, шўринг қурғурнинг.

    Суриштириб кўришса, у қўшни болалар боғчасида ошпаз бўлиб ишлар экан. Кейин ҳамкасбим аёлига қўшни гўштини қўйиб туришга бошқа рухсат бермасликни тайинлабди.

    Боғчадаги таомлардан ота-она ва болаларнинг нолигани қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Боғчаларга етиб келгунча гўштлар неча поғоналардан юлиниб-шилиниб, болалар овқатига чандир, ёғ, қуруқ суяклар тушса керак.

    Энди Америкадан келаётган ёрдамдан кимлар кўпроқ хурсанд бўлаётгани ва у ёрдамнинг қанчаси болалар ошқозонига етиб боришини тасаввур қиляпман”.

    Изоҳда айтилган ҳолатга бирор сўз дейишга ҳам кишининг асаби бардош бермайди. Негаки, келажагимиз эгаси деб тарбиялаётганимиз — болаларнинг ризқини қийиб, улар учун ажратилган маҳсулотларни уйига олиб кетаётган виждонсиз мактабгача таълим муассасалари ходимларига гап таъсир қилишига одамнинг ишонгиси ҳам келмайди.

    Ота-она боласини боғчага текинга бермайди, ҳар ой белгилаб қўйилган маблағни тўлайди, болам шу ерда бирор нарса ўргансин, дейди. Лекин юқоридаги каби ҳолатлар кўнгилни хира қилиб, олиб борилаётган сиёсатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини пайдо қилади. Боғча ходими шунчалик разилликка боряптими, демак тизимдаги катталар ундан ҳам каттароқ “ишлар”ни қилаётган бўлиши мумкин, деган гумон пайдо бўлади.

    Мавзуга қайтадиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмини мўътадил даражада ушлаб турувчи манба ҳисобланиб, ҳар бир инсоннинг ўз вақтида, меъёрида ва ёшига мос равишда овқатланиши муҳим аҳамиятга эга. Шу каби болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан ривожланишида улар тановвул қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ўрни беқиёс. Мутахассислар фикрига кўра, организмда етарли даражада, яъни сарфланадиган ва озиқ-овқатлар билан тушадиган қувват ўртасида мувозанат сақланса, инсон соғлом бўлади.

    Тадқиқотларга кўра, мактабгача ёшдаги болаларнинг организми тез ўсади, тана аъзолари шаклланиши давом этиб, модда алмашув жараёнлари ҳам кучаяди. Бу даврда марказий асаб тизими тезкор суръатда ривожланади. Мактабгача даврнинг охирида болада барча асосий ҳаракатларни эгаллаш ва нутқининг яхши ривожланиш жараёни кечади. Бу эса уларда юқори ҳаракат фаоллигини ва катта энергия сарфланишини талаб этади. Бола организмининг ривожланиши, ҳужайралар тузилиши учун керак бўлган моддалар, биринчи навбатда, оқсиллар, витаминлар ва минералларни кўп талаб этади. Айни ёшда кўп вақти мактабгача таълим муассасасида ўтадиган болаларимизнинг қандай овқатларни истеъмол қилиши жуда муҳим.

    Шунингдек, мактаб ёшидаги болаларнинг рационал овқатланиши уларнинг ҳар томонлама ривожланишининг бирламчи шартларидан ҳисобланади. Мактаб даври ёшидаги болаларда тезкор ўсиш, мушак ва суякларнинг катталашиши, моддалар алмашинувини кучайиши кузатилади. Айнан шу давр­да организмнинг тўлиқ етилиши ва шаклланиши кузатилади. Бу мураккаб жараёнларни таъминлаш учун мактаб ёшидаги бола етарли даражада турли модда ва витаминларга бой бўлган биологик маҳсулотлар истеъмол қилиши керак. Шу сабабли мактаб ошхоналарида қандай овқатлар тайёрланиши, ўқувчилар нималарни тановвул қилаётганига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.

    Ўсмирлик даврида қатор касалликлар нотўғри овқатланиш сабабли юзага келади. Ушбу ёшларда чизбургер, гамбургер, ход-дог, чипслар билан биргаликда, газли ва рангли салқин ичимликларнинг истеъмол қилиниши турли хил касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Овқат тайёрлаш жараёнида қўпол хатолик­ларга йўл қўйиш, маҳсулотларни тайёрлаш технологиясига амал қилмаслик унинг сифатини пасайишига, организм учун ҳеч қандай қийматсиз таомга айланишига олиб келади.

    Юқоридагиларга асосланган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, мамлакат келажагининг бунёдкори бўлган фарзандларимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ҳар биримиз масъул бўлмоғимиз даркор. Шундан келиб чиққан ҳолда, қадимги юнон файласуфларининг “Одам истеъмол қиладиган овқати унинг тақдирига ҳам бевосита таъсир кўрсатади” деган сўзларини ёдга олиш ўринли бўлади.

    Боймурод ЮСУПОВ,
    ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи
    Материаллар Ўзбекистон ХДП ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

    Мазкур мақола «Янги Ўзбекистон» газетасининг 22 сентябрдаги 189-сонида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилинмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates