Барқарор ривожланиш бўйича Маслаҳат қўмитаси Оролбўйи минтақаси учун интеграциялашган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқади

    Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан ташкил этилган Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитасининг учинчи йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

    Тадбирдан кўзланган мақсад — Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш учун кўп томонлама «Йўл харитаси»ни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва донорлик ёрдамини мувофиқлаштиришдир.

    Маслаҳат қўмитаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси (Траст жамғармаси) ташаббуси билан барча кўп ва икки томонлама шерикларни бирлаштирадиган, ўз навбатида, Оролбўйи минтақасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштирадиган ягона платформа сифатида ташкил этилган.

    Анжуманга Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б. Абидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ҳамраислик қилди.

    Йиғилишда хорижий давлатлар, БМТ агентликлари, молия институтлари, халқаро жамоатчилик ва илмий муассасалар, хайрия жамғармалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг 140 га яқин вакиллари иштирок этди.

    Тадбирда Ўзбекистон томонидан муҳокама қилиш ва тасдиқлаш учун Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Кўп томонлама «Йўл харитаси» лойиҳаси, шунингдек, 2021 йил биринчи ярим йиллигида Маслаҳат қўмитасининг учта ишчи гуруҳи фаолияти натижалари тақдим этилди.

    Интеграциялашган «Йўл харитаси»нинг мақсади минтақани барқарор ривожлантириш бўйича изчил тадбирлар режасини белгилаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат. Мувофиқлаштирилган ёндашувни шакллантириш Оролбўйи минтақаси аҳолисининг трансформацион ўзгаришларга эришиш учун фаолиятни самарали назорат қилиш ва ресурсларни сафарбар этиш имконини беради.

    Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Кўп томонлама «Йўл харитаси» вазирликлар, идоралар билан икки томонлама маслаҳатлашувлар якунлари ва дастлабки икки ишчи гуруҳ фаолияти натижалари асосида ишлаб чиқилди.

    Ҳужжат 5 та йўналиш, жумладан, экологик фаровонлик, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ривожланиш, ресурсларни сафарбар этиш, ривожланишни таҳлил қилиш ва баҳолаш каби 13 та соҳа бўйича жами 251 та устувор вазифани қамраб олган, қолаверса, 248 та лойиҳа ва тадбирлар рўйхати келтирилган. Мазкур лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишнинг тайёргарлик босқичи бюджети қарийб 205 млн долларни ташкил этади.

    Ҳужжат Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича хорижий ва халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун ресурсларни сафарбар қилишга доир мувофиқлаштирилган ёндашувдан фойдаланишни таъминлаш ва бу ўзгаришларни самарали мониторинг қилишга қаратилган.

    Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТ ТД) вакиллари минтақада аниқ амалий натижаларга эришиш учун мазкур «Йўл харитаси»ни самарали амалга ошириш механизмлари ҳақида фикр юритди.

    Йиғилиш иштирокчилари «Йўл харитаси» доирасида белгиланган мақсадларни амалга оширишда муваффақиятга эришишнинг муҳим омили сифатида учта ишчи гуруҳ: барқарор инвестициялар, маълумотлар ва баҳолаш, шунингдек, хабардорликни ошириш фаолияти доирасида бирлашадиган хорижий ва халқаро ривожланиш ҳамкорларининг кенг доирасини жалб қилиш юзасидан яқдил фикрга келишди.

    Тадбир давомида иштирокчилар БМТ агентликларидан Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси томонидан молиялаштириладиган амалдаги қўшма дастурлар доирасида эришилган натижалар тўғрисидаги маълумотлардан хабардор бўлди.

    Муҳокама чоғида тараққиёт бўйича халқаро ҳамкорлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини янада мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар тақдим этилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates