Бахши куйлайдиган достонлар

    баҳор айёмлари каби гўзал, беғубор, меҳрли

    Юртимизда Наврўз шукуҳи кезмоқда. Табиат ва жамиятдаги янгиланишни ўзида мужассам этган бу байрам халқимиз дунёқараши, ўзига хос миллий анъаналари ва бадиий тафаккурининг ноёб маҳсулидир. Олам чирой очган шу паллада юртдошларимиз катта сайилгоҳлар, боғ-роғлар, далалар, лолаларга бурканган қир-адирларда, шаҳарларимиздаги хиёбон ва майдонларда байрам сайлини ўтказади.

    Қашқадарёда байрам сайиллари бахшилар ижросисиз ўтмайди. Айниқса, Деҳқонобод тоғлари этакларидан бошланган сайиллар Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор РАҲИМОВнинг сержило ижро намуналари билан ўзгача шукуҳ касб этади. У куйлаган терма ва достонлар тингловчига катта завқ-шавқ бағишлайди, кишиларни яхшиликка чорлайди, маърифат тарқатади. 45 йилдирки, қўлида сози, руҳида парвози билан одамларга маънавий қувват бериб, қанот бағишлаб келаётган Қаҳҳор бахши Раҳимов билан суҳбатимиз халқ достонларининг ранг-баранг намуналари, юртимиз ҳамда халқаро миқёсдаги шуҳрати, достончилик мактаблари ҳақида бўлди.

    — Қаҳҳор ака, келинг, суҳбатни юртимизда халқимизнинг миллий ўзлигини, қадимий тарихи ва тилини, унинг ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этадиган, умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида тан олинган бахшичилик санъатига берилаётган эътибор хусусидаги мулоҳазалар билан бошласак.

    — Бахшилар сўзлаши олдидан бир оғиз қўшиқ айтмаса, унинг ичидаги гаплари ташқарига чиқмайди. Рухсат берсангиз, сўзим аввалида бир терма айтиб берсам:

    Дўмбирамни қўлга олиб сайрадим,

    Созни чертиб кенг даврада яйрадим.

    Чечан тилим, сўзларимни қайрадим,

    Булбулдайин сайраб чиққан дўмбирам.

    Қўлга олсам булбул бўлиб сайрайсан,

    Тирноғимни қўш торингга қайрайсан.

    Мени шод қилиб, ўзинг ҳам яйрайсан,

    Отамдан мерос қолган дўмбирам.

    Кейинги йилларда юртимизда халққимизнинг нодир бу санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир неча ҳужжатлар қабул қилинди. “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонланди, Термиз шаҳрида Алпомиш ҳайкали, Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари бунёд этилди. Давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис қилингани биз, бахшилар кўксини тоғ этди.

    Бугунги кунда Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфлари фаолият кўрсатмоқда. Юртимизда кўп томлик “Қорақалпоқ фольклори” тўпламлари чоп этилди, 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари давом этмоқда.

    2019 йилда Термиз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали жаҳон миқёсидаги йирик маданий ҳодиса бўлди. Фестивалга дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд бахши, жиров, ўзан, гўянда келиб, Термизда жамулжам бўлди. Бир-биримизни танидик. Бир-биримизнинг санъатимизнинг ижро этилиши усулларини ўз кўзимиз билан кўрдик.

    Бундай эътибордан кўкка юксалдик. Чанг босган дўмбираларимиз тилга кирди. Авваллари бирор тадбирга чақирилсак, иккиланиб борар эдик. Бизнинг ҳам кимгадир керагимиз бормикан, деб. Ҳозир кўкрагимизни кериб, хурсандчилик, катта руҳият билан тадбирларга кириб боряпмиз. Энг нуфузли тадбирларда бахши сифатида қатнашиб келаётганим мен учун катта бахтдир. Ўзим Деҳқонободда туғилиб ўсганман. Авваллари Қаршидан нариёғига ўта олмаганман. Ҳатто термаларимиз туман газеталарида босишга лозим кўрилмаган, “Бу эскилик сарқити, айтадиган бўлсангиз, янги руҳда айтинг”, дейилган пайтлар бўлган. Бугун эса достонларимиз, термаларимиз катта китоб ҳолида нашр этиляпти. Бундай эътибордан руҳланиб, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бахшичилик санъатини юртимизда ва дунёда кенг тарғиб қилишга бел боғлаганмиз.

    — Халқимиз бадиий тафаккурининг сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатининг тарихи, тараққиёт босқичлари ҳақида тўхталсангиз.

    — Раҳматли отам Қодир бахши бу санъат тарихи ҳақида турли ривоятлар айтиб берарди. Инсоният ўз тараққиётининг илк босқичларидаёқ маънавий озуқага эҳтиёж сезган. Табиат ҳодисаларини тушуна бошлагач, қушларнинг сайраши ҳайратомуз янгилик бўлиб туюлган. Ривоятларга кўра, қадим замонларда бир чўпон мол боқиб юрганида отнинг ёли чўпга илиниб қолганини кўради. Ана шу ёл шамолнинг тебраниши асносида овоз чиқараётгандек бўлади. Шунда чўпон узун от ёлини чўпга тортишга уринади. Дўмбира шу тариқа пайдо бўлади. Дўмбирадан кейин унга қўшилиб ижро қилинадиган ҳолатлар, кейинроқ эса илк бахшилар юзага келади.

    Бахши дегани ким ўзи? “Бахши”нинг луғавий маъноси — маърифатчи, устоз, халқнинг руҳиятини кўтарувчи, деганидир. Бахши, яъни достончи санъаткорларни эл орасида соқи, санновчи, созчи, жиров, манасчи деб ҳам атаганлар. Улар доим ички, бўғиқ овозда куйлаган. Тўғри, ташқи овоз билан ҳам айтилган қўшиқлар бор. Аммо бундай қўшиқлар нимагадир инсоннинг қалбига етиб бормайди. Чунки бахшичиликда ички овозда қўшиқ куйлаш анъанаси мавжуд. Ички овозда ўн-ўн беш соатлаб достон айтган бахшилар бўлган.

    Достончилик буюк бир миллатнинг қадрияти, мероси. Халқ оғзаки ижодида намоён бўлаётган неки бор, у халқники. Биз унинг ижрочиларимиз. Биз китобни бир бошдан ёдлаб олиб куйламаймиз. Куй ҳам, сўзлар ҳам ҳолатдан келиб чиқиб, қуйилиб келади. Бунда дуо бор, бунда одоб-ахлоқ, ватанга муҳаббат, йигитнинг йигитдай бўлиши, ботирнинг ботирдай бўлиши кераклиги каби бир қанча қадриятлар бор. Масалан, “Алпомиш” достонини олайлик. Бу достон бизга инсонпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй, ор-номусли, садоқатли бўлишга, элу юртни севишга, уни турли ётлардан ҳимоя қилишга ўргатади.

    — Юртимизда бахшичилик, достончиликнинг ўзига хос мактаблари шаклланган. Ана шу мактаблар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Уларда устоз-шогирд анъаналари қай даражада йўлга қўйилган?

    — Дарҳақиқат, юртимизнинг Қашққадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган, алоҳида-алоҳида мактаблари яратилган. Қўрғон, Булунғур, Нарпай, Шеробод, Қамай каби турли достончилик мактабларида етишиб чиққан бахшилар ўз ижро услуби, имконияти, репертуари билан бир-биридан фарқланиб турган. Булунғур достончилик мактаби азалдан қаҳрамонлик достонларини ижро этиб келгани билан машҳур. Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Пўлкан шоир номи билан боғлиқ бўлган Қўрғон достончилик мактабида, асосан, лирик ишқий қиссалар куйланади.

    Шеробод достончилик мактабида созга, овозга, сўзга эътибор қилинади. Ёзма адабиёт вакиллариники сингари қолипга солинган тўртликлар, матн, шеърий қисм — ҳамма-ҳаммаси жуда чиройли, равон ижро этилади. Хоразм достончилик мактабида мусиқа етакчилик қилади. Хоразм бахшичилик мактаби вакиллари чолғу ансамбли жўрлигида ички овозда куйлайди. Айниқса, эпик асарларни талқин қилишда жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. Хоразм достончилик мактаби “Ширвоний” (Хива) ва “Ироний” (Манғит) номли иккита йўналишга бўлинади. Бу мактаблар қадимий илдизларга эга. Услуб ва лаҳжа, ёрқин ва жонлантирувчи қўшиқ, ашула ва оҳангга эга.

    Қашқадарё бахшичилик санъати етук достон ижрочиси бўлмиш падари бузрукворим Қодир бахши Раҳимов номи билан боғлиқ.

    Бизнинг сулоламиз бахшилар сулоласи. Аждодларимиз бахши ўтган. Отам Қодир бахши машҳур эди. Етмишдан ортиқ достонни ёддан билган.

    Отам “Алпомиш” достонини куйлаётганда, Алпомиш қалмоқ мамлакатидаги зиндондан чиқиб, золимлардан қутулиб, она Ватани — Бойсун-Қўнғиротга қайтаётган ҳолатини шунчалар завқ билан тўлиб-тошиб, худди ўз Ватани озод ва мустақил бўлгандай, берилиб куйлар эди. Ўша қўшиқлар оҳангида Ватанга муҳаббати тингловчига яққол сезилиб турарди. Ўзи ҳам тоғ қадар юксалиб борарди. Сўз, соз ва ички овознинг қудратини кўрингки, достон тугагач, одамлар худди Алпомишдай гувраниб, суюниб, шоду хуррам уйларига тарқалиб кетар эди.

    Бугун биз отамиз ардоқлаган санъатни давом эттиряпмиз. Ҳам ўғлим, ҳам шогирдим Илҳом бахши кўплаб нуфузли танловларда ғолиб бўлиб, орзуларимни рўёбга чиқаряпти. Илҳом бахши олтинчи авлод. Шогирдлик бизда жуда юқори савияда ташкил этилган.

    — Ижод аҳлига доим нимадир илҳом бериши керак. Сизга нима илҳом беради, нима парвоз бағишлайди?

    — Дўмбирамни қўлга олдимми, гўё ўзимни унутаман. Дўмбирам сайраганда кўнглим очилиб, фикрим янада теранлашади. Кундан-кун яшнаётган диёримиздаги ҳар бир ўзгариш менга илҳом беради. Бунёдкорлик, тараққиёт биз, бахшиларнинг кўз ўнгимизда бўляпти. Ана шуларни кўриб, дўмбира чалиб, куйлай бошлайсан.

    Ватаним, номинг улуғ қуёшдан, ойдан,

    Шамолинг эсади жаннатдай жойдан.

    Айланай, тупроғингни олтин қилган Худойдан,

    Қаҳҳор бахши айтса, битмас достонсан,

    Зўрларга тенглашган Ўзбекистонсан!

    Ўнга яқин термам Ватанимиз мустақиллигига, юртимиз равнақига бағишланган. Ижодимнинг кичик намуналарини жамлаб, “Истиқлол” номли янги замонавий достон яратдим. Ўзбек достонларининг довруғини дунёга ёйиш орзуим бор. 2016 йил “Алпомиш” достоним турк тилида чоп этилганди. “Темур ва Боязид” деган достоним 2019 йилда турк тилида дўмбира ноталари ва таҳлиллари ҳамда видеоёзувлари билан Анқарада қайта нашр этилди.

    — Айни кунларда юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрибди. Наврўз билан бахшичиликнинг қандай муштарак жиҳатлари бор?

    — Иккиси ҳам қалбга умид беради. Руҳиятни кўтаради, асрий анъаналарга ошно этади. Наврўз сайилгоҳларида бахшилар достонлар куйлайди. Достонлар ҳам худди кўклам байрамидек гўзал, беғубор ва меҳрли бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни янгиланиш ва яшариш фаслининг гўзал айёми — Наврўз билан муборакбод этаман! Барчамизга омонликда учрашиш насиб этсин!

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates