Байроғимиз бошимиз узра доимо ҳилпираб тураверсин!

    Фикр 18 ноябр 2020 3862

    Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг қабул қилинганлигига 29 йил тўлиши муносабати билан

    Ватан. Ҳар майса, ўт-ўлани, гулу чечаклари, боғ-роғлари, бепоён дала-даштлари, кенг яйловлари, осмон ўпар тоғлари, қиру адирлари — бари биз учун муқаддас бўлган маскан. Юртимиз жаннатмакон диёр. Инсонинг туғилиб ўсган жойи азизу мукаррамдир. Кўчада кетар эканман, нотаниш кишиларнинг самимий саломига алик ола туриб, бундай лутф миллийлигимиз, қонимизга сингиб кетган анъаналаримиздан эканлиги кўнглимни ғурурга тўлдиради.

    Ватан рамзлари ҳам ана шу муқаддас тушунчалар қаторида туради.

    Давлатчилик тарихидан шу нарса маълумки, ҳар бир мамлакатнинг ўз рамзлари уларнинг давлат бўлиб шаклланишидаги асосий шартлардан биридир.

    Мустақиллигимизнинг илк даврларида – 1991 йил 18 ноябрда – давлатимизнинг муқаддас рамзи – байроғимиз қабул қилинди. Унда тасвирланган ёрқин ранглар таҳлил қилинганда, Ватан аждодлардан мерослигини, ўзбек халқи доимо ҳаётга интилиб яшаганлигини, тинчликсевар, меҳнаткаш, қадриятларимизни улуғловчи миллат эканлигимизни уқиш мумкин.

    Мозийга назар солсак, қанча-қанча инсонлар байроқлари учун ўз ширин жонларини фидо этганликларининг гувоҳи бўламиз. Ҳар қаричи муқаддас бўлган жонажон юртимизни мўғил босқинчилари топтамоқчи бўлганида, уларга қарши мардонавор курашганлардан бири, уламою икромларимиздан Нажмиддин Кубродир. Улуғ шайх жасорат билан жангга кирар экан, ўз лашкари туғини шундай қаттиқ ушлаган эканки, ҳатто ҳалок бўлганида ҳам байроқ парчасини унинг бармоқларидан ажратишнинг иложи бўлмаган экан.

    Ўзининг мардлиги, жасурлиги билан олчоқ Чингизни ҳам лол қолдирган саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳам сўнгги нафасигача шарафли байроғини ўзи билан олиб юрган.

    Миллий байроғимиз қабул қилинганига ҳам 29 йил бўлди. Албатта байроғимизни ҳаммамиз ҳар куни кўрамиз. Унинг шакли ва ранглари қалбимизга жо бўлиб кетган. Хизмат тақозоси билан пойтахтга йўлим тушса, узоқдан муҳташам байроғимизнинг ҳилпираб турганига кўзим тушиб, қалбимни фарахбахш туйғулар эгаллайди. Унинг виқор-ла бошимиз узра ҳилпираши халқимизга осуда ҳаёт бахш этаётгандек, инсонларни ҳушёрликка чақираётгандек, жаннатмакон юртимиз бахт-саодат маскани эканлигига кафолат бераётгандек ҳис-туйғуларни инъом этади.

    Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларида ва бошқа олий давлат бошқарув органларининг, маҳаллий ҳокимиятлар биноларида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва ҳарбий бирлашмаларида ўрнатилади.

    Жаҳон мамлакатлари байроқлари орасида энг чиройли безаги билан Ўзбекистон байроғи алоҳида ажралиб туради.

    Давлатимиз байроғи давлат раҳбарлари шарафига, бошқа мамлакатларда кўтарилганда, нуфузли спорт анжуманларида ҳилпираганда қайси ўзбек тўлқинланмаган. Ана шу муқаддас рамзимизни улуғлаш, унинг обрўйини сақлаш, унга ҳурмат бажо келтиришни фарзандларимиз қалбига сингдириш энг юксак маънавий тарбиядир.

    Байроғимиз бошимиз узра доимо ҳилпираб тураверсин!

    Дилшода Раҳмонқулова,

    Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти

    немис тили ўқитувчиси