Баъзи давлат иштирокидаги корхоналар PR мақола учун 3-4 миллиард сўмгача пул тўлаган

    Долзарб 2 феврал 2023 1324

    Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат идоралари ёки давлат иштирокидаги корхоналар томонидан Интернет нашрлари ва реклама агентликлари билан йирик миқдордаги тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлигини аниқлади.

    Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ОАВ ҳамда блогерлар орқали ўз фаолиятига оид маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа турдаги реклама хизматлари учун сарфлаган харажатлари юзасидан хабарлар эълон қилинди.

    Мазкур ҳолатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганилганда, ташкилий тузилмасида ахборот хизмати штат бирликлари мавжуд бўлсада, айрим давлат идоралари ёки давлат иштирокидаги корхоналар томонидан Интернет нашрлари ва реклама агентликлари билан йирик миқдордаги тўғридан-тўғри шартномалар тузилгани аниқланди.

    Хусусан, кенг аудиторияга эга ахборот ресурсларига ўз фаолиятига доир маълумот, PR мақолаларни жойлаштириш мақсадида давлат бошқаруви органлари 50-700 млн сўмгача, вилоят ҳокимликлари 50-100 млн сўмгача, айрим давлат иштирокидаги корхоналар эса 3-4 млрд сўмгача бўлган миқдордаги шартномалар имзолаган.

    Ушбу шартномаларга мувофиқ, ОАВнинг аудиторияси, нуфузи ва бошқа бир қатор кўрсаткичларидан келиб чиқиб, 1 та ахборот (мақола) жойлаштириш ёки бошқа турдаги PR хизматлари учун нархлар ўртача 1,5 млн сўмдан 30 млн сўмгача бўлган миқдорларни ташкил этган.

    Ваҳоланки, қонунчиликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматининг асосий вазифалари белгилаб берилган бўлиб, юқорида қайд қилинган шартномалар предмети аслида ахборот хизматининг функционал вазифаси ҳисобланади.

    Эътиборлиси, ушбу шартномаларнинг аксарияти тўғридан-тўғри тузилган бўлиб, айрим шартномалар бўйича маблағлар ажратилишининг ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги аниқланди.

    Хусусан бюджет ташкилотларига тегишли бўлган жамғармаларнинг Низомида ушбу мақсадларга пул маблағлари ажратиш назарда тутилмаган.

    Ушбу ҳолатлар маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига олиб келганлиги билан бир қаторда турли коррупциявий омилларни келтириб чиқишига сабаб бўлган.

    Шу билан бирга, етакчи ОАВлар билан шартномаларнинг имзоланиши кенг жамоатчилик, шу жумладан, мазкур ОАВлар томонидан буюртмачи ташкилот фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга салбий таъсирини кўрсатади.

    Ўрганиш натижалари бўйича аниқланган ҳолатлар амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ асосли сарфланганлигини кўриб чиқиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилди.

    Шунингдек, ушбу соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди.

    Жумладан, барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ОАВ, реклама агентликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари билан матбуот анжумани, брифинг, мавзули телекўрсатув ва бошқа тадбирларни ўтказиш, реклама жойлаштириш, мақола чоп этиш юзасидан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган ресурс ва муддатларда мажбурий равишда очиқ эълон қилиб бориш;

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан давлат ва нодавлат ОАВларнинг таъсисчилари тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда белгиланган ресурсларда эълон қилиб бориш тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда, дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати маълумотида.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates