Билдирилаётган фикрларни тўғри тушуниб, хулоса қилиш зарур

    Фикр 1 март 2021 856

    Яқинда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосарининг аҳоли қатламларида 10 миллиард доллар атрофидаги пул “ёстиқ остида” ижтимоий самара келтирмай ётганлиги ҳақидаги фикри жуда кўп мунозараларга сабаб бўлмоқда.

    Ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари томонидан сенатор фикри нотўғри талқин қилиниб, турли-туман изоҳлар билдирилмоқда. Ваҳоланки, Сенат аъзоси ўз сўзида банк ва молия бозорларимизнинг бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермаслиги оқибатида, биринчи навбатда айнан ўша оддий халқ даромаддан “қуруқ” қолаётганлигини айтган.

    Борингки, ўша 10 миллиард долларнинг барчаси амалдору бойваччалар қўлида ёки “ёстиғини остида” йиғилиб қолган тақдирда ҳам, уларни фоизу даромадлар билан қизиқтириб, бу пулларни реал иқтисодиётга жалб этиш мамлакат банк-молия тизимининг вазифаси эмасми?! Ахир, бу пуллар реал иқтисодиётда айланса, минг-минглаб иш ўрни яратилиб, ўша оддий халқнинг фойдасига хизмат қилмайдими?..

    Ўзимизда миллиардлаб пул (валюта) “ёстиқ остида”ми, “сандиқларда”ми, “қутиларда”ми, “шиша банкаларда”ми, қаерда бўлмасин - иқтисодиётда айланмай, “пўпанаклаб” ётсаю, биз хорижликлардан инвестициялар, қарзлар, кредитлар сўраб юрсак, қайси мантиққа сиғади.

    Ижтимоий тармоқлардаги лавҳалардан бирида кўзим тушди – бир одам ёстиғини кўтариб, уни тагида бир неча тангаси борлигини кўрсатиб, сенатор фикрини “мазах” қиляпти. Ваҳоланки, у аввало, ўзини, қолаверса, бутун халқни мазах қилаяпти. Чунки агар банк тизимимиз, молия бозорларимиз жаҳон андозаларига мос ишлаб, одамларни ўша “бир танга”сини ҳам ўз ихтиёрлари билан реал иқтисодиётга жуда қисқа муддатларга бўлса ҳам қўйишдан манфаатдор қила олганда эди, мамлакатимизда “камбағаллик” даражаси кескин тушиб кетган бўларди.

    Мухтасар қилиб айтганда, билдирилаётган фикрларни тўғри тушуниб, хулоса қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

    Замир ХОЛМАХМЕДОВ,

    иқтисод фанлари номзоди, доцент.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates