Билим боғига боғбонсиз, муаллимлар

    Устозлар ҳаётимиз довонларида бизга йўл кўрсатувчи, маслаҳат бергувчи энг зийрак ва фидойи йўлчироқларимиздир. Уларнинг жонкуярлиги ва меҳру муҳаббати туфайли биз ўз орзуларимиз ва мақсадларимиз сари дадил қадам ташлаймиз. Шу боис умримизнинг ҳар бир онида уларни шарафлаб ҳар қанча сўз айтсак, шунчалар кам.

    Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Устозни эъзозлаш азалий одат” шиори остида 1 октябр Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.

    — Бугун жаҳонда барча соҳаларда ривожланиш, такомиллашиш тенденцияси жуда юқори суръатда кечмоқда, — деди университет ректори Абдуғофир Қирғизбоев. — Бу суръат юртимиз таълим соҳасидаги жадал ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётгани қувонарлидир. Хусусан, олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани эътиборга моликдир. Шунингдек, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини қадрлаш борасида ҳам бизга шижоат ва куч берадиган эътирофлар бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Ўқитувчи меҳнатига эътибор бу миллат келажагига бўлган эътибордир. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра университетимизнинг қозоқ тили ва адабиёти кафедраси мудири Эргаш Aбдувалитов “Меҳнат Шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

    Тадбирда университет фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Айни пайтда университетда қарийб 26 минг нафар талаба таълимнинг кундузги, кечки ва сиртқи шаклларида таълим олмоқда. Университет 30 та бакалавриат таълим йўналиши ва 29 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрламоқда. Ҳозирги кунда 1200 нафар педагог, жумладан, 55 нафар фан доктори ва 400 га яқин фан номзоди талаба-ёшларга таълим ва тарбия бериб келмоқда. Университетда 13 та факултет ва 52 кафедра мавжуд.

    Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, талабаларнинг таълим олиши ва яшаши учун муносиб шароитлар яратиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги ўн ой давомида Хорижий тиллар факултети талабалари учун 750 ўринли ва Табиий фанлар факултети талабалари учун 750 ўринли ўқув бинолари фойдаланишга топширилди. Ҳарбий таълим факултети 1050 ўринли ўқув биноси ва 200 ўринли Талабалар турар жойи капитал таъмирдан чиқариб, ишга туширилди.

    Байрам тадбирида Халқ таълим вазирининг буйруғига асосан 12 нафар профессор-ўқитувчилар "Халқ таълими фидоийси" ҳамда "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишонлари билан тақдирланишди. Шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори A.Қирғизбоев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг 3-даражали "Намунали хизматлари" учун кўкрак нишони соҳиби бўлди.

    Меҳридарё ва жонкуяр устозлар шарафига таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.


    Нигора МУРАТОВА,
    Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети матбуот котиби

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates