"Тажрибамни Ўзбекистонда муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлашга бағишламоқчиман"

    Зилзила содир бўлган вақти инсон жуда нохуш ҳолатга тушиши табиий. Унинг давомий ёки тез-тез тебраниши эса қаттиқроқ хавотирга солади.

    Ернинг бундай «ғазабланиши» бинолар ичида кучаяди. Натижада катта фалокатлар юз бериши мумкин. Бу ҳолатга фаннинг иншоотлар сейсмик бардошлилиги соҳаси билан шуғулланадиган олимлар яхши изоҳ бера олади.

    Чунки зилзилага бардошли бино ва уйлар мазкур соҳа вакиллари синовидан ўтгачгина барпо этилади. Шундай экан, инсон саломатлиги ва тинчлигини асрашда ушбу масъулиятли касб эгаларининг ўрни ниҳоятда муҳим.

    Иншоотларнинг сейсмик бардошлилиги бўйича етук муҳандис, фалсафа доктори (PhD), АҚШнинг Калифорния штати Беркли шаҳридаги университетнинг етакчи мутахассиси, Structures экспериментал лабораторияси мудири Шаҳзод Тоҳиров билан суҳбатимиз соҳада олиб борилаётган инновацион ва илмий янгиликлар хусусида кечди.

    Суҳбатимизни Structures экспериментал лабораториясининг фаолияти хусусидаги савол билан бошласак. Айтинг-чи, ушбу лабораторияда қандай изланишлар амалга оширилади?

    Экспериментал лабораториямизда иншоотларнинг сейсмик бардошлилиги соҳасига доир жуда кенг кўламли ишлар бажариб келинмоқда. Жумладан, ушбу соҳага тегишли тажрибалар ўтказилади.

    Асосий йўналишимиз биноларнинг сейсмик бардошлилигини ўрганиш бўлса-да, шу соҳага алоқаси бўлган бошқа тадқиқотларни ҳам амалда қўллашга ҳаракат қиламиз. Масалан, бино ва кўприкларнинг мониторингига доир кўплаб ишларни бажаришга муваффақ бўлдик. Айтиш жоизки, бу борадаги илмий ишлар бутун дунё бўйича бажарилмоқда, ҳатто юртимизда ҳам. Шунингдек, энергетика соҳасига оид анчагина тадқиқотларни ҳам амалга оширяпмиз. Дейлик, қимматбаҳо, муҳим электр подстанцияларда ўрнатилган ускуналарнинг сейсмик мустаҳкамлигини ошириш бўйича ҳам текширувлар ўтказдик. Қолаверса, денгиз тўлқинларининг қувватини электр қувватига айлантиришда қўл келадиган инновацион станцияни яратиш ҳамда ривожлантириш бўйича фаол изланишларни давом эттиряпмиз. Илмий ишларга қўшимча равишда талабалар билан ҳам шуғулланамиз ва бирга ишлаймиз. Назарий ва амалий билимларни уйғун олиб бориш лозим. Шундагина етук мутахассисларни тарбиялашга эришамиз.

    Калифорниянинг Беркли университетида кўплаб тадқиқотлар ўтказган экансиз. Айтинг-чи, изланишларингиз қай даражада ўз самарасини кўрсатмоқда?

    — Асосий касбим қаттиқ моддаларнинг деформациявий механикасини ўрганишдан иборат. Номзодлик ишимни ёқлаш даврида биноларнинг сейсмик бардошлилиги ва сейсмик тўлқинлар механикасига тегишли жараёнларни тадқиқ қила бошладим. 1995 йилда тадқиқотларимни давом эттириш йўлида Фулбрайт фондининг гранти соҳибига айландим. Олти ой давомида Калифорния университетида ўз кузатувларимни давом эттирдим. Албатта, бу илмий стажировка менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди. АҚШдан қайтгач эса докторантурани тамомладим. 1997 йили тадқиқотларимни давом эттиришим учун Калифорния университетига чақиришди. 2014 йилга қадар университетга қарашли Тинч океанидаги зилзилалар муҳандислик тадқиқот марказида ишлаб келдим.

    Дастлабки лойиҳамни жиддий муаммонинг ечимига қаратдим. Ёдингизда бўлса, 1994 йили АҚШнинг Норсриж шаҳрида кучли ер силкиниши содир бўлганди. Натижада темир ромлардан қурилган бинолар анча шикаст кўрди. Иншоотлардаги устунлар ва горизонтал тўсинлар бир-бирига пайвандланганди. Зилзила натижасида ушбу пайвандланган чокларнинг аксарияти ёрилган. Назарий ва экспериментал равишда олиб борилган тадқиқотимизда боғланиш йўлларининг янги усулларини амалиётга татбиқ этдик. Шу тариқа АҚШнинг қурилиш нормативларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

    Кейинги энг катта лойиҳаларимдан бири зилзила вақтида электрни иншоотлардан имкон даражада сақлаб қолиш масаласига қаратилганди. Зилзила таъсирида электр энергиясининг зарар кўриши катта иқтисодий зиёнга олиб келади. Масалан, Жанубий Кореяда жойлашган Самсунг компаниясининг компьютер микросхемаларини ишлаб чиқарадиган завод ярим соатга электр энергиясиз қолгани боис 85 миллион АҚШ долларига яқин зарар кўрди. Бундай муаммони бартараф этиш юзасидан бутун дунё бўйлаб изланишлар олиб борилмоқда. Бизнинг назарий ва экспериментал тадқиқотимиз натижасида электротехник ускуналарга янги талаблар қўйилди. АҚШда ва бутун дунё бўйича ишлатиладиган IEEE693 нормативига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Биз шу стандартнинг иккита охирги версиясида фаол қатнашдик.

    Учинчи катта илмий йўналишим иншоот ва ускуналарнинг сейсмик дампер ва изоляторлар билан мустаҳкамлигини ошириш эди. Сейсмик изоляторлар бинолар ва кўприкларнинг тагига қўйилади. У худди юмшоқ ёстиққа ўхшаб ишлайди. Натижада зилзила вақтида иншоот жойида туради, бироқ унинг тагидаги пойдевор ер билан бирга тебранади. Бу соҳада шу вақтгача тадқиқотлар олиб бордик. Қурилиш нормативларининг ўзгартирилишига кўмак бердик. Сейсмик изоляторларнинг иккита асосий турини ўрганиб чиққанмиз. Биринчиси резина ва темирдан ясалган бўлса, иккинчиси силжиш механикасига асосланган изоляторлардир.

    2014 йилдан бери олдинги лабораториядан беш баробар катта лабораторияни бошқариб келяпман. Дастлаб менга топширилган лаборатория жуда ёмон аҳволда эди. Бор куч ва шижоатимни ишга солиб, зарарга ботган лабораторияни икки йилда ўзини таъминлайдиган даражага етказдим. Ҳозирги кунда биз ўртача 10 та лойиҳа устида ишламоқдамиз. Барча ишчиларимизнинг дунё миқёсидаги илмий янгиликлардан хабардор бўлишига жиддий эътибор қаратамиз.

    Бугунги кунда амалиётга тегишли муаммоларга қизиқиш жуда катта. Тадқиқотларга қўшимча равишда дунёга машҳур компаниялар ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларнинг ечимини топиш мақсадида бизга мурожаат қилади. Масалан, мижозларимиз орасида Google, Tesla, USGypsum, Rockfon, Knauf, Mitsubishi, Hilti, Siemens ва бошқалар бор.

    — Зилзилага бардошли ва чидамли қурилмалар бўйича жуда кўп изланиш олиб боргансиз. Соҳангиз бўйича кўплаб маърузалар ўқигансиз. Ҳозир зилзилабардош қурилишлар бўйича қандай инновацион лойиҳаларни илгари суряпсиз ва бу бўйича қандай ишлар бажарилди?

    — Ҳар бир тадқиқот амалий муаммога тегишли ва у янги инновацион усулларни талаб қилади. Бу дегани ҳар бир лойиҳани амалга ошириш жараёнида янги экспериментал машина яратишга тўғри келади. Дастлаб лойиҳанинг концепцияси ривожлантирилади. Ундан кейин уч ўлчамли чизмалари тайёрланади. Экспериментал машинанинг юқори босимли кучлар таъсирини кўтара олиши компьютерда текширилади. Кузатувлар натижасида камчиликлар тўлдириб борилади. Шундан сўнг компьютер ёрдамида бошқариладиган токарлик ускунасида қисмлари тайёрланади. Керак бўлса, қисмлари бир-бирига пайвандланади ёки мурват ўрнатилади. Сўнг куч ҳосил қиладиган гидравлика боғланади. У эса компьютер томонидан бошқарилади. Натижада ягона дизайнга эга эксперимент ўтказадиган машина ясалади. Бу жуда ҳам мураккаб жараён.

    Охирги 10 йил ичида сенсорли технологияларида катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Бундай замонавий ривожланиш жараёнида биз ҳам фаол қатнашиб келмоқдамиз. Шу ўринда икки масалага тўхталиб ўтмоқчи эдим. Кўпинча Калифорния штатида катта ёнғинлар бўлиб туради. Кўп инсонлар ўз вақтида қочиб улгурмаслиги сабабли ўлим ҳолатлари рўй бераётгани ачинарли ҳол. Охирги ёнғинда тўқсонга яқин одам ҳалок бўлди. Асосан ёнғин ҳолати иссиқ кунларда шамолнинг таъсирида қайд этилаётганини алоҳида таъкидлашимиз мумкин. Дарахт шохлари электр симларининг учига тегиб кетгани туфайли учқун содир бўлмоқда. Мен шу масалага ечим топиш истагида янги усулни ўйлаб топдим. Ғоямни шакллантиришда лазерли сканерларнинг ёрдамига таяндим. Автомобилларга ўрнатилган лазерли сканерлар атрофдаги объектларни катта аниқликда ёзиб олишга қодир. Олинган маълумот бўйича дарахтнинг ёки дарахт шохларининг хавф солиши мумкинлиги ва унинг кесилиши керак бўлган ҳажмини билсак бўлади.

    Иккинчи мисол «ақлли шаҳар» тармоқларига тегишли. Аниқлиги юқори бўлган лазерли сканерлаш усули орқали биноларнинг деформация ҳолати мониторинг қилинади. Бу сенсор симсиз режимда ишлайди. Маълумотни зудлик билан мониторинг марказига етказиши мумкин. Олинган хабардан хулоса қилган ҳолда бинодаги одамларни эвакуация қилиш, унинг ёнига бормасдан ва ичига кирмасдан туриб марказ томондан қабул қилиниши мумкин.

    Айни дамда Ўзбекистонда ҳам янги лабораториялар ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Лабораторияларда ишлаш учун билимдон муҳандислар ниҳоятда зарур. Афсуски, юртимизда бундай мутахассислар саноқли. Калифорния университетидаги лаборатория янги муҳандисларни тайёрлашга шай.

    — Биноларнинг зилзилага бардошлилиги бўйича бошқа мамлакатларда ҳам кузатув ишларини бажарган экансиз. У ерда қандай муаммолар кузатилмоқда? Муаммолар ечими бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

    — Бизнинг тажрибамиз ва билимимизга дунё бўйича талаб катта. Университетда амалга оширилаётган тадқиқотга қўшимча равишда дунё бўйича кўплаб амалий муаммоларни ечишда қатнашиб келяпман. Жумладан, яна бир изланишим АҚШдаги энг йирик лойиҳалардан бири — қуёш нурини электр энергиясига айлантирадиган станция қурилиши билан боғлиқ. Иванпах номли бу станция Невада ва Калифорния штатлари чегарасида жойлашган чўлда қурилган. Бу ерда кучли шамоллар бўлиб туради. Қуёш нури ойналар билан битта нуқтада йиғилади. Шу нуқтага қарата катта ҳажмли қозон қўйилган. Қозон миноранинг устида ўрнатилган (ҳаммаси бўлиб учта минора қурилган). Кучли шамол эсганда миноралар титраши оқибатида нур йиғилган нуқтадан қозон силжиб қолиши мумкин. Ушбу силкинишни камайтириш учун махсус дампер ўрнатилган. Бизнинг вазифамиз шу дампернинг тўғри ишлашини исботлашдан иборат эди.

    Йирик лойиҳаларимиздан яна бири Янги Зеландияда қурилаётган катта электрик подстанцияга тегишлидир. Эътиборимиз ҳамма электр ускуналарнинг сейсмик бардошлилигини таъминлашга қаратилганди. Зиммамизга қўйилган бурчни адо этиш йўлида дунё бўйича тадқиқотлар олиб бордик. Барча ускуналарнинг сейсмик бардошлилиги сейсмоплатформалардаги зилзила таъсирида исботланди. Мазкур экспериментларни АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия, Греция ва бошқа мамлакатларда ўтказишга эришдик.

    Бундан ташқари, яна бир ишимиз Мексикадаги ичимлик сув таъминлайдиган трубаларнинг сейсмик мустаҳкамлигини яхшилашга қаратилди. Ушбу трубалар эски норматив қоидалар асосида қурилган. Ҳозирги замон талабларига мутлақо мос эмас. Мексика шаҳри эса кўлнинг ўрнида қурилгани боис чўкиб бораётганди. Кучли ёмғир ёки зилзила вақтида ўпирилиш ҳолати рўй беради. Оқибатда сув таъминоти кўп вақтгача тўхтатиларди. Ушбу муаммога ечим топиш мақсадида бизни чақиришди. Анча вақт олиб борилган кузатувларимиз ва таҳлилларимиз натижасида ушбу трубаларни янги технология асосида Японияда ишлаб чиқариладиган трубаларга алмаштириш лозимлигини аниқлашга эришдик.

    Табиийки, тарихий обидалар ҳар бир мамлакатнинг кўрки ва фахридир. Уларни узоқ йиллар сақлаш мақсадида қандай ишлар амалга ошириляпти?

    Тарихий обидаларни сақлашда дунё бўйича бир қанча ишларни амалга ошириб келаётганимиз кўпчиликка аён. Тадқиқот учун, албатта, инновацион технологияларга таянамиз. Биринчи халқаро тадқиқотимиз 2010 йили Гаитининг Порт-о-принс шаҳрида юз берган зилзиладан кейин бошланди. Ушбу тадқиқотда инновацион лазер сканерлаштириш технологиясини қўлладик. Лазер сканер объектнинг миллион ёки миллиард нуқтасини уч ўлчамда аниқлаб, уларни йиғиб, ёзиб олади. Натижада объект геометрияси нуқталар булути шаклида қайд этилади. Шу технология асосида дунёда биринчи марта бинолар ва иншоотларнинг шикастланишларини уч ўлчамда ўлчадик ҳамда шу мураккаб ўлчамларни оддий, муҳандислар учун тушунарли ҳолатга айлантириб бериш усулларини ривожлантирдик. Шунга ўхшаш ишлар 2014 йилда АҚШнинг Напа шаҳрида бўлган зилзиладан кейин ҳам давом эттирилди. Зилзила натижасида бинолар ва иншоотларнинг шикастланишлари текширилди ва тиклаш усуллари тавсия қилинди.

    Ўзбекистонда лазер технологиясини 2013 йилдан бошлаб қўллаб келяпмиз. Биринчи тадқиқотимиз Самарқанднинг Регистон майдонини лазер сканер билан ўлчаб чиқишдан бошланди. Ундан кейин Тошкент, Бухоро ва Шаҳризабздаги тарихий обидаларни лазер сканер билан ўргандик. Йиғилган нуқталар булути асосида бир неча бинонинг компьютерлаштирилган моделлари яратилди. Ушбу моделларнинг зилзила таъсирига бардошлилиги компьютерда текширилди. Шу тадқиқот натижалари бўйича реконструкцияга тегишли стратегия усуллари ривожлантирилди. Инновацион дамперларнинг бинолар мустаҳкамлигини оширишда жуда яхши усуллиги кўрсатилди. Бу дамперлар замонавий технологиялар асосида яратилган. Қолаверса, улар кам жой эгаллайди ва обидаларнинг ташқи кўринишига у даражада таъсир кўрсатмайди.

    — Сиз ҳақингиздаги маълумотларда Ўзбекистондаги илмий жамоатчилик билан алоқаларингиз ҳам қайд этилган. Зилзилабардошлилик бўйича юртимизда ривожланиш қай даражада? Бу борада қандай янги технологиялар қўлланмоқда?

    Асосий таълимни Ўзбекистон ва Россияда олганман. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир. Бизда назарий таълим кучли бўлган. Лекин назарий билим амалиётда қўлланмаса, эсдан чиқади. Талабалик даврида ёшлар назарияни тадқиқот орқали мустаҳкамласа, бу билим бутун умр хотирасида муҳрланади.

    Афсуски, юртимизда дунё даражасидаги экспериментал ускуналар ва лабораториялар мавжуд эмас. Зилзила кучи жуда қаттиқ зарба беради. Бундай кучга чидамли технологияларни яратиш ва текшириш учун махсус бинолар ва ускуналар керак. Шу боис мен билимим ва тажрибамни Ўзбекистонда муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлашга бағишламоқчиман. Халқаро тадқиқот ва таълим маркази очилиши бўйича ўз таклифимни Калифорния университети орқали ёзиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига топширдим. Ўйлайманки, марказ бир-бирига яқин бўлган кўп муҳандисларни бирлаштириб, Ўзбекистондаги соҳага доир амалий муаммоларни ечишга хизмат қилади. Бундан ташқари, марказ қошида замонавий дунё талабларига мос лаборатория очишни ҳам тавсия қиляпмиз. Биз ёшларни мактаб давридан муҳандисликка қизиқтириб, кейинчалик талабалик пайтида улар билан ишлашни давом эттиришни эътиборга олдик. Энг иқтидорли талаба ва аспирантларни шу марказда тадқиқотларга жалб этиш ниятидамиз. Марказда ишлашга дунё бўйича таниқли экспертларни ҳам таклиф қилишни кўзлаб қўйдик.

    Мақсадим шуки, марказда бажарилган тадқиқотлар натижасида Ўзбекистоннинг қурилиш нормативлари замонавий талабларга мос равишда ўзгартирилади. Иккинчидан, инновацион мониторинг усуллари асосида қурилган бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги мунтазам кузатиб борилади. Учинчидан, лабораториянинг бир қисми темир йўлларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилишини ҳам инобатга олдим. Бу жараёнда поездларнинг тезлиги ва оғирлигини ошириш муаммолари ечилади. Кенг қўламдаги ишлар инновацион мониторинг усуллари ва экспериментлар ёрдамида амалга оширилади. Масалан, тезюрар поезддан ёзиб олинган кучлар лабораторияда такрорланиши ва шу кучларни камайтириш йўли топилиши мумкин. Шунингдек, лабораторияда катта сейсмоплатформа ўрнатилиши тавсия қилинган. Унда катта ёки асл масштабда бўлган биноларнинг зилзилабардошлилиги текширилади. Қўшимча тарзда Ўзбекистонда чиққан электр ускуналарнинг сейсмик бардошлилиги текширилиб, чет элда сотилиши учун сейсмик квалификациядан ўтказилади. Марказда йиғилган маълумотлар янги замонавий ва инновацион усуллар билан таҳлил қилинади: сунъий интеллектга тегишли усул, янги сенсорлар ва янги мониторинг усуллари яратилади.

    Келгусидаги режаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз. Ҳозир қандай изланишлар билан бандсиз?

    Айни дамда мазкур халқаро марказни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қиляпман. Яқинда яна бир грант ғолиби бўлдим. Грантга АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали маблағ ажратилган. Лойиҳамга доир ишлар юртимизда олиб борилади.

    Бу грант бўйича чет элда орттирган билим ва тажрибамни ёш тадқиқотчилар билан бўлишиш мақсадида Урганч давлат университети қошида икки ҳафталик тадқиқот маърузалари ўқиш ва лабораторияга оид дарслар бериш арафасидаман. Албатта, маърузаларимни тинглаган талаба, аспирант ва педагоглар замонавий инновацион мониторинг усуллари бўйича етарлича маълумотга эга бўлиши мумкин. Таълим жараёнининг якуний амалий қисми қадимги Хива шаҳрида бўлиб ўтишини режалаштирдим. Қадимги иншоотлардан бирини танлаб, уни лазер сканер ва бошқа инновацион мониторинг усуллари орқали ўрганамиз.

    Зилзилабардошлилик ва бошқа хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича билим ва тажрибага эга халқаро экспертларни ҳам Ўзбекистонга жалб қилишга киришдим. Шунингдек, дунёга машҳур Miyamoto International компаниясининг филиалини Тошкентда очишга эришдим. Унинг дунё бўйича 20 та филиали мавжуд эди. Ўзбекистондаги филиали йигирма биринчи бўлди.

    Хурсандманки, ташаббусим туфайли 2019 йили 750 нусхадан ортиқ илмий китоб ва журналлар Ўзбекистон миллий кутубхонасига етказилди. Бу акцияда кўплаб ватандошларимиз ва АҚШнинг таниқли профессорлари қатнашди.

    Хуллас, қўл қовуштиришга вақт йўқ. Режалар ва ишлар бисёр. Ҳаётда эришган ютуқларимда оиламнинг ёрдами ниҳоятда катта. Доимо мени қўллаб-қувватлагани учун, аввало, турмуш ўртоғим ҳамда фарзандларимдан жуда миннатдорман.

    Севара АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates