Билимни баҳолаш тизими нима учун муҳим?

    Биз яшаётган асрда чет тилларни ўзлаштириш билимни баҳолаш тизимига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

    Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга қаратилган эътибор халқаро ҳамжамиятда буюк аждодларимиз томонидан қолдирилган анъаналарни талаб даражасида давом эттириш, ривожлантириш йўлидаги ҳаракатларини фаоллаштираётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилишича, хорижий тилларни ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим сифатини тубдан ошириш, соҳага малакали педагогларни жалб этиш ҳамда аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишдир.

    Бугунги кун талаблари асосида чет тилларни ўзлаштириш деганда барча соҳадаги мутахассисларимиз томонидан чет тилида равон гаплашиш, мулоқот маҳоратига эришиш назарда тутилади. Биз яшаётган асрда чет тилларни ўзлаштириш билимни баҳолаш тизимига кўп жиҳатдан боғлиқлигини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса, ўзлаштирилаётган билим, кўникма ва малакаларни замонавий тестлар ёрдамида текшириб боришни тақозо этади. Билимни талаб даражасида баҳолаш сифатли, бугунги кун талабига жавоб берадиган тестларни яратилишига кўп жиҳатдан боғлиқ.

    Биз бир ўта муҳим нарсани ёдимизда тутишимиз керак, у ҳам бўлса – билимни назорат қилиш, ўзлаштирилаётган билим, кўникма ва малакалар доимий равишда текширилиб бориладиган ўта муҳим ишлардан биридир.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи халқаро тан олинган сертификатларнинг рўйхати ҳамда хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларнинг даражалари ўртасидаги мувофиқликни тасдиқлаш Агентликнинг чора-тадбирлар режасига киритилган.

    Инглиз тили ўқитувчиларининг халқаро тан олинган малака ошириш курслари (TKT, TESOL, TEFL, CELTA ва бошқ.)да сертификатлаштириш тизимини ташкил қилиш мақсадида Агентлик мутахассислари тавсия этилган тестлар қаторида Linguaskill тести базасини ўрганиб, таҳлил қилиб чиқишди.

    Linguaskill тести Cambridge Assessment English экспертлари томонидан тузилган бўлиб, 14 ёшдан катта тил ўрганувчилар учун умумий инглиз тили даражасини аниқлаш, талабалар курсни битириши ва тил билиш қобилияти учун изчил ва мустақил маълумот топиши, ходимлар учун ишга кириш ва лавозим ошиши, ютуқ ва камчиликларни кўрсатишда, номзодларни тегишли курсга жойлаштиришда ва CEFR A1-C1 даражасига тенг барча даражадаги тест топширувчилар учун тавсия этилади.

    Бўлажак чет тил ўқитувчилари олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни талаб даражасида ўзлаштириб, кундалик таълим жараёнида қайд этилган тестлардан унумли фойдалана олишлари давримиз талабидир. Унумли фойдаланилган тестлар дарс олиб бораётган ўқитувчининг чет тил билан боғлиқ амалий ва назарий билими, замонавий методлардан бохабар бўлиб, улардан қай даражада фойдаланаётганининг ҳам кўрсаткичидир. Шундай экан, ўқув жараёнига тестлардан фаол, талаб даражасида фойдаланишга миллий манфаатларимизни таъминлашга ўзининг жиддий ҳиссасини қўшадиган восита сифатида қарашимиз керак.

    Назира НУРМАТОВА,

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

    Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг

    Ҳудудларда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўлими бош мутахассиси