баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Бир дарёдан сув ичган икки халқмиз

    Ўзбек ва қирғиз халқи азал-азалдан қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб аҳил-иноқликда яшаб келишган. Йиллар давомида бу икки халқнинг ўзаро ҳамкорлик ришталари турли синовларга дош бериб, қондош ва жондош, ҳар томонлама ишончли мамлакатга айланишди.

    Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 11-12 март кунлари Қирғизистон Президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан юртимизда бўлиб, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича олий даражадаги музокаралар ўтказилган эди. Расмий мулоқотлар чоғида Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида 2021 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича «йўл хариталари» тасдиқланганди.

    Мазкур учрашувларнинг мантиқий давоми сифатида шу йил 18 март куни маҳаллий ҳокимликлар масъуллари, тадбиркорлик субъектлари вакилларидан иборат Наманган вилояти делегацияси Жалолобод вилоятига амалий ташриф билан бориб, икки томонлама қатор келишувлар йўлга қўйилганди.

    30-31 март кунлари эса Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттар Сиргабаев бошчилигидаги делегация жавобан Наманган вилоятига ташриф буюрди. Делегация аъзолари Андижон вилоятидаги «Маданият» чегара-божхона постида миллий урф-одатларимизга биноан кутиб олинди.

    Ташриф муносабати билан дастлаб вилоят ҳокимлигида расмий қабул маросими ўтказилди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттор Сиргабаев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусов иштирок этган учрашувда алоҳида урғу қаратилганидек, ўзбек ва қирғиз биродарлиги йўлида янги давр бошланди.

    Маълумот ўрнида, Наманган Қирғиз миллий-маданий маркази раҳбари Мафиратхон Истамқулованинг айтишича, етти тумани Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти билан чегарадош бўлган Наманган вилоятида бугунги кунда 23 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб фуқаролар муносиб ҳаёт кечиришмоқда. Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларидаги қирғиз маҳаллаларида қардош элнинг урф-одатлари юксак қадрлаб келинмоқда. Бундан ташқари, вилоят Қирғиз миллий-маданий маркази, учта қирғиз мактаби ва қирғиз ишбилармонлари сармояси иштирокидаги тўққизта қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

    Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида эса айни пайтда 1 миллион 238 минг аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 26 фоизи ўзбеклардан иборат. Ўзбек тилига ихтисослашган 21 та мактабда зарур шароитлар ҳозирланган. Ўзбек тилида «Янги тонг» газетаси ҳам босилади.

    - Имзоланган тарихий ҳужжат вилоятлараро кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва бундан ҳам юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади. 2020 йилда вилоятимизнинг Қирғизистон Республикаси билан ўзаро товар айланмаси 102 миллион 600 минг долларни ташкил қилди. Бунда Наманган экспортида Қирғизистоннинг улуши 25 фоиз бўлди, - деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. - Ҳуқуқий қомус сифатида дастуриламал вазифасини ўтайдиган «Йўл харитаси»га асосан қиймати 22 миллион долларлик 6 та лойиҳани амалга ошириш ва 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш ҳамда қиймати 132 миллион 500 минг долларга тенг 35 та савдо шартномаси ижросини таъминлаш белгиланган. Қолаверса, икки ҳудуд ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Учқўрғон – Кенсай», «Нанай – Кербен» чегара-божхона пости фаолиятини қайта тиклаш ва «Косонсой – Баймак» чегара-божхона ўтиш пункти орқали транспортлар ҳаракатига рухсат бериш учун амалий ишлар бошлаб юборилган. Чегаролди ҳудудларда ўзаро савдони кенгайтириш, логистика марказлари ташкил этиш, туризмни ривожлантириш ҳисобига 1500 зиёд иш ўрнини очиш имконини беради.

    Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусов «Юртимиздаги дипломатик миссияни бошлаган вақтимда тўртта назорат-ўтказув пункти ишлаган. Ҳозирга келиб уларнинг сони саккизтага етган. Яқинда икки мамлакат Президентлари учрашуви давомида барча 15 та назорат-ўтказув пунктларини очиш бўйича топшириқ юклатилди. Санитария, божхона ва чегара қўшинлари ўз масалаларини ҳал этишса, уч ой ичида барчасини очамиз. Биринчи бўлиб 1 апрелдан Фарғона вилоятининг Риштон ва биз тарафдан «Қайтмас» постидан бошлаймиз. Пунктлардан ўтаётган фуқаро паспорт текшируви учун бир ярим дақиқадан ортиқ вақти кетмаслиги таъминланади. Икки тарафлама ўтказиш пункти бўйича меъёрий талаблар ечилганидан кейин Жалолобод ва Наманган ўртасида автомобиллар қатнови ҳам йўлга қўйилади», деди журналистларга берган интервьюсида.

    Демак, 500 километрга яқин айланма йўл масофасининг қисқариши ва Хитойга транспорт-логистик харажатларни камайтириш натижасида маҳсулотлар таннархи пасаяди.

    Томонлар иқтисодий муносабатлардан ташқари, олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик, талабалар алмашинуви соҳаларида яқиндан ишлашга тайёрлигини билдирди. Расмий қабулдан сўнг «Уч фаввора» хиёбонида Наманган ва Жалолобод вилоятлари «Биродар ҳудудлар» дея эълон қилинганига бағишланган тантанали маросим уюштирилди. Унда икки вилоятлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва вилоят Қирғиз миллий-маданий маркази фаоллари қатнашди. Хиёбон ҳудудига Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги тарихий кунни ўзида акс эттирувчи монумент ўрнатилди. Бу хиёбонга ҳамдўстлик мамлакатларидан биринчи бўлиб Қирғизистон Республикаси байроғи олқишлар остида кўтарилди.

    Жалолобод вилоятининг администрацияси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, саноат корхоналари раҳбарлари, ишбилармонлар доиралари вакиллари, журналистлардан иборат делегация аъзолари Наманган шаҳрида жойлашган мономарказ, вилоят марказининг Давлатобод туманидаги «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи, «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонаси, Президент мактаби, «Даштбоғ», «Орзу» ва «Юксалиш» кичик саноат зоналаридаги «Dreamliner textile», «Ideal orzu tekstil», «Art soft cluster holding», «Flat tile», «Zamin kiyim sanoat», «Samira amir tekstil», «Fabrika nashe», «Santex dizayn», «Aisha home textile», «Merrymed farm» МЧЖ каби корхоналар фаолияти билан танишдилар. Мазкур корхоналар билан биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар алмашилди. Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш мажмуалари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

    «Навкент - Ўш оралиғи 200 километр. Учқўрғондаги пост очилгач, Ўшга Наманган орқали 70 километр йўл босамиз, яъни 130 километр ютамиз», дейди «Дўстук айил укмати» бошчиси Замирбек Мамасадиков.

    - Туманимиз маркази Кербен шаҳрида 6 минг атрофида ўзбек яшайди. Кербен Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманига қарашли Нанай қишлоғи билан чегарадош. Агар аввал шу ернинг ўзида бўлган назорат пункти тикланса, Наманганга ўтиш учун Баймакдан 50-60 километрлаб узоқ йўл босиб юрилмайди, масофа буткул яқинлашади. Айни муҳим масалани икки вилоят раҳбарлари маслаҳатлашишди ва расмий қабул вақтида ижобий ҳал қилинди, - дейди Жалолобод вилоятининг Ахси тумани ҳокими Жиргалбек Шакиов. - Дарвоқе, Наманган шаҳридаги улкан қурилишлар, замонавий бинолар қиёфаси, йўл инфратузилмаси, ландшафт дизайни, Президент мактаби ва яқинда фойдаланишга топширилган замонавий ахборот-кутубхона марказининг ноодатий меъморий услубдаги архитектураси жуда ёқди.

    Ташрифнинг иккинчи кунида Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттар Сиргабаев бошчилигидаги делегация аъзолари Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлигида Тўрақўрғон туманида Наманган – Жалолобод бизнес форуми ва «Made in Namangan» маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўргазмасида иштирок этди. Унда 50 дан ортиқ саноат ишлаб чиқариш корхонаси маҳсулотлари намойиш қилинди.

    Форумда Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттар Сиргабаев нутқ сўзлаб, ҳамкорликни ривожлантириш тадбирлари давом этишини билдирди.

    - Менга, айниқса, Наманганнинг текстиль йўналишида Европа бозорларида ўз ўрнини топиб, ривожланган давлатлар тадбиркорлари билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани маъқул келди. Вилоят экспорт ҳажмида тикувчилик маҳсулотлари улуши 50 фоиз экан. Хусусий ва кичик бизнес вакилларига, хорижий инвесторларга яхши шарт-шароитлар борлигига ҳавас қилдик. Ўрганадиган жиҳатларимиз кўп, - деди Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттар Сиргабаев.

    Маълумот учун, «Наманган» ва «Косонсой» эркин иқтисодий зонаси ҳамда вилоят шаҳар ва туманларидаги 73 та кичик саноат зонасида яна мингдан ортиқ лойиҳа ишга тушиши натижасида кўрсаткич икки баробарга ошиб, 9 триллион сўмлик маҳсулотлар экспортга ва маҳаллий бозорга чиқарилади. 2021-2022 йиллар мобайнида Наманган вилоятида умумий қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларлик 1 минг 700 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

    Форумда зиёрат туризмини ривожлантириш, Наманганда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган қирғизистонлик ишбилармонларни вилоятдаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида лойиҳаларини татбиқ этиш, чорвачилик ва пиллачилик соҳаларида биргаликда кооперация алоқаларини йўлга қўйиш каби истиқболли таклифлар билдирилди, режалар ва имкониятлар ўртоқлашилди.

    Ҳар икки вилоят тадбиркор ва ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро «B2B» форматдаги музокаралари натижасида Наманган ва Жалолобод вилоятлари бизнесменлари ўртасида бир қатор меморандум ва битимларга эришилди.

    Хусусан, Уруғчиликни ривожлантириш маркази Наманган вилояти бошқармаси ҳамда «Миркозим ҳожи ферма чорваси» фермер хўжалиги ўртасида уруғлик чигити ва буғдойини етказиб бериш бўйича 65 минг АҚШ долларлик меморандум, Поп туманидаги «Асадбек Чоркесар» фермер хўжалиги ва «Қирғиз эко экспорт» масъулияти чекланган жамияти ўртасида чорвачиликни ривожлантириш ва жунни қайта ишлаш бўйича 30 миллион АҚШ долларлик битим, Наманган шаҳридаги «Наманган порлоқ таъмирлаш сервис» МЧЖ ҳамда Навкент тумани маъмурияти ўртасида қурилиш маҳсулотларини экспорт қилишга оид битим тузилди. Шунингдек, Наманган вилоятидаги тур операторлар билан «Сари – Челек треккинг» туристик компанияси ўртасида зиёрат ва экотуризмни ривожлантириш, ўзаро сайёҳлар ташрифларини ташкиллаштириш бўйича меморандум, Уйчи туманидаги «Уйчи Асака» агрофирмаси ҳамда «Тилек» агрофирмаси ўртасида органик ўғитлар ишлаб чиқаришга қаратилган 6 миллион долларлик ҳужжатлар имзоланди. Чортоқ туманидаги «Глобал экспорт Чартак» масъулияти чекланган жамияти томонидан Жалолободга 5 миллион АҚШ доллари миқдорида қуритилган мева етказиб беришга ҳам келишилди.

    - Ўзим олабуқаликман, Наманганда бундан ўттиз йилча аввал бўлганман. Бир дарёдан сув ичсак-да, мен эски тасаввурда юрган эканман. Вилоятингиз мустақиллик йилларида тамомила ўзгариб, гўзаллашиб, барча соҳада ривожланиб, анча олдинлаб кетибди. Айниқса, гуллар диёри номи билан машҳур, озода Наманган шаҳрида бунёдкорлик авжида, юксалишлардан ҳайратдаман. Очиғи, ҳудуддаги аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз қатлам вакилларини бепул 12 хил касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш мақсадида янги барпо этилган мономарказ эътиборимни тортди. Бунақа тажрибани илк бор Наманганда кўрдим, - дейди Жалолобод вилоятининг иқтисод ва инвестиция бошқармаси сектор бошлиғи Айнагул Баймирзаева. - Наманганда май ойида ўтадиган анъанавий 60-Халқаро гул байрамига таклиф этилганимиздан бошимиз осмонга етди. Мамнун кайфиятга юртимизга қайтяпмиз, меҳмондорчилик учун ташаккур, юксак эътибордан миннатдормиз! Юқори савияда ва кўтаринки руҳда кечган икки кунлик ташриф тили ва дини бир қардош элларимиз учун манфаатли бўлгани, кўнгилларда меҳр-оқибатни кучайтирганидан ғоят хурсандмиз!..

    Хайрлашув онларида Жалолобод вилояти маданият бошқармаси бошлиғи, оқин, Қирғизистон халқ шоири Раҳматилла Қўзукеевнинг дилсўзларини тингладик: «Наманган биз учун қадрдон вилоят, мен ўзим Учқўрғонда улғайганман. Йўллар очилиб, ришталар қайта боғлангани учун давлатларимиз раҳбарларига мингдан-минг ташаккур. Сизлар билан тарихимиз, анъаналаримиз, маданиятимиз ўхшаш, ери ерига туташ, бозор ва мозоримиз битта. Ҳамжиҳатликда беқиёс кучмиз, порлоқ келажагимиз сари олға, самимий дўстлигимиз абадий бўлсин!»

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    April 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates