Бир маҳаллада 100 га яқин иссиқхона

    Қобила опанинг оиласида бошланган ташаббуснинг маҳалладаги издошлари кўпайиб бормоқда.

    Азалдан деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланиб келган Фарғона туманидаги Новкент маҳалласи ахли ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади. Иситиш тизими, электр энергия талаб қилмайдиган иссиқхонада қўзиқорин, цитрус мева, сабзавотлар етиштирилмоқда.

    Қобилахон Мадиёрова бу соҳада яхши тажриба тўплади. Кам харажат, ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган қўзиқорин йил давомида ҳосил беради. Хонадондаги мўъжаз иссиқхонада баравж ривожланаётган экинлар ҳосил чўғидан дарак бериб турибди. Нархи ҳам чакки эмас. Айни кунда бир килограмм маҳсулотнинг улгуржи нархи 15 минг сўм.

    — Тошкентдан уруғ олиб келиб самарасини синаб кўрдик. Натижа чакки бўлмади, — дейди Қобила опа. — Ҳозир икки сотих жойда қўзиқорин етиштиряпмиз. Уни парваришлаш жуда оддий. Иккиламчи хом ашё — шелуха махсус қопларга жойланиб, уруғ қадалади, қишда иссиқ жойда, ёзда салқинда парваришга қўйилади. Уруғлар ўн-ўн беш кунда ҳосил бера бошлайди. Битта икки килограмм шелуха солинган қопга жойланган уруғлар 10-12 килограммгача ҳосил беради. Бу ишларга қўл уриб кам бўлганимиз йўқ. Уй -жой, оиламиздаги фаровонлик ҳамжиҳатликда қилинган меҳнатимиз маҳсули.

    Маълумот ўрнида айтиш жоиз қўзиқорин таркиби калций, фосфор, олтингургут, йод каби микроэлементларга бой. Иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради, қон томирларни тозалаб, холестеринни камайтиради. Асаб тизими учун фойдали. Мутахассислар қўзиқоринларни ортиқча тана вазнига эга бўлган одамларнинг рационига киритишни тавсия қилади. Чунки у жуда тўйимли.

    Қобила опанинг оиласида бошланган ташаббуснинг маҳалладаги изждошлари кўпайиб бормоқда. Хонадон эгалари томорқачиларга қўзиқорин экиш, уруғ етказиб бериш ишларида ёрдам бермоқда, йўл-йўриқ кўрсатиб даромад топмоқда.

    Нодиржон Исмоилов оиласи “Темир дафар”га киритилган. Касб-ҳунари бўлмаган оила ёлланма иш билан шуғулланади, топгани рўзғордан ортмайди. Хўжалигида томорқа экин майдони бор, лекин ундан унумли фойдаланмаган. Маҳалла мутасаддилари бу оилага субсидия асосида иссиқхона қуришга ёрдам берди. Унга лимон кўчатлари ўтқазилди, экинлар оралиғида сабзавот экинлари, қўзиқорин парваришлашга кўмаклашилди. Қўзиқорин ва сабзавотлар тез кунларда бозорга чиқади.

    — Ҳудудимизда ишлаб чиқариш корхоналари йўқ. Лекин томорқачилик ривожланяпти, янги лойиҳа ва ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамарўзи Мадмаров. — Ўтган йил банк томонидан ажратилган имтиёзли сармоялар туфайли 56 та хонадонда иссиқхона қурилди. Айни кунда яна 30 та ана шундай лойиҳа амалга оширилади. Шу кунга қадар 9 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар муқим даромад манбаига эга бўлгани учун “Темир дафтар”дан чиқарилди. Маҳалламизда бекор юрган одам, бўш қолган томорқа йўқ. Йилнинг тўрт фаслида кафтдек ердан унумли фойдаланаётган томорқачилар сафи кундан кунга ортиб бормоқда. Айни кунда 32 нафар ишсиз хотин–қизларнинг 22 нафари “Одис-Афрўз” ва “Водий Шоес” ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлашди, 5 нафари қайта касбга ўқитиш учун йўналтирилди, 5 нафарига ҳуқуқий, психологик маслаҳатлар берилди. Натижада камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар кундан кунга камайиб бормоқда.

    Равон кўчалар, табиий газ, электр, тоза ичимлик суви таъминотида ташаббускор, саховатпеша томорқачиларнинг ҳиссаси катта. Халқ хашари асосида 1600 метр масофага тоза ичимлик суви тортилди. Саодат, Ибрат, Навқирон кўчалари шағаллаштирилди. Фаробий ва Саодат кўчалари кесишмасида севетафор ўрнатилди. Айни кунда янги сув қудуғи қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бу уч минг нафардан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондиради.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    журналист