Бир қатор туман ва Каттақўрғон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси муҳокама этилди

    Мамлакатимизда 1 март 2022 2307

    2022 йил 1 мартда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда Боёвут, Бўстон, Тўрақўрғон, Қарши, Олот туманлари ва Каттақўрғон шаҳрини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича тасдиқланган дастурлар ижроси муҳокама қилинди.

    Таъкидланганидек, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишида умумий қиймати қарийб 1 триллион 650 миллиард сўмлик 358 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 4 700 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган.

    Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирлар доирасида 194 миллиард 800 миллион сўмдан зиёд бюджет маблағлари ҳисобига 17 та мактабгача таълим ташкилоти, 27 та умумтаълим мактаби, 3 та тиббиёт коллежи ва 12 та соғлиқни сақлаш муассасаси бинолари ҳамда 3 та маданият объектида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

    Бундан ташқари, ҳудудлардан ўтувчи 214,1 километр узунликдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Жумладан, Қарши туманида 6 километр Тўрақўрғон туманида 21,1 километр, Бўстон туманида 120 километр, Олот туманида 19 километр ҳамда Каттақўрғон шаҳрида 48 километр автомобиль йўллари қурилган ва қайта таъмирланган.

    Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 10 та сув иншооти қурилиб, 502,1 километр узунликдаги ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилган, кўп квартирали уйлар олдида 12 та болалар спорт майдончаси фойдаланишга топширилган, 7 880 квадрат/метр кириш йўлаклари таъмирланиб, 211 та тунги чироқ ўрнатилган ҳамда 11 та замонавий тандирхона ва 7 та ҳожатхона қурилган.

    Мажлисда мазкур ҳудудларни 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури ижросини ўрганиш давомида аниқланган камчиликларга урғу берилди.

    Жумладан, дастурларда молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб қўйилганлигига қарамасдан, маблағлар ажратилмаганлиги сабабли бир қатор тадбирларнинг бажарилиши таъминланмагани таъкидланди.

    Хусусан, Боёвут туманида 2 та ҳамда Бўстон туманида 1 та лойиҳа бўйича тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилмаган.

    Тўрақўрғон туманидаги 6 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун Инвестиция дастурида кўзда тутилган 23 млрд сўмлик маблағлар ажратилмаган.

    Маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 17 миллиард 500 миллион сўм маблағлар ажратилмаганлиги сабабли Қарши туманида 2 та, Тўрақўрғон туманида 8 та, Боёвут туманида 2 та, Олот туманида 1 та лойиҳанинг ижроси таъминланмаган.

    Шунингдек, айрим вазирлик ва идоралар томонидан тегишли маблағлар ажратилмагани оқибатида дастурда белгиланган ишлар бажарилмасдан қолаётгани алоҳида қайд этилди.

    Сенат аъзолари камчиликларни бартараф этиш борасида ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.