Битирувчиларимиз салкам мутахассисга айланади

    Лекин IT йўналишида қизларимиз улуши кам. Хўш, нега?

    Чунки қўрқишади ёки ота-оналари идиологияси туфайли бу касб қизларга тўғри келмайди, деган эски қарашлар тўсиқ бўлади. Бироқ эндиликда бизда янгича қарашлар шаклланяпти.

    БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг бир милллиарддан зиёд ўқувчиларнинг мактабларга бормаётгани «авлодлар фалокати»олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Дарҳақиқат, мактаблар порлоқ келажакка йўлловчи қутлуғ даргоҳлардир. Эртамиз эгаларининг ҳар томонлама баркамол, интеллектуал етук бўлиб тарбия топишларида улар ғоят муҳим ўрин тутади. Айниқса, илм-фан шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда фарзандларимизни замонавий соҳаларга йўналтириш, бу борада мактабларни ихтисослаштириш орқали кутилган натижаларга эришиш бугуннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидандир.

    Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослашган мактаб директори Хилола Умарова билан бўлган суҳбатимизда ана шу долзарб масалалар ҳақида фикр алмашдик.

    — Мутахассис сифатида бугунги кунда юртимизда ахборот технологиялари соҳасида олиб борилаётган ишлар, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга муносабатингиз...

    – Йилдан-йилга ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) шиддатли ривожланаётгани туфайли, бугун мазкур соҳа тилини ўрганиш – ўқиш ва ёзишни билишдек муҳим бўлиб боряпти.

    Айниқса, 2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” дея номланишини нафақат жорий йил учун Дастур, балки мамлакатимизнинг кейинги тараққиёт йўлини белгиловчи фундаментал аҳамиятга эга тарихий ҳужжат сифатида ҳам баҳолаш зарур.

    Юртбошимиз томонидан АКТни ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кенгроқ жорий этиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича бериб борилаётган аниқ вазифалар, жумладан, 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса яқин келажакда қатор ижобий натижаларга эришишимизда дастуриамал бўлиб хизмат қилади.

    Бу борада, аввало, замонавий дастурчилар тайёрлаш муҳимлиги тушунилгач, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси йўлга қўйилди ва унга дастлабки босқичда 62 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олинди. Уларнинг 5 минг 400 нафарига малака сертификати берилди. Йил якунига қадар яна 100 мингта ва 2021 йилнинг биринчи ярмида 150 мингта ўқувчини ўқитиш, талабаларнинг дастурий таъминот бўйича малакасини ошириш вазифаси ҳам белгиланди. 5-синфдан ўқитиб келинаётган “Информатика” фанини замонавий технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш, ушбу фанга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига доир йўналишларни киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Шунингдек, IT инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш давр талаби экани англашилган ҳолда барча ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш вазифаси қўйилди. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиши белгиланди.

    Бундан ташқари, соҳа мутахассисларига шароит яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, ўтган йил Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки бунёд этилган бўлса, эндиликда Андижон ва Марғилон шаҳарларида мазкур IT-Паркнинг филиаллари ташкил қилинди. Бизнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳудудида ҳам яна бир филиал биноси қурилмоқда. Жорий йил якунига қадар Гулистон, Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах шаҳарларида ҳам шундай филиаллар ташкил этилиши режалаштирилган.

    Буларнинг барчаси АКТ соҳамиздаги ютуқларнинг яқин келажакда дунёга олиб чиқилишига хизмат қилади деб ўйлайман.

    – IT инфратузилмасини яхшилаш ва бу бўйича ёшларнинг саводхонлигини ошириш туфайли қандай истиқболли режаларга эришиш мумкин?

    – “Қариси бор уйнинг — париси бор”, деганларидек, ёшлари кўп юртнинг келажаги ҳам порлоқ бўлади. Соғлом, куч-ғайратга тўла, илмга, ўрганишга чанқоқ ёшларимиз чин маънода бахтимиздир. Бу — диёримизда ишчи кучи салоҳияти юқори эканидан далолат. Агар ёшларимиз ҳақиқатан IT соҳасига қизиқиб, уни мукаммал ўрганишса, билишса, ишонч билан айтаманки, биз бу йўналишда бемалол жаҳон бозорига чиқиб, ўз билимимизни, илмимизни экспорт қилишга эришамиз. Оддийроқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, бошқа давлатлардан лойиҳалар (аутсорсинг) олиб ишлаш, Ўзбекистонда туриб, бошқа хорижий ташкилотларга ўз лойиҳаларимизни сотиш орқали ҳам даромад топамиз.

    Мисол учун, яқинда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети битирувчиси Суннат Анваров бир қанча хорижий давлатлар ўртасида ўтказиладиган халқаро лойиҳада қатнашди. У ўзига топширилган вазифани аъло даражада бажариб, буюртмачи компанияга тақдим этди. Бу борада бизда хизмат кўрсатиш нархлари ҳозирча арзонлигидан қайсидир маънода ўша ташкилот ҳам ютди. Муҳими, бизга аввало, малака оширганимиз, қолаверса, дунёга танилиб бораётганимиз, яъни ишончни оқлаётганимиз фойда бўляпти. Кейинги гал мана шундай ҳамкорларимиз бизга катта-катта лойиҳаларни ҳам бемалол ишониб топширишлари мумкин.

    – Сиз раҳбарлик қилаётган ихтисослаштирилган мактабнинг ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ва келгусида бу борада нималар режалаштирилаётгани ҳақида айтсангиз...

    – Аввало, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактабнинг ташкил этилиши — бу тараққиёт сари қўйилган муҳим қадамлардан бири, десак адашмаймиз. Сабаби, болаларни ёшлигидан IT йўналишига қизиқтириб, мактаб давриданоқ аниқ фанларга мослаштирган ҳолда чуқур тайёрлаб борсак, яқин келажакда албатта улкан ютуқларга эришамиз. 2019 йилнинг декабрь ойида янги бинога кўчиб ўтишимиз ва замонавий моддий-техника базалари билан таъминланишимиз мактабимизни ўқувчиларимиз учун ўз иқтидорини ривожлантириш ва кўрсатишга хизмат қилувчи ҳақиқий илм майдонига айлантирди, десак муболаға бўлмайди.

    Педагог кадрларимиз салоҳиятини ошириш мақсадида жорий йил 10 нафар ўқитувчимиз ва бир нафар директор ўринбосари малака ошириш курсларида буюртма асосида ўқиб, сертификат олишди. Ўқитувчиларимизга IELTS тест синовларини мактаб ҳудудида топшириш имконини яратиш мақсадида “Edu-Action IELTS Center” билан ўзаро меморандум имзоладик. Шунингдек, 5 – 8-синф ўқувчиларимиз орасида алгоритмга асосланиб, ўз лойиҳаларини яратган иқтидорли ёшларимиз ҳам бор. Буни зинҳор эътибордан четда қолдирмаслик керак деб ўйлайман. Агар улар билан мутахассислар, менторлар жиддий шуғулланиб, яқиндан кўмаклашишса, катта натижаларни қўлга киритишимиз ҳеч гап эмас.

    Жорий йил мактабимизнинг 2 та гуруҳи ҳар йили 10 – 18 ёшли қизлар ўртасида ўтказиладиган “Теchnovation Girls” халқаро танловининг ярим финалига чиқиб, бизни жуда хурсанд қилишди. Улар жамият, таълим, соғлиқни сақлаш, бизнес ва бошқа йўналишларда мавжуд муаммоларга дастур кўринишида ечим ишлаб чиқиб, ўзига хос янгича ёндашувни яратишди, десам мулобаға бўлмайди. Яъни, қизларимиз бутун дунёда глобал масалалардан бири — ёш болаларнинг зўравонликка учраш ҳолатининг олдини олиш ва тўхтатиш мавзусини танлаб, асосий ғояни видеороликлар орқали етказишга уринишган ҳамда бу муносиб баҳоланган. Эндиликда ўқувчиларимиз ушбу ғояга кибер зўравонликни ҳам қўшиб, финалга чиқиш ниятини билдиришмоқда.

    Қаранг, бугунги ёш авлодда ташаббус кучли. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, йўналтириш ва рағбатлантириб туриш керак, деб ўйлайман.

    Ахборот технологиялари шундай соҳаки, ёш чегараланмайди, жинс танламайди. У кундан-кунга, йилдан-йилга ривожланиб бораверади. Бу дегани, ҳар бир мутахассис ўз устида мунтазам ишлашига тўғри келади: доимий янгилик, инновация, қўшимча дастур тиллари, хуллас, ҳар йили янгидан-янги мукаммаллашганлари чиқиб келаверади...

    Шунинг учун ҳам биз ўз олдимизга мактаб давриданоқ асосий база — алгоритмни, яъни болаларни энг керакли аниқ фанларга йўналтириб, мослаштириб, бу даргоҳни битиргунича салкам мутахассис қилиб етиштиришни бош мақсад қилиб қўйганмиз. Яъни 5-10-синфгача дастурлаш тили (информатика фани), мобиль илова ва сайт яратиш, дизайн, VR, робототехника йўналишлари бўйича мукаммал мутахассислар тайёрлаб берамиз. Бу борада мутасадди ходимларимиз билан изланиб, маслаҳатлашиб, мактабимизга имкон қадар янгидан-янги ислоҳотлар, инновацион ёндашувларни олиб киришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, ривожланган давлатлар тажрибаларини ўрганяпмиз, янги режалар тузяпмиз, ўқув дастурларини ўзгартиряпмиз, информатика, яъни IT дарсларини ҳам кенгроқ қамраб оляпмиз.

    Шу ўринда фахр билан айтишни истар эдимки, март ойида мактабимиз ўқувчилари робототехника бўйича республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловда биринчи ўринни эгаллашди. Улар орасида қизларимиз ҳам бор. Биринчи марта республика миқёсида ягона қизлар жамоаси тузилиб, улар ҳам совринли ўринларга муносиб кўрилди. Бу ютуқлар албатта жамоамизнинг бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари самараси, десам хато бўлмайди.

    Бундан ташқари, яқинда ЕРАМ компанияси билан яхши мақсадларда меморандум имзоладик. Келишувга кўра, компания томонидан мактаб ўқитувчилари учун IT йўналишида курслар ташкил этилиб, курсни якунлаганларга сертификат бериладиган бўлди. Бундан кўзланган мақсад — ўқитувчиларимизнинг ҳам малакасини ошириш, ҳам таълим бериш жараёнида олган билимларини ўқувчиларга етказиш.

    Мактабимизнинг яна бир ўзига хослиги — ўқувчиларимизни 7-9-синфларданоқ лойиҳалар олиб ишлашга жалб этаётганимиз, яъни мактаб давриданоқ IT компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйганимиз, бирга ишлашимиздир. Улар ўқувчиларимизга ўзларига керакли кичик-кичик лойиҳаларни беришади. Болаларимиз уларни мутахассислар билан бирга ишлаб, ўз иқтидорига яраша бойитишга ҳаракат қилгач тақдим этишади. Хуллас, назария билан амалиётни биргаликда олиб боряпмиз.

    – Юқорида ахборот технологиялари ёш, жинс танламайдиган соҳа деганда нимани назарда тутдингиз?..

    Биласизми, бу йўналишда қизлар салоҳиятининг йилдан-йилга ошиб бораётгани мени қувонтиради. Дастурчи аёл, АКТга ихтисослашган мактаб раҳбари сифатида шуни айтишим мумкинки, бугун қизларимизнинг бу соҳага ёндашуви жудаям креатив, яъни ўзига хосдир. Тўғри, дастурчи деганда кўз олдимизга фақат йигитлар келади, қизларни бу йўналишда тасаввур қилишимиз қийин. Аммо шунга қарамай, ишонч билан айтаманки, бу қизларимиз учун энг қулай мутахассислик. Бунга мисол сифатида бешта омилни келтиришим мумкин:

    Агар кўрсаткичдан келиб чиқадиган бўлсак, қизлар кўпроқ тиббиёт, педагогика йўналишларини танлашади. Бу ҳам яхши албатта. Лекин IT йўналишида қизларимиз улуши кам. Хўш, нега? Чунки қўрқишади ёки ота-оналари идиологияси туфайли бу касб қизларга тўғри келмайди, деган эски қарашлар тўсиқ бўлади. Бироқ эндиликда бизда янгича қарашлар шаклланяпти. Дастурчи қизлар ўзларининг креатив ёндашуви, дизайнга алоҳида аҳамият бериши, ҳар бир детални, элементни кўздан қочирмаслиги, ички дастурлашда алгоритмга эътибор қаратиши билан ажралиб туришади. Мен қизларимизда ана шу қирраларни пайқадим.

    Иккинчидан, қизларимиз оила қуриб, фарзандли бўлишса ҳам уйда ўтириб, бўш вақтларида бемалол лойиҳа олиб ишлашлари мумкин. Ҳеч ким уларнинг вақтини чегаралаб қўймайди.

    Учинчидан, дастурчининг маоши бошқа соҳа ходимлариникига қараганда юқори бўлиши.

    Тўртинчидан, дастурчи она эртага ўз фарзандларида IT соҳасига бўлган қизиқишни янада кучайтиради. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, болаларимга ҳозирдан дастурлаш тили, дастурчилик фаолияти ҳақида тушунчалар бериб бораман. Шунингдек, ўқувчиларимга ҳам бу соҳанинг жуда кенг қамровли эканини, ватанимиз ривожида ҳиссаси катталигини ўқув йили бошиданоқ сингдириб, тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу келажак авлоднинг илмли, доно улғайиши ва инновацион ёндашуви учун жуда муҳимдир.

    Ишонаманки, соҳа бўйича ёшларга янги имконият эшикларининг очилиши, малакали педагоглар, замон билан ҳамнафас мутахассислардан дарс олиш, туғилган ғояларни мураббийлар, менторлар кўмагида ҳаётга татбиқ этишга доир шарт-шароитлар яқин кунларда албатта ўз мевасини беради.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Муножат Мўминова суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates