Биз суйган бу Ватан шунчалар гўзал!..

    Куз гуллари тонг шаббодасида тебраниб атрофга анвойи бўйлар таратган паллада пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонига бир гуруҳ талаба ёшлар ўқитувчилари билан кириб келишди.

    Гангир-гунгир суҳбат оралаб кечаётган мушоиралару мулоҳазаларни тинглаб, қадамлари дадил йигит-қизларни кузатар эканман, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”, деган сўзлари нақадар ҳақ эканлигига амин бўлдим.

    Қўлида китоб ушлаганича ўйга чўмиб ўтирган адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов сиймоси қошида тўпланаётган Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари даврасига яқинлашар эканман, адабий учрашув олдидан шахмат столи устида аллақачон қизғин ўйин бошланганига гувоҳ бўлдим. Талабаларга ҳакамлик қилаётган устоз Мухтор Худойқулов билан бир даврада йиғилган таниқли журналистлар, шоир ва ёзувчиларнинг атоқли олим билан боғлиқ хотираларини бир тингласангиз эди...

    – Озод домланинг экан катта ишларидан бири шуки, 23 йил олдин уларнинг таклифи билан юртимизда “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилди, – дейди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Гарчи ўша пайтда соғлигида муаммо бўлса-да, Озод Шарофиддинов бу журнал оёққа туриши учун жуда катта меҳнат қилди. Ҳозиргача журналимиз орқали жаҳон адабиётидаги 340 та қисса ва романларни ўзбек тилига ўгириб юртдошларимизга тақдим этдик.

    Бу даврадан сал узоқлашсангиз, хиёбонга ўзгача кўрк бағишлаган гултожихўрозлару намозшомгуллар оралаб қаршингиздан Кумушбиби Фузулий ғазалларини шивирлаганича чиқиб келади. Ҳа, Абдулла Қодирий бизга мерос қилиб қолдирган бебаҳо меросимизга, “Ўтган кунлар”имизга ким ҳам мафтун бўлмайди дейсиз...

    – Мен ҳар сафар ушбу асарни ўқиганимда янги-янги маънолар топаман, – дейди Кумушбиби образидаги гўзал қиз – Тошкент давлат техника университети 4-босқвич талабаси Майсара Очилова. – Айниқса, Кумушбиби образидаги асл ўзбек қизининг иродаси, андишаси, ибоси ва ҳаёсига ҳавас қилмаган қиз бормикан... Бугун боғдаги адабий суҳбатларда яна бир ҳақиқатни кашф этдим, “Ўтган кунлар”да аслида миллатимиз ўтмиши ва эртаси билан боғлиқ катта муаммолар ёритилган экан. Хиёбондаги ҳар бир учрашув бизга миллатимиз ва маънавиятимиз билан боғлиқ кўплаб ҳақиқатлар аён бўлишида ёрдам бермоқда.

    Навбатдаги очиқ дарс томон ошиқар эканман, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг мисралари қулоғимга чалинди. Бу ўктам овоз соҳиби Ўзбекистон ички ишлар академияси курсанти, Чўлпон стипендиаси соҳиби Асилбек Ҳошимбоев экан.

    – Чўлпон шеърларини ўқиганимда қалбимда ўзгача бир шижоат ва жасорат уйғонганини сезаман. “Мен суйган суюкли шунчалар гўзал, ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал”, дейди шоир. Мажозий образларда ўз она-юрти истиқболини қайғуриб, уни чин дилдан суйиб нидо қилган ижодкор изтироблари биз ёшларни ҳамиша фидойи, ҳушёр ва сергак бўлишга ундайди.

    Ҳа, бугун адиблар хиёбонида кечган навбатдаги маънавият байрамида ёш қалблар маънавиятимизнинг кўҳна чашмаларидан, устозлар сабоқларидан яна бир бора баҳраманд бўлишди. Масрур диллар-ла учрашиб, эртанги кун орзулари ва юксак мақсадлари билан яшаётган ёш замондошларимиз билан суҳбатлашар эканман, Чўлпон мисраларига ҳамоҳанг бир ҳақиқат тилимга келди: Биз суйган бу Ватан шунчалар гўзал, Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!..

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates