Бизнинг вазифамиз — замон билан ҳамнафас фаолият олиб бориш

    Бугунги кунда янги Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш, келгусида самарали натижаларга эришиш мақсадида қатор амалий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг таълим тизимида нечоғлик аҳамиятга эга эканини бугунги ўзгаришлардан ҳам англаш мумкин.

    Бизнинг Фарғона политехника институти ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Салоҳиятли кадрлар етиштириш ҳамда аждодларга муносиб ворислар тарбиялаш – асосий вазифамиз.

    Институтимизда 38 та бакалавриат таълим йўналиши ва 18 та магистратура мутахассисликларида 14 минг 768 талаба таҳсил олмоқда. Шулардан 300 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар ҳисобланади. Таълим даргоҳида талаба ёшларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, умумий сиғими 1900 ўринга мўлжалланган 5 та талабалар турар жойи бор.

    Мамлакатимиз келажагини етук кадрлар билан таъминлашда дунёнинг етакчи университетлари билан алоқалар йўлга қўйилгани муҳим қадамдир. Россия Федерацияси ва Беларуснинг етакчи техник олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 15 та қўшма таълим дастури, шундан 2+2 қўшма таълим дастури асосида 10 та бакалавриат таълим йўналиши ва 5 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилгани ёшлар учун яратилган имкониятдир. Яна бир томони, талабаларга таълим бераётган профессор-ўқитувчиларнинг 25 нафари фан доктори, 148 нафари фан номзодидир. Айни пайтда институтимизда 30 та илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилиб, улар давлат илмий-техник дастурлар, ҳамкорлик лойиҳалари доирасида ва институтнинг “Инновация жамғармаси” томонидан қўллаб-қувватланди. Бундан ташқари, 2 та халқаро грант лойиҳаси (170,4 минг АҚШ доллари) ҳамда қиймати 6,1 миллиард сўмлик 168 та хўжалик шартномаси бажарилди.

    Юртимизда ёшлар, хусусан, талабалар бандлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳам дастлабки қадамларни қўйдик. Иш билан бандликка эҳтиёжи бор талабаларнинг 190 нафари илмий ва инновацион лойиҳаларга жалб қилинганди. Таълим даргоҳимиздаги ҳар бир мутахассислик кафедралари ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиб, уларнинг ўзига даромад топиш учун барча шароитлар яратиб берилди. Илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган жами 9 та марказ талабалар билан гавжум. Бундан ташқари, бир неча унитар корхоналар ташкил этилди. Бу корхоналарга институтнинг “Инновацион жамғармаси” томонидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

    Бундан ташқари, институтда тизимли равишда “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилиб келинмоқда. Охирги ташкил этилган ярмаркада Фарғона вилоятининг нуфузли ва кўзга кўринган 150 дан ортиқ ташкилот, корхона ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда Фарғона политехника институтининг 12 та спин-офф корхоналари 1000 дан ортиқ ваканциялар билан қатнашди. Фарғона вилояти Бандлик бош бошқармасининг шаҳар ва туман марказлари томонидан талабалар учун 2000 дан ортиқ бўш иш жойлари ҳам таклиф этилди. Ярмаркада институтнинг 2 мингдан ортиқ талабаси иштирок этиб, улардан ишлашга эҳтиёжи мавжуд бўлган 1 минг 500 дан ортиқ талаба-ёшлар корхона, ташкилотларнинг суҳбат жараёнларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтказилди. Ярмарканинг ўзида 100 дан ортиқ талабага ишга жойлашиш бўйича йўлланма берилди. Шунингдек, институтда қатор лойиҳалар, спин-офф корхоналари, институтнинг юқори квалификация талаб қилмайдиган турли лавозимлари, қурилиш отрядлари ҳисобига 603 талаба иш билан таъминланди. 2022 йилда мазкур кўрсаткични 1030 га етказишни режалаштирганмиз. Бу борадаги тизимли ишларни давом эттириш асосий мақсадимиз ҳисобланади.

    Жорий йилда таълим даргоҳимизда олиб борилаётган ибратли ва хайрли ишларнинг ҳосиласи сифатида қатор қувончли натижаларга эришаётганимиз бугун эзгу мақсадимиз йўлида янада фидойилик билан хизмат қилишимизни тақозо этади.

    Айниқса, олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтинги ҳисобланган Times Higher Education ўзининг 2022 йил учун Impakt reytingi (THE Impact Rankings 2022) ни эълон эълон қилгани, ушбу рейтингда Фарғона политехника институти ўз тарихида илк бор ўрин эгаллагани, умумий рейтингда эса институтимиз 1001+ поғонадан жой олиши орқали Фарғона политехника институти Ўзбекистон ОТМлари орасида Тошкент давлат аграр университетидан кейинги 2-30 оралиқда таснифлангани юрагимизни шодликка тўлдирди ҳамда соҳадаги ишларимизга янада масъулият билан ёндошишга ундади.

    Айниқса, 380 дан ортиқ дастурий маҳсулотларни рўйхатдан ўтказгани учун ФарПИ оиласи Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан “Ижодкорлиги учун” олтин медали билан тақдирланиши ҳам бугунги кунда институтда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги исботи десам, ўйлайманки, фикрим хато бўлмайди.

    Бугун таълим соҳасига давлат даражасида эътибор берилаётган экан, асосий мақсадимиз, юрт тақдирига дахлдор, Ватан келажаги учун муносиб ҳисса қўшадиган фидоий кадрлар, буюк алломаларнинг издошлари, қалби ёниқ, шижоатли ёшларни тарбиялашдан иборат бўлмоғи зарур. Бу йўлда неки машаққат бўлсада чекмоқлик ҳамда замонга ҳамнафас бўлмоқлик йўлидаги эзгу ишларимиз келгусида улкан натижа беришига ишонамиз.

    Мирзоҳид Ботиров,

    Фарғона политехника институтининг

    биринчи проректори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates