Бобурнинг бетакрор боғлари

    Де-Кандолдан 340 йил, Вавиловдан қарийиб 400 йил илгари Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ томонидан берилган фармон асосида Аградаги Боғи Беҳиштда Ҳиндистон шароитида биринчи бор Марказий Осиёдан келтирилган қовун, узум, олхўри ҳамда гуллар экиб парваришланган.

    Қадимдан ота-боболаримиз зироатчилик билан шуғулланиб келган. Марказий Осиёда буғдой, арпа, ловия, нўхат, ясмиқ, мош, сабзи, ғўза, бодом, олма, нок, шафтоли, ўрик, анор, зиғир, ва бошқа маҳсулотлар етиштирилгани ҳақидаги ҳикоятлар тарихнинг олис қатларига бориб тақалади.

    Заҳириддин Муҳаммад Бобур замонида ҳам қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экиш, улардан юқори ҳосил олиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилган. Тарихий манбалар ва тадқиқотларда ёзилишича, буюк бобомиз табиат илмининг улуғ билимдони, табиатшунос аллома сифатида юзлаб гиёҳ ва дарахтларни, уларнинг хосияти ва аҳамиятини, шифобахшлик жиҳатларидан жуда яхши хабардор бўлган.

    Илму фанда ўсимликлар интродукцияси, деган атама бўлиб, бунда турли ўсимлик турлари ва навларини ўз табиий жойидан илгари улар учрамаган ҳудудларга кўчириш тушунилади. Унинг назариясини швецариялик ботаник олим А. Де-Кандол 1855 йилда, илмий асосларини рус биолог-физиолог олими, академик Н. Вавилов ўзи яратган маданий ўсимликларга таянган ҳолда 1920 йилда ишлаб чиққан. Лекин шуни фахр билан айтиш мумкинки, Де-Кандолдан 340 йил, Вавиловдан қарийиб 400 йил илгари Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ томонидан берилган фармон асосида Аградаги Боғи Беҳиштда Ҳиндистон шароитида биринчи бор Марказий Осиёдан келтирилган қовун, узум, олхўри ҳамда гуллар экиб парваришланган. Бу тажриба ўсимликларни интродукциялаш, иқлимлаштиришнинг агрономия ва биология тарихида илмий манбада қайд этилган дастлабки намуналардан бири саналади.

    Бобур Ҳиндистон ҳудудларида ҳам катта-катта боғ-роғлар яратган, ўсимликларга, меваларга таъриф берган. Хусусан, Ламғанот, Хуросон, Бажавр норунжларининг айрим навларини ўта серҳосил бўлишини, бир тупда 7000 дан зиёд мева санаганини баён қилган. Бобур нон дарахти мевасини “Биайниҳи қўйнинг қорнидурким, кепадек қорнинг ичи ташқари бўлғай” дея сиртқи томони ғадир-будурлигини шоирона ифода этади.

    Сангтора — апельсин (норанж)нинг бир тури. Бобур уни: “Дарахти улуқ бўладур. Ўрук дарахтича бўладур, барги норанж баргига ўхшар, худ туршлуғи бордур. Шарбати яхши лаззатлиқ ва хуштаъм бўладур” деб таърифлаган.

    Тарихий манбаларга қараганда, 1530 йили Агра шаҳрида бемор ётган чоғида Бобур она-юртининг меваларини қаттиқ соғинган экан. Шу боис чопарларга Андижоннинг қовун ва тарвузларидан олиб келишни буюрган. Улар қовун ва тарвузлар устини сомон аралашган, қаттиқ пиширилган лой билан 6-7 сантиметр қалинликда тепаси (усти)ни лой билан мустаҳкам чаплаб, қопларга жойлаб йўлга тушган. Шоҳнинг буйруғини бажариш учун олис йўл босган карвон ниҳоят манзилга етиб келади. Саройнинг сарбаланд тахтида ўтирган Бобур карвонбошининг тиз чўкиб ер ўпишига йўл қўймайди. Аксинча, уларнинг барини, либосларининг гардини юзига, кўзига суртади.

    Шоҳаншоҳ лабда табассум, кўзда ёш билан ўтли сатрларни қоғозга туширади:

    “Қовун бирла узумнинг ҳажрида

    Кўнглимда ғам ҳар сув,

    Оқар сувнинг фироқидин

    Кўзимда ҳар дам оқар сув”

    Айтишларича, бу қовунларнинг уруғини олиб, экиб ўстириб кўришган. Бобур Мирзо Ҳиндистонда етиштирилган қовунларнинг ҳиди ва таъмини туғилган ўлкасиникига ўхшата олмади. Шунда у “ўз юртида, унинг ҳавоси, суви ва қуёшидан баҳра олиб ўсмаган мева аслидек бўлмас экан“ деганди. Албатта, ўлкамизда ўстириладиган мевалар таъми ва мазаси жихатидан ҳеч бир мамлакатда учрамайди. Учраганда ҳам кескин фарқ қилади.

    Бобур Фарғона водийси табиати хусусида “Бобурнома”нинг илк сахифаларида тўлқинланиб ёзади: “Гирдогирди тоғ воқе бўлубтур. Ғарбий тарафидаким, Самарқанд ва Хўжанд бўлгай, тоғ йўқтур. Ушбу жонибтин ўзга хеч жониб тин қиш ёғий келаолмас…”

    Марғилонга эса шундай таъриф беради: “Яна бир Марғинондур. Андижонинг ғарбидадур. Андижондин етти йиғоч йўлдур. Яхши касаба воқе бўлубтур, пур неъмат; анори ва ўриги асру кўп хўб бўлур. Бир жинс анор бўлур, “дона калон” дерлар, чучуклигида зардолу майхушлиғидин андак чошни бор. Самнон анорлариға таржеҳ қилса бўлур. Яна бир жинс ўрук бўлурким, донасини олиб, ичига мағз солиб, қурутурлар, “субҳоний” дерлар, бисёр лазиздур”.

    Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳам Водил,Чимён, Бешариқ, Яйпан, Исфара, Хўжанд, Конибодом ҳудудларида етиштирилган субхоний ўрикларнинг данагини олиб, ўрнига мағзини солиб ва қуритиб бошқа мамлакатларнинг бозорларига чиқарилади.

    “Айниқса икки меваси Самарқандда машхурдир: Самарқанд олмаси ва Самарқанднинг сохиби узуми... Бахорлар саҳроси шаҳри дала ва томи яшил бўлгани учун Шаҳрисабз ҳам дейилади. Бу ерда сув кам, бахори экини ва қовуни яхши бўлади.”

    Бобурни ўз замонида меваларнинг хиллари, навлари, уларнинг энг сараси, дарахтларининг ҳатто ўтинга боп ёки нобоплиги, чўғининг узоқ ёки қисқа мудддатда ўчмаслиги каби эл эҳтиёжига заруриятли томонлари ҳам қизиқтирган.

    Бобур қайси юртга қадами етган бўлса, боғлар яратган, юртни обод қилган. Хусусан, Кобулда барпо этган боғларининг шуҳрати етти иқлига машҳур бўлган. Агар боғларнинг бири мевали дарахтхлардан ташкил топса, бошқаси анвойи гуллар билан безатилган экан.

    Тарихшунос олим Абдулҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома” асарида келтирилишича, Кобулдаги Боғи Бобур, Боғи Шаҳроро, Боғи Сурат, Боғи Моҳтоб, Боғи Оҳухона, Ўртабоғ, Чорбоғи Кобул, Ҳиндистоннинг Аграсидаги Боғи Беҳишт, Хилватхона, Боғи Зарафшон, Оромгоҳ, Секридаги Боғи Фотиҳ, Дилпурдаги Боғи Назаргоҳ, Нилуфар, Гвалиёр боғлари бевосита унинг раҳнамолиги, молиявий таъминоти ва лойиҳаси асосида бунёд этилган.

    Бобур доимо боғдорчиликка алоҳида меҳр билан қараган ва Ҳиндистон ҳамда Покистонда ҳанузгача Самарқанд номи билан машҳур бўлган узумнинг янги навларини ўстирган. Ҳозиргача унинг кўплаб боғлари “Бобури Ангури Худо” — “Бобур узум боғлари” деб номланади.

    Тарихдан маълумки, Агра шаҳрида Бобур вафотидан олдин фарзандларига ўз хокини Кобулда, ўзи яратган боғда дафн этишни васият қилади. Унинг жасадини валиаҳд амирзода Мирзо Ҳумоюн филлар карвонида Кобулга келтириб, ота васиятини бажаради. Мовароуннаҳрлик меъморлар Бобур қабрига сағана, устига кўшк айвон бунёд этади.

    Бу табаррук маскан айни пайтда ҳам қадамжога айланган. Кобулга ташриф буюрган давлат раҳбарлари, олиму фузалолар ушбу даргоҳни зиёрат қилмасдан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга таъзим бажо этмасдан кетмайди.

    Замондош олимларимиз ёзганидек, Бобурнинг бунёдкорлик фаолияти, унинг бетакрор боғлари худди Соҳибқирон Амир Темур каби фарзандларига мерос бўлиб қолди. Табиийки, бу меросдан бугунги авлод ва келажак насллар ҳам ибрат олади. Аслида ҳам Мирзо Бобур тенгсиз ижоди билан ҳар бир инсон қалбида эзгулик дарахтини ундириб кетган. Бу дарахтлар чуқур томир ота бориб, куртаклари авлодлар қалбида барқ уриб яшнайверади.

    Юртимизда кейинги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, ўлкамизни яшнатаётган, ўзимизнинг ва кўплаб чет элларнинг дастурхонини тўкин қилаётган бетакрор боғ-роғларимиз эса, улуғ боболаримизнинг буюк ишлари боқийлигидан далолат беради.

    Олимжон ИБРОҲИМОВ,

    қишлоқ хўжалиги фанлари

    доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates