Бўкада янги корхона иш бошлади

    Бизнес 22 май 2020 356

    Кеча Бўка тумани аҳолиси учун қувончли воқеаларга бой бўлди. Бўка шаҳрида бир неча объект фойдаланишга топширилди. Шаҳар тобора ободонлашиб, замонавий қиёфа касб этмоқда.

    Туман марказидаги тиббиёт бирлашмасининг тўлиқ капитал реконструкция қилиниб, замонавий ҳолатга келтирилиши бўкаликларнинг қувончига қувонч бағишлади. Бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 24 млрд. сўм маблағ сарфланди. Марказий касалхонадаги кўплаб даволаш ускуналари ҳам замонавийсига алшмаштирилганлиги беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда ёрдам бериши шубҳасиз.

    Тўлиқ таъмирдан чиқарилган тўрт қаватли бинода 20 ўринли жарроҳлик, 75 ўринли туғуруқ, 60 ўринли терапия ва 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари мавжуд. Шифохонада даволанаётган беморлар учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилди. Барча бўлимлар қайта таъмирдан чиқарилганлиги боис, эндиликда марказий касалхонадаги 147 нафар врач, 916 нафар ҳамшира ва 256 нафар кичик тиббий ходимлари барча қулайликларга эга бўлган шароитда фаолият олиб боришади.

    Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу куни туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази янги биносининг ҳам фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Замонавий услубда бунёд этилган бино барча қулайликларга эга бўлиб, ташриф буюрувчиларни кутиб олиш ва тадбирлар ўтказиш заллари мавжуд. Мутахассисларнинг зарур даражада замонавий иш воситалари билан таъминланганлиги эса фуқароларнинг муаммоларини қисқа фурсатда ҳал этишга ёрдам бериши табиий.

    Бўка шаҳрига кўрк бериб турган бино қисқа муддатда бунёд этилди. Ўтган йилнинг июль ойида қурилиши бошланган марказ биноси бир йил ўтмасдан қад ростлади. Бино қурилиши учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармаси ҳисобидан жами 1 млрд. 200 млн. сўм сарфланди.

    Шу куни туманнинг “Катта равот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Катта равот барака чеварлари” корхонасининг фойдаланишга топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Аҳоли хурсандчилик билан кутиб олган, умумий қиймати 700 милн. сўмдан иборат бўлган тикувчилик корхонаси иш фаолиятини бошлади. 950 миллион сўмга хориждан замонавий ва жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди.

    Кенг ва ёруғ бинода ўрнатилган замонавий дастгоҳларни кўриб, ҳавасингиз келади. Хотин-қизларнинг тикувчилик машиналарини моҳирлик билан бошқараётганлиги эса қишлоқларимизга ҳам саноат жадал кириб бораётганлигидан далолат беради. Энг муҳими, тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ва дизайни жиҳатидан хорижникидан асло қолишмайди. Шу боис, чет давлатлар билан маҳсулот экспорти бўйича шартномалар тузилган.

    Корхона мутахассисларининг маълумотларига кўра, 10 турдаги кийим-кечаклар ва тиббиёт ниқоблари тайёрлаш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизини ички бозорга, қолган қисмини эса экспортга йўналтириш режалаштирилган. Фабрика фойдаланишга топширилиши натижасида тумандаги “Катта равот”, “Ўрта тепа”, “Равот” ва “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилувчи 300 нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланди.

    Бўкада бўлиб ўтган тантанали маросимларда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов, туман ҳокими Низомиддин Аббосовлар иштирок этишди