Бокс Ўзбекистон имижи юксалишига хизмат қилади

    Суҳбат 28 май 2021 4610

    Бугун ўзбек боксчиларини дунё танийди. Улар ринг қиролига айланган. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида боксчиларимиз дунёнинг 10 га яқин давлатида ўтказилган халқаро мусобақаларда 80 га яқин медални қўлга киритган бўлса, шундан 30 дан ортиғи олтиндир.

    Президентимизнинг 2021 йил 29 апрелдаги “Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзбек боксини янги босқичда ривожлантириш, янада шарафли ютуқларни қўлга киритиш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини бундан-да ошириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлди, дейиш мумкин.

    Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон МАММАДАЛИЕВ билан суҳбатимиз ушбу қарор ижросини таъминлаш, ўтган давр мобайнида соҳада амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида бўлди.

    — Суҳбатимиз аввалида Президентимиз қарори ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан қилинаётган ишлар ҳамда мазкур ҳужжатнинг мамлакатимиз бокс мактабининг келгуси фаолиятига таъсири тўғрисидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.

    — Шубҳасиз, бу қарор Ўзбекистонда боксни ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Ҳар бир соҳанинг ривожи, унинг жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиши тегишли дастурлар, режалар, тамойиллар билан белгиланади. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, унинг тараққиётини таъминлаш борасида сўнгги йилларда ўта муҳим қарор ва фармон, концепция, дастурлар қабул қилинди. Бешта муҳим ташаббус, Ўзбекистон спортини 2019-2021 йилларда ривожлантириш концепцияси, туризм ва спорт тизимини такомиллаштириш, аҳолини оммавий спорт тадбирларига кенг жалб этиш каби давлат аҳамиятига молик қатор ҳужжатлар шулар жумласидан.

    Биз ўтган йиллар мобайнида айнан шу ҳужжатлар асосида иш олиб бордик ва муайян натижаларга эришдик. 2019 йилги жаҳон чемпионатида, Олимпия саралаш мусобақаларида ва бошқа халқаро спорт тадбирларида эришган ютуқларимизнинг туб негизи мазкур ҳужжатлар ижросидир, дейиш мумкин.

    Президентимизнинг “Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори том маънода янги ғалабалар, ўзбек боксининг жаҳондаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш учун муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Бундай дейишимизга сабаб шуки, 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасигача Ўзбекистон бокс федерацияси доимий тарзда терма жамоани шакллантириш бўйича иш олиб борарди. Мураббий ва мутахассислар катта босим остида ишларди. Терма жамоаларга номзодларни саралаш учун мусобақалар ўтказишда ҳар йили янгича тартиб-қоидаларни жорий этиш, изланиш қилиш мақсадида спорт соҳаси раҳбариятига таклифлар киритардик. Ўз навбатида, улар бунинг қонуний асосини талаб қиларди, биз эса боксда кучли спортчиларни танлашда янгича тартибларни жорий этишни истардик. Мазкур ҳужжат биз орзу қилган жиҳатларга тўла мос бўлиб, терма жамоага ҳар томонлама салоҳиятли спортчиларни танлаш механизми жорий этилишига замин ҳозирлади.

    Қайд этиш жоизки, 2020 йилги эпидемиологик вазиятга қарамай, йил давомида 20 га яқин ­оммавий бокс мусобақаси ташкил этилди ва уларда 4 мингга яқин спортчи қатнашди. Ўзбекистонда бокс бўйича мураббийлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони 1,5 мингдан ошди. Аммо бу жуда кам. Шундай бўлса-да, мураббий ва мутахассисларимиз доимий изланишда. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида федерациямиз бўлимлари ташкил этилди. Уларга тажрибали мураббийлар, спортчилар бириктирилди. Қашқадарё, Навоий, Жиззах вилоятлари ёшлари учун жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпионлари бўлган таниқли спортчиларимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Фазлиддин Ғойибназаров ва Иқболжон Холдоров доимий ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиб келмоқда.

    — Янги қарор билан ўзбек бокси оламида нималар ўзгаради?

    — Очиғини айтиш керак, 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасига қадар бокс бўйича ­Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиби ва захирасини ҳисобга олмаганда, ёшлар, ўсмирлар, қизлар терма жамоасини доимий эътибор марказида ушлаб туриш қийин масала эди. Тўртта таркибни шакллантириш, уларнинг доимий ўқув машғулотларини таъминлаш мураккаблигини бу ишларнинг ичида юрган одам билади. Бугун фахр билан айтиш керакки, давлатимизнинг эътибори, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар кўмаги орқали бокс бўйича барча йўналишларда Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ шакллантирилди. Уларнинг захираси таъминланди.

    Президентимизнинг қарори терма жамоаларни иқтидорли спортчилар билан таъминлаш, селекция тизимини ривожлантиришга беқиёс ёрдам беради. Боиси, қарорда кўрсатиб ўтилганидек, энди Андижон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этилади. Бундан ташқари, 2025 йилгача спорт таълими муассасаларидаги бокс билан мунтазам шуғулланадиган ўқувчилар сонини 27 минг нафаргача етказиш назарда тутилган.

    Қарорда иқтидорли боксчиларни танлаш ва саралаш, уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Хўш, янгича тизим дегани нима?

    Маҳоратли спортчини камолга етказишда учта муҳим бўғин мавжуд. Мактаб — олий маҳорат мактаби — терма жамоа. Шу пайтгача бу кетма-кетликда узилишлар мавжуд эди. Эндигина бокс залига кириб келган болани олий маҳорат мактабига етмасдан йўқотиб қўярдик. Ёки олий ўқув юртларининг жисмоний маданият факультетида бокс мутахассислиги йўналишида ўқиётган бўлғуси кадрларни кейинчалик “тополмай” қолардик. Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат Ўзбекистон бокс оиласи тараққиётини ягона бир тузилма кўринишига олиб келишни белгилади.

    Келажакда бокс тўгарагига қадам қўйиб, токи катта ҳаёт мактабига учирма бўлгунча ва ундан кейинги фаолияти давомида ҳам у ўзбек боксининг ягона электрон базасида қайд этиб турилади. Бошқача айтганда, ҳаётини бокс билан боғлаган спортчи бўладими, бўлғуси бокс мураббийи ёки мутахассисими, унинг спорт кўрсаткичлари доимий тарзда кузатилиб, таҳлил этиб борилади.

    Бугун Ўзбекистонда боксни ривожлантиришга йўналтирилган 266 спорт таълими муассасаси фаолият юритади. Шундан 230 таси болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 13 таси спортнинг яккакурашга ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 15 таси ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, 8 таси олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат.

    — Яқинда пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” спорт саройида бокс бўйича нуфузли мусобақа ўтказилди. Айтинг-чи, мамлакатимизда боксга ихтисослашган залларнинг умумий ҳолати қандай?

    — Ҳақиқатан, “Ҳумо арена” спорт саройида ўтказилган мусобақа Ватанимиз спорт тарихида ўзига хос воқелик бўлди. Ушбу бокс жанглари тўғридан-тўғри дунёнинг 100 дан зиёд давлатида DAZN телеплатформасида намойиш этилди. Шу пайтгача юртимизда ўтказилган бирор спорт мусобақаси бу қадар катта аудиторияни қамраб олмаган эди.

    Бокс заллари ҳолатига тўхталадиган бўлсак, мамлакатимиздаги мавжуд 209 спорт залида бокс машғулотларини ташкил этиш мумкин. Ўзбекистондаги 5 та спорт мажмуасида нуфузли бокс мусобақаларини ўтказиш учун шароит бор. Лекин юртимизда боксга ҳар томонлама ихтисослаштирилган махсус бокс мажмуаси мавжуд эмас. Шу маънода, Президентимиз имзолаган қарор асосида келгуси 5 йил ичида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 7 та махсус бокс залини ташкил этиш белгилангани Ўзбекистоннинг бокс ривожланган етакчи давлатлардан бири бўлиб қолишига хизмат қилади.

    — Юртимиз боксчиларининг ғалабали одимлари халқимизнинг ғурур-ифтихорига айланган. Айтинг-чи, Ўзбекистон терма жамоасининг мустақил жамоа сифатида халқаро мусобақаларда иштироки қачондан бошланган?

    — Ўзбекистон бокс терма жамоаси мустақил жамоа сифатида илк бор 1993 йилдаги жаҳон чемпионатларида, 1994 йилдан Осиё ўйинларида, 1996 йилдан эса Олимпия ўйинларида иштирок этишни бошлаган. 2000 йилги Сидней Олимпиадасида Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг ўзбек бокси тарихида илк бора олтин медалга сазовор бўлиши спортчиларимиз учун янги ғалабалар эшигини очиб берди. 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида Ўзбекистон боксчилари 3 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медалга сазовор бўлиб, Олимпия дунёсини ларзага келтирди. 2019 йилги жаҳон чемпионатидаги 3 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалга бежизга эришилмаганини, алал-оқибат, Ўзбекистон жаҳоннинг энг кучли боксчилар мамлакатига айланганини кўрсатди.

    Ўтган йилги пандемия шароити боксчиларимизнинг машғулотларни тўлақонли ўтказишига салбий таъсир қилди. Шунга қарамай, давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар натижасида Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз мураббийлар, мутахассислар назоратида машқларни масофавий шаклда ўтказди. Федерация мутахассислари кундалик машғулотларни доимий тарзда таҳлил этиб, зарур тавсияларни бериб турди. Ўғил болалар терма жамоаси тўлиқ таркибда Токио Олимпиадаси йўлланмаларини қўлга киритган бўлса, қизлар терма жамоаси аъзолари 3 та йўлланма соҳибига айланди.

    Жорий йилнинг июль-август ойларида ­Япони­янинг Токио шаҳрида Олимпия ўйинлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозир асосий таркиб спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда.

    Шу ўринда Олимпия ўйинлари бошланиши олдидан боксчи қизларимизнинг бу йилги жаҳон чемпионатида тарихий ғалабага эришганини айтиб ўтмасак бўлмас. Жорий йилнинг 13-23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида боксчиларимиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди. Айниқса, боксчи қизимиз Нигина Ўктамованинг олтин медалга сазовор бўлиб, ўзбек бокси тарихида қизлар орасида биринчи жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритиши ўзига хос воқелик бўлди.

    — Шу кунларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилаётган Осиё чемпионатида қатнашмоқда. Билишимизча, Олимпия ўйинларида иштирок этадиган асосий таркиб спортчилари қитъа чемпионатига жалб қилинган. Умуман, Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

    — Ўтказилаётган Осиё чемпионати боксчиларимизнинг ҳар бир баҳсга жиддий эътибор қаратаётганлиги сабабли терма жамоамиз аъзолари учун муваффақиятли кечмоқда. Бугунгача 10 та вазндаги барча боксчиларимиз финал сари дадил одимламоқда. Истагимиз, Ўзбекистонга қитъа чемпионлари бўлиб, шода-шода медаллар билан қайтиш. Халқимиз ғурурини кўтариш.

    Олимпия ўйинлари ҳақида шуни айтишим мумкинки, барча ишларимиз белгиланган режа асосида кетяпти. Мураббийлар кенгаши қарори билан деярли барча олимпиячиларимиз Дубай мусобақаларига жалб қилинган. ­БААдаги турнир — спортчиларимиз учун Олимпия ўйинлари олдидан сўнгги расмий синов мусобақаси. Осиё чемпионатидан сўнг боксчиларимиз 20 июндан 5 июлгача Янгиобод спорт базасида 10 кунлик тикланиш йиғинига жалб қилинади. Охирги ўқув-машғулот йиғини эса 6-22 июль кунлари Японияда ўтказилади. 24 июлдан бошлаб боксчиларимиз Олимпиада рингида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга киришади.

    — Ўзбекистон бокс федерациясининг халқаро спорт ташкилотлари, хусусан, Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA), Осиё бокс федерацияси (ASBC) ва бошқа спорт ташкилотлари билан алоқалари қандай?

    — Бугунги даврда халқаро майдонда бирор натижага эришишда халқаро ташкилотлар билан манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши муҳим. Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам жаҳондаги турдош ташкилотлар билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаб келмоқда. Хусусан, ўзбекистонлик бир қатор спорт мутахассислари AIBA ва ASBCнинг қатор қўмиталари, ижроия бюролари аъзоси ҳисобланади. Айнан уларнинг профессионал фаолияти туфайли ўзбек бокси, боксчилари дунё рейтингида муносиб ўринга эга бўлиб келмоқда. Яқинда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатовнинг Осиё бокс федерацияси вице-президенти этиб сайланиши ҳам жаҳон бокс оламининг Ўзбекистон боксига ҳурмати ва эътирофидан далолатдир. Шунингдек, ўзбек бокс мактабида камолга етган ўнлаб мураббий ва мутахассисларимиз дунёнинг бир қатор давлатларида мураббий сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ғурур билан айтиш керакки, Хитой, Ҳиндистон, Япония, БАА, Малайзия каби давлатлар бокси ривожида ўзбек мураббийларининг муносиб хизмати бор. Бугун маҳоратли бокс мутахассисларини етказиб бериш, уларни хорижий мамлакатларга “экспорт” қилиш борасида ҳам Ўзбекистоннинг ўз тажрибаси борлигини таъкидлаш лозим. Айни кунларда 15 дан зиёд мураббийимиз турли давлатлар ёшларига боксдан сабоқ бермоқда.

    — Токио Олимпиадасидан кейин боксчиларимизни қандай мусобақалар кутяпти?

    — Спорт мусобақалари йил ўн икки ой давом этади. Токио Олимпиадаси даврида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Европа ва Осиё минтақаларида ўтказиладиган халқаро турнирларда қатнашади. 2021 йил 26 октябрь — 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ҳозир мураббийлар кенгаши мазкур чемпионатда иштирок этадиган терма жамоа таркибини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Боксчиларимиз 2019 йили Россияда ўтган жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаганди. Сербияга йигитларимиз чемпион мамлакат спортчилари сифатида боради. Бундан ташқари, 2022 йили Хитойда ўтказиладиган Осиё ўйинлари, 2024 йили Парижда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш борасида ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Федерация мураббий ва мутахассислари иштирокида ҳар иккала мусобақага тайёргарлик кўриш стратегияси ишлаб чиқилган. Шу асосда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари машғулотларда, мусобақаларда қатнашиши белгиланган. Умуман олганда, федерациямиз ўзбек боксининг шонли анъаналарини давом эттириш, қўлга киритилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш борасида доимий изланишда.

    — Эътироф этиш керакки, бугун бошқа спорт турларига нисбатан боксчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлар салмоқли. Ҳақиқатан ҳам шароит, муҳит ва эътибор бир хил бўлган вазиятда боксчилар муваффақиятининг сири нимада?

    — Бу ерда битта муҳим жиҳат бор. Бокс жанговар ва тартиб-интизомга асосланган спорт тури. Бундан ташқари, йиллар мобайнида Ўзбекистон бокс мактабида устозлардан шогирдларга, катта шогирдлардан кичик боксчиларга ўтиб келаётган анъана — каттани ҳурмат қилиш, устозлар ўгитига амал қилиш тамойили доимо устувор бўлиб келган. Ҳурмат ва эътибор, бир-бирини қадрлаш каби азалий қадриятлар бокс мураббийлари, мутахассисларининг қон-қонига сингиб кетган. Қолаверса, машғулотлардаги, мусобақалардаги тартиб-интизом, тинимсиз изланишлар халқаро майдондаги ютуқларимизга пойдевор бўлиб келмоқда.

    Мамлакатимизда бокснинг бугунги ривожланиш тенденцияси унга фақат оммалашган спорт тури сифатида эмас, балки мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларни соғлом турмуш тарзига ўргатувчи, руҳий-маънавий жиҳатдан иродали, матонатли этиб тарбиялаш орқали она Ватанга садоқат туйғуларини шакллантирувчи ноёб восита сифатида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

    Зеро, юртимизда бокс инфтратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги имижи юксалишига хизмат қилади.

    Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates