Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 29 апрел 2021 4261

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Мамлакатимизда ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини инобатга олиб, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) тизимини янада такомиллаштириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг моддий рағбатлантирилишини яхшилаш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш ва давом эттириш мақсадида:

    1. Қуйидагилар боксни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

    боксни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

    бокс инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, бокс мактабларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўпайтириш;

    бокс бўйича профессионал тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, илмий-методологик базани янада кучайтириш;

    Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларига боксни босқичма-босқич киритиш;

    ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш ва давом эттириш юзасидан зарур чораларни кўриш;

    аёллар боксини ривожлантириш юзасидан узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

    спорт таълим муассасаларида бокс бўйича давлат буюртмаси параметрларини ошириш.

    2. Туризм ва спорт вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳамда Андижон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг дастлаб Андижон вилояти (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари), Бухоро вилояти (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари), Қашқадарё вилояти (Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари) ҳамда Тошкент вилоятларида (Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри) Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини (кейинги ўринларда – бокс мактаблари) давлат муассасаси сифатида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    3. Белгилаб қўйилсинки, бокс мактабларида:

    фаолият иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади;

    ўқиш 7-синфдан ташкил этилади, таълим олиш муддати 5 йил этиб белгиланади;

    ўқувчиларга бепул таълим олиш, олимпия захиралари коллежларининг ўқувчилари учун бир кунлик озиқ-овқат меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда ўқувчилар турар жойида бепул яшаш ҳуқуқи берилади;

    раҳбарлар, тренерлар, спортчилар ва бошқа ходимларга ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

    4. Қуйидагилар бокс мактаблари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

    Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

    халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;

    қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

    5. Бокс мактабларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича:

    буюртмачи этиб – Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги “Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси;

    бош лойиҳачи этиб – “ТошуйжойЛИТИ” акциядорлик жамияти белгилансин;

    бош пудратчи ташкилот белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари орқали аниқлансин.

    6. Қуйидагилар:

    Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси(кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

    Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

    Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    7. Белгилансинки:

    а) Концепция эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткичлар ва боксни ривожлантириш бўйича тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили алоҳида тасдиқланадиган “йўл харитаси” асосида босқичма-босқич амалга оширилади;

    б) “Йўл харитаси” 2021 йилда бажарилиши мўлжалланган қуйидаги чораларни қамраб олади:

    Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида бокс бўйича давлат буюртмаси параметрларини ошириш;

    ўқув-машғулотлар жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, виртуал рақибларбилан жанг олиб бориш имкониятини берувчи компьютерлаштирилган хоналарни ташкил қилиш;

    боксчилар тўғрисида маълумотларни тезкор олиш имконини берувчи электрон базани яратиш;

    в) Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:

    2025 йилгача спорт таълим муассасаларидаги бокс билан мунтазам шуғулланадиган ўқувчилар сонини 27 минггача етказиш;

    келгуси 5 йил ичида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 7 та бокс залларини ташкил этиш;

    бокс бўйича терма жамоаларнинг 46 га яқин халқаро спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудларда бокс залларини қуриш учун Туризм ва спорт вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармалари сўровномаларига асосан ер ажратиш чораларини кўрсин.

    8. 2021 йил 1 майдан бошлаб бокс бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) учун уч босқичли тизим жорий этилсин:

    биринчи босқичда – таълим муассасалари, болалар-ўсмирлар спорт мактабларидан сараланган спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари;

    иккинчи босқичда – боксга ихтисослашган спорт мактаблари, таълим муассасалари ва спорт клубларидан сараланган спортчилар ўртасида ҳудудий мусобақалар;

    учинчи босқичда – клублараро ҳамда ҳудудий ўқув-машғулот йиғинлари ғолиблари ва совриндорлари ўртасида республика мусобақалари (“World Series Boxing” мисолида).

    Бунда, мусобақалар натижалари асосида боксмактабларини иқтидорли спортчилар билан тўлдириб бориш Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан биргаликда амалга оширилади.

    9. Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида бокс бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини икки бараварга ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

    10. Ўзбекистон бокс федерацияси бокс мактабларида замонавий илмий ютуқлар ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда юқори малакали тренер, тренер-селекционер, функционал тайёргарлик бўйича тренер, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш мақсадида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар, тренинг, мастер-класслар, ўқув дарслари ташкил этилишини таъминласин.

    11. Бокс бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулотлар базасини яратиш мақсадида Туризм ва спорт вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, Янгиобод қўрғони ҳудудида жойлашган Республика олимпия захиралари спорт коллежи балансидаги 1,5 гектар майдонга эга бўлган собиқ стадион, сузиш ҳавзаси, шунингдек, ошхонани 2029 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон бокс федерациясига мақсадли текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда, мазкур ҳудуд атрофида спорт зал, ётоқхона, ошхона ҳамда бошқа маиший-хизмат бино ва иншоотларни қуриш учун камида бўш турган 1 гектар ер майдони ажратилиши таъминлансин.

    12. Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Заковат кўчаси, 2-уйда жойлашган собиқ Саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биноси, шунингдек, спорт иншооти ва ёнидаги спорт майдони Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан инвестиция мажбурияти асосида сотиб олинишига розилик берилсин.

    13. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2022-2023 йиллардаги инвестиция дастурларини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан бокс бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулотлар базасини ва бокс мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун марказлашган капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини таъминласин.

    14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан олис ҳудудларда жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда бокс мактабларига жалб қилинаётган тренерлар ва бошқа мутахассисларни 2025 йил 1 январгача уй-жой билан таъминлаш чораларини кўрсин.

    15. Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси Тошкент шаҳрида 2023 йилда режалаштирилган бокс бўйича Жаҳон чемпионати юқори даражада ўтказилишини таъминласин ва шу билан боғлиқ бўлган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин.

    Белгилансинки:

    жаҳон чемпионатини ўтказиш учун аъзолик бадали ва мукофот пули билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш Давлат бюджетининг 2022 ва 2023 йиллардаги параметрларида кўзда тутилган маблағлар
    доирасида босқичма-босқич 18 ой давомида, лекин 2023 йил 1 майгача бўлган даврда амалга оширилади;

    жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар ҳомийлар ва Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан қопланади, олинадиган фойда Ўзбекистон бокс федерацияси тасарруфида қолиб, боксни янада ривожлантиришга ва федерация фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.

    16. Бокс бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулотлар базасини ва бокс мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улар фаолиятини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус спорт анжомлари ва жиҳозлари, ўқув ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, инвентарь, қурилиш материаллари ва моддий-техник ресурслар 2023 йил 1 мартга қадарбожхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

    17. Молия вазирлиги мазкур қарорга асосан жорий йилда кўзда тутилган чора-тадбирлар ва келгуси йилларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар учун зарур маблағларни 2021 йил Давлат бюджетида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминласин.

    18. Мазкур қарорнинг ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

    Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А.Абдуҳакимов – мазкур қарор ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар ойда тегишли раҳбарларнинг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

    туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Қ.Каримов – Концепциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш, Концепция ва “Йўл харитаси”ни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

    масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – Концепция ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш юзасидан барча чораларни амалга оширсин;

    Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д.Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.

    19. Туризм ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм
    ва спорт вазири А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 29 апрель

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates