Бола ҳуқуқлари — дахлсиз

    2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини бола савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

    Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солиш, шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга ошириляпти.

    Жумладан, Ўзбекистон бола ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган кўплаб халқаро ҳужжатларга қўшилган ва бу соҳадаги қонунчилик халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 1992 йили мамлакатимизда БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси ратификация қилинган. 2008 йили Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг 2019 йилдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари билан мустаҳкамланди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Бироқ соҳада амалга оширилаётган шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳали ҳал этилиши зарур бўлган қатор долзарб масалалар сақланиб қоляпти.

    Биринчидан, мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан тўққизта давлат органи шуғулланишига қарамай, сўнгги йилларда ўғил-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари мунтазам кузатилмоқда.

    Вояга етмаганларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларига имкон берувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш тегишли идоралараро комиссиялар, ички ишлар, таълимни бошқариш, васийлик ва ҳомийлик, меҳнат органлари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ва ўқув муассасаларига юклатилган бўлса-да, ҳуқуқбузарлик кўрсаткичи ўзгармай қолмоқда.

    Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг етти ойи давомида республика бўйича 464 нафар вояга етмаган шахс томонидан 401 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоиз ошган. Шунингдек, 2020 йилда судланган 10 минг 371 нафар ёшдан 499 нафари вояга етмаганлардир.

    Иккинчидан, болалар ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганлар билан ишлаш масалаларида ягона идора мавжуд эмас. Болалар ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганлар билан ишлаш билан боғлиқ вазифалар бир нечта мустақил давлат идоралари зиммасига юкланган.

    Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи давлат органлари сонининг кўплиги уларга юклатилган вазифаларни бажаришда сансалорлик, турли расмиятчилик ёки ижро механизмларини йўлга қўйишда нотўғри ёндашувларни келтириб чиқармоқда.

    Сўнгги пайтда болалар савдоси билан боғлиқ вазиятлар тез-тез учраб турибди. 2019 йилда бундай ҳолатлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар таркибида бола савдоси билан боғлиқ кўрсаткичлар юқорилигича қолмоқда. Хусусан, 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини бола савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

    Учинчидан, фарзандликка олиш тизимидаги мавжуд муаммолар ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жамоатчиликни ўйлантирмоқда.

    Амалдаги қонунчилигимизда фарзандликка олиш тизимининг очиқ ва шаффофлигини таъминловчи қоидалар белгиланмаган. Хусусан, фарзандликка олиш учун ҳужжатларни масофадан туриб топшириш, фарзандликка олиш мумкин бўлган болалар тўғрисида маълумотлар олиш имконияти мавжуд эмас.

    Маълумотларга кўра, 2020 йил март ҳолатига кўра, биргина Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйлари бўйича икки ярим мингдан ортиқ фуқаро фарзандликка олувчи сифатида навбатда турган.

    Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Масалан, ён қўшнимиз Қозоғистонда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг асосий кафолатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўғил-қизларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Таълим ва фан вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилган. Россияда давлат раҳбари томонидан тайинланадиган ва вазифадан озод қилинадиган ҳамда президент ҳузурида фаолият юритадиган Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилган.

    Жанубий Кореяда зўравонликдан жабр кўрган ва қаровсиз қолган болаларни муҳофаза этиш, уларнинг оилаларини тиклашга кўмаклашиш билан Болаларни ҳимоя қилиш миллий агентлиги шуғулланади. АҚШнинг ҳар бир штатида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказлари ташкил этилган. Бундан ташқари, Беларусь Республикасида етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий ва халқаро фарзандликка олишни таъминлаш, васийлик ва ҳомийлик фаолиятини Халқ таълими вазирлигининг Фарзандликка олиш миллий маркази олиб боради.

    Мазкур муаммоларни бартараф этиш, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида вояга етмаганлар билан ишлаш соҳасида ваколатли ягона давлат идорасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиб, бундай идора фаолиятини қатор омилларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш мумкин.

    Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Болалар ҳуқуқлари ва вояга етмаганлар ишлари бўйича ягона марказ ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларини очилса, айни муддао бўларди.

    Иккинчидан, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, махаллий давлат ҳокимияти органларида вояга етмаганлар ишлари бўйича котибият, васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини тугатиш ҳамда уларнинг вазифа ва функцияларини янги тузиладиган марказга ўтказиш лозим.

    Учинчидан, болалар ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганлар билан ишлаш соҳасидаги барча давлат органларининг ваколатларини янги тузиладиган марказ ўтказиш мақсадга мувофиқ.

    Марказ асосий вазифа ва функциялари доирасида болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади. Бола ҳуқуқлари, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат этиш ҳамда услубий раҳбарлик қилишни зиммасига олади. Шунингдек, ўғил-қизларни соғлиғи ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади. Етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, меҳрибонлик уйлари фаолиятини назорат қилиш, фарзандликка олиш масалалари билан шуғулланади. Халқаро фарзандликка олиш тартибини мувофиқлаштириш, у билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда қатнашиш, хорижий мамлакатлар ташкилотлари билан халқаро ҳамкорликни олиб бориш каби вазифаларни бажаради.

    Шоҳрух МАМАТҚУЛОВ,

    Адлия вазирлиги ҳузуридаги

    Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

    масъул ходими