Бўлажак божхоначиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш — замон талаби

    Бу каби тадбирларни мунтазам равишда Бош прокуратура, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказиб келяпмиз.

    Дунё мамлакатлари ўртасида кечаётган иқтисодий ҳамкорлик масалалари доираси кенгаётган бир вақтда мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ривожланишига кўмаклашишда иқтисодий ва ҳуқуқий билимлар билан қуролланган замонавий дунёқарашдаги божхоначиларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

    Шу нуқтаи назардан Президентимиз томонидан божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда божхона маъмурчилигига оид қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларда муҳим ва стратегик вазифалар белгиланди. Албатта, бундай масъулиятли вазифаларни бажариш бевосита божхона тизимининг салоҳиятли кадрлар билан таъминланганлигига боғлиқ. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда божхона соҳаси учун ҳам миллий кадрларни тайёрлаш тизими шакллантирилди. Хусусан, божхона иши соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада ягона бўлган ихтисослаштирилган олий таълим муассасаси ташкил этилди.

    Халқаро иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш тенденциялари ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигининг ошиб боришини ҳисобга олган ҳолда божхона органлари кадрларини касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан институт Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди ҳамда божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса этиб белгиланди.

    Мазкур қарор ижроси доирасида икки босқичли — “Божхона иши”, “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда “Божхона иши (фаолият тури бўйича)”, “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

    Профессионал божхоначиларни тайёрлашда кадрлар билими, малакаси ва кўникмаларига қўйиладиган малака талаблари асосида бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари ўқув режалари ишлаб чиқилди. Бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда, божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда божхона органлари ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари ҳам амалга ошириляпти.

    Жумладан, ташқи иқтисодий фаолият ва чегара божхона постларида божхона назорати, суриштирув йўналишлари бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, божхона ходимларининг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашни назарда тутувчи малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Шунингдек, божхона органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш учун ўқиш муддати 3 ойдан иборат бўлган “Божхона менежменти” олий курслари жорий этилди.

    Бугунги глобаллашув жараёнларининг божхона органлари учун кадрларни тайёрлаш тизимига таъсири муқаррарлигини эътиборга олиб, таълим мазмунининг миллий таркибий қисмини сақлаб қолган ҳолда Жаҳон божхона ташкилоти (ЖБТ) томонидан таклиф этилган божхона кадрларини тайёрлашнинг халқаро профессионал стандартлари асосида таълим жараёнини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

    Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони божхона органлари учун кадрларни тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича мантиқий узвийликни намоён этди.

    Мазкур Фармон билан “2020 - 2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси” тасдиқланди. Концепцияда божхона органларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш, уларнинг халқаро миқёсдаги обрўсини ошириш аввало малакали ва тажрибали кадрларга боғлиқлиги алоҳида қайд этилиб, кадрларни тайёрлаш ва салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида Божхона институти “Божхона иши” бакалавриат таълим йўналишини ЖБТнинг PICARD (Божхона академик тадқиқотлари ва ривожланиши соҳасида ҳамкорлик) дастурининг профессионал стандартларига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш вазифаси белгиланди.

    Глобаллашув ва иқтисодиётни модернизация қилиш жараёнлари божхона ходимидан мамлакатларнинг иқтисодий сиёсатини ва халқаро стандартларга асосланган божхона тартиб-таомилларини янада яхшироқ тушунишни талаб қилади. Шу маънода PICARD дастурининг профессионал стандартлари ушбу талабларга жавоб бера оладиган малакали кадрлар тайёрлаш имконини беради. Мазкур профессионал стандартлар ЖБТ томонидан INCU билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, дунё мамлакатлари божхона таълимида бакалаврлар ва магистрларни тайёрлаш учун қўлланилади. Бугунги кунда 10 га яқин хорижий таълим муассасаларининг 20 дан ортиқ ўқув дастурлари мазкур стандартларга мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилган.

    Айтиш жоизки, 2019 йилнинг декабрь ойида Божхона университетлари халқаро тармоғи — INCUга аъзо бўлганимиз тармоқнинг илғор тажрибалари, жумладан, божхона йўналишида олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари, халқаро конференция ва симпозиумлар ҳамда таълим жараёнини такомиллаштириш билан боғлиқ турли халқаро тадбирларда иштирок этиш имконини беради. 200 дан ортиқ аъзо ва филиалларга эга бўлган халқаро нотижорат ташкилотнинг мақсади божхона соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашга доир таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳисобланади.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Жаҳон божхона ташкилотининг CLiCK (Customs Learning and Knowledge Community) таълим порталига Институтнинг профессор-ўқитувчилари ва ходимлари аъзо бўлиб, ундаги маълумотлардан ўқув жараёнларида фойдаланиб келмоқда.

    Ўқитувчиларимиз республика миқёсидаги истиқболли бошқарув кадрларини танлаш бўйича “Тараққиёт”, “Энг яхши олима аёл” танловларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келаётган бўлсалар, 2019-2020 йилларда ходимларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси, “BOMCA-9” дастури, Божхона университетлари халқаро тармоғи дастурлари доирасида хорижий давлатларда малака ошириб қайтишди. Умуман, олганда, педагогларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ва таълим сифатини оширишга бирламчи эътибор беряпмиз.

    Курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган, асосан мутахассислик фанларидан ташкил топган замонавий таълим стандартларини ва сифат жиҳатидан янгича ўқитиш тизимини жорий этиш ҳисобига амалиётга йўналтирилган ўқув жараёни шакллантирилди.

    Амалий машғулотларни бевосита Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида жойлашган божхона постларида ташкил этиш механизми яратилди ҳамда дарс машғулотларига Давлат божхона қўмитасининг етакчи мутахассисларини жалб этиш орқали тайёрланаётган кадрларнинг амалий кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

    Таълим ва тарбия уйғун бўлгандагина биз орзу қилаётган баркамол авлодлар камолга етишини чуқур ҳис қилган ҳолда биз албатта маънавий-маърифий тадбирлар таъсирига таянамиз.

    Айниқса, давлатимиз раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича яқинда ўтказган видеоселектор йиғилиши институтимизда маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни янада тизимли ва самарали ташкил этишга катта туртки бўлди. Шу ўринда айтиш жоизки, 2020 йилда 70 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлари, шунингдек, ҳарбий-ватанпарварлик тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

    Бу каби тадбирларни мунтазам равишда Бош прокуратура, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказиб келяпмиз.

    Бундан ташқари, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида курсантлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг таваллуднинг 579 йиллиги, буюк давлат арбоби ва саркарда, адиб ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537, Абдулла Қодирий таваллудининг 126 йиллиги муносабати билан 10 дан ортиқ ижодий кечалар ташкил этилди.

    Институт офицер, сержант ва курсантларининг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Институт офицер ва курсантларининг насрий ва назмий ижод намуналаридан иборат “Қалб гавҳарлари” номли тўплам ҳамда курсант М.Темировнинг “Умрим баҳори” номли шеърий тўпламини чоп эттирдик. Институтда “Янги аср авлоди” ва “Ўзбекистон” нашриётлари билан ҳамкорликда кўплаб китоб ярмаркалари ташкил этилди. “Мени ўзгартирган китоб” онлайн танлови эса курсантларимиз орасидан янги-янги иқтидорларни кашф этишимизга хизмат қилди.

    2021 йилда бу каби тизимли ишларимиз салмоғини янада кўпайтиришга киришганимиз баробарида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан айрим таклифларимни айтиб ўтишни жоиз топдим.

    Жумладан, ҳарбий-тарихий фестивалларни ташкил этиш орқали Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шохрух ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимизнинг ҳарбий ва маънавий жасоратларини ёшлар онгига чуқур сингдиришга эришишимиз мумкин.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тарихий ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишда ёзилган насрий ва назмий асарлар танловини ўтказиш эса ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтиришга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

    Шунингдек, “Мен шу юрт фарзандиман” рукнида туркум кўрсатувлар ташкил этиш, “Авлодлар учрашуви” лойиҳаси асосида барча таълим муассасаларида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган фахрий авлод вакиллари билан уюшмаган ёшларнинг учрашувларини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда. Бундан ташқари, ёшларнинг ижодий фикрлашини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” лойиҳасини амалга оширишдек эзгу мақсадлар сари интилишимиз, албатта уларга етишимиз керак.

    Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, глобаллашув ва интеграция жараёнлари ривожланишининг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси божхона органлари олдидаги долзарб вазифа халқаро қоидалар ва нормаларга мувофиқ, божхона назорати ва ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш бўйича халқаро стандартлардан самарали фойдаланиш, мамлакатимизнинг халқаро етказиб бериш занжирида рақобатлашиш имкониятларини таъминлашдан иборат. Ушбу мақсадларга энг аввало, олий таълим мазмунини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш орқалигина эришиш мумкин.

    Восид ЭРГАШЕВ,

    Давлат божхона қўмитасининг

    Божхона институти бошлиғи,

    божхона хизмати подполковниги,

    профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates