Болаларни нафас аъзолари касалликларидан қандай ҳимоялаш керак?

    Кузда ҳаво ҳарорати пасайиб, мавсумий юқумли касалликлар учун қулай муҳит юзага келади. Айниқса, болалар организми бундай иқлимга анча сезувчан бўлади. Оқибатда улар орасида нафас йўллари билан боғлиқ вирусли хасталикларга чалиниш ортади.

    Шу сабабли ҳар бир ота-она фарзандларини мавсумий касалликлардан ҳимоялашда янада эътиборли бўлиши талаб этилади.

    Хўш, бунда нималарга аҳамият бериш керак?

    Ушбу саволга тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиев батафсил жавоб берди.

    — Куз-қиш – грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр, — дейди мутахассис. — Айниқса, бу пайтда болалар орасида нафас йўлларининг турли юқумли хасталиклари, хусусан, ЎРВИ кўп учрайди.

    Боиси ёмғирли кунлар ва салқин об-ҳаво шароитида организмнинг вирусларга қарши курашиш қобилияти пасаяди.

    Бундай мавсумий инфекцияларнинг олдини олишда ота-оналар, аввало, фарзандларига шахсий гигиена қоидаларини ўргатиб боришлари лозим. Айниқса, болаларда қўлларни мунтазам совун билан ювиш ёки антисептик воситалар ёрдамида тозалаш одатини шакллантириш керак. Чунки бу — вируслардан ҳимояланишнинг энг муҳим омили.

    Шунингдек, юзларни қўл билан ушламаслик, хоналарни доимий шамоллатиш, йўтал ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёхуд тирсак билан ёпиш керак.

    Агар шамоллаш белгилари бўлса, фарзандларни таълим муассасасига юбормаслик мақсадга мувофиқ.

    Иситмаси юқори боланинг томоғини йод ёки зелёнка билан артиш кўп кузатиладиган янглиш ҳолат. Чунки кичик ёшли беморнинг нафас йўли шиллиқ қавати жуда нозик бўлиб, вирус туфайли яллиғланган ва шишган бўлади.

    Агар юқорида айтилган суртмалар билан ишлов берилса, шиллиқ қават жароҳатланиб, шиш янада катталашади. Оқибатда ларингит ёки бошқа асоратлар кузатилиши хавфи бор.

    Боланинг фибрил тутқаноғи бўлмаса, касаллик туфайли тана ҳарорати 38°-38,5° даражадан паст бўлганда иситмани туширишга ҳожат йўқ. Шундан ортсагина, дори бериш мумкин.

    Шуни ёддан тутиш лозимки, тана ҳароратининг 37° даража бўлиши доим ҳам тана ҳарорати кўтарилганини англатмайди. Болага такрор-такрор иситма туширувчи дори бериш эса унинг терморегуляция тизими фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин.

    Бундан ташқари, аллергик йўтал, астма, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши бўлган болалар бор хонада исириқ тутатиш мумкин эмас. Сабаби тутун танада спазмни ошириб, йўтални янада кучайтиради.

    Шамоллаш ва тана ҳарорати кўтарилганда кўп суюқлик ичиш касалликни тезроқ енгишга ёрдам беради. Қолаверса, болани тўғри ва рационал овқатлантириш, жисмоний чиниқтириш ва сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ҳам мавсумий касалликларни олдини олишга кўмаклашади.

    Шунингдек, ўғил-қизларга қўшимча D витаминининг сувли эритмаси, аскорбин кислотаси, руҳ (Цинк) ва селен моддалари, камқонликни даволаш мақсадида темир препаратлари берилса, тананинг нафас йўллари касалликларига қарши курашиш қобилияти ошади.

    Кузда мавсумий вирусли касалликларга қарши эмланиш ҳам хасталикдан ҳимояланишнинг самарали усули ҳисобланади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates