Болаларнинг томоғи оғриши буйракка зарар келтирадими?

    Саломатлик 24 ноябр 2020 6515

    Ва умуман, инсон организмидаги урологик тизимнинг функцияси нималардан иборат?

    Ушбу саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров қуйидагича жавоб беради:

    — Моддалар алмашинуви жараёнида организмда кераксиз моддалар пайдо бўлиб, уларни вужуддан чиқариб ташлаш талаб этилади. Урологик тизим организмда ана шундай муҳим фильтр вазифасини бажаради.

    Агар мана шу тизим мукаммал ишламаса, заҳарли моддалар организмда кўпайиб кетиши натижасида инсон танаси ҳалокатга юз тутиши мумкин. Пешоб ишлаб чиқариш тизимида, аввало, буйракларнинг аҳамияти катта. Буйраклар 180-200 грамм оғирликда бўлиб, умуртқа поғонасининг икки тарафида жойлашади. Улар худди ловиясимон кўринишга эга қўш аъзодир. Буйракларнинг асосий ишчи тизими — нефронлардир. Нефронлар орқали қон ўтади ва ундан сўнг қон плазмасига ўтказилади.

    — Фимоз касаллиги, уни уй шароитида қандай даволаш йўллари бор?

    — Фимоз касаллиги ўғил болаларда учрайдиган урологик нуқсон. Бунда боланинг олатини ёпиб турувчи кертмак варағи узун бўлиши туфайли унинг тешиги тор бўлади. Натижада олат учида туз йиғилиб, яллиғланиш юзага келади. Бу нуқсонни оддий стерилланган бинт ва беш фоизли синтомицин суртмаси ёрдамида уй шароитида бартараф этиш мумкин.

    Бунинг учун чақалоқлар патронажига борган ҳамшира боланинг урологик тизимини яхшилаб кўрикдан ўтказиб, нуқсон аниқланса, онага бола парвариши бўйича маслаҳат ва тавсия бериши лозим. Ўз вақтида кўрилган ана шундай чоралар келгусида баланит, баланопостит каби урологик касалликларнинг олдини олишга замин бўлади.

    Ҳозирда болаларда буйрак-тош касалликлари кўп учраётганининг сабаблари нимада?

    — Болаларда учраётган буйрак-тош касалликлари минг афсуски, сўнгги йилларда 3-4 баробар кўпайди. Бунга асосий сабаб эса буйракларда моддалар алмашинуви жараёнининг бузилишидир. Ушбу ҳолатга биринчи навбатда нотўғри овқатланиш оқибатида дуч келинади.

    Одам организмидаги баъзи тузлар нордон муҳитда эриса, баъзилари кислотали (ишқорий) шароитда парчаланади. Агар бола ҳар куни бир хил овқат истеъмол қилаверса, буйракда муҳит ўзгармай қолаверади. Яъни, кислотали муҳитда эрийдиган туз ва тошлар ҳадеб нордон муҳит тушаверса, муқим қотиб қолади. Ёки аксинча, нордон шароитда эрийдиган тошлар ишқорий муҳитда эрий олмай, катталашаверади. Бола турли овқатлар билан озиқлантириб турилса, унинг буйрак тизимидаги муҳит тез-тез ўзгариб, туз ва тошлар тўпланишига имкон қолмайди.

    — Болаларнинг томоғи оғриши буйракка қандай зарар келтириши мумкин?

    — Боланинг томоғи оғриганда бодомча безда пайдо бўладиган йиринглар қонга сўрилиши натижасида организмда ҳар хил антиген ва антитаначалар пайдо бўлади. Улар буйрак коптокчаларида тўпланиб қолиши туфайли яллиғланиш юзага келади. Бу тиббиёт тилида гломерулонефрит дейилади.

    Касалликни даволаш учун икки йил ва ундан кўпроқ вақт талаб этилади. Баъзи ҳолларда дард бир умр инсон соғлиғига таъсир этади. Буйрак трансплантацияси ўтказилаётган беморларнинг тўқсон фоизи болалигида гломерулонефрит билан хасталангани бунинг исботидир. Демак, болаларда учрайдиган томоқ оғриғига бефарқ бўлиш кейинчалик оила ва ҳатто жамиятга ҳам қимматга тушиши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates