Боқимандалик балоси

    Фикр 30 июл 2020 5721

    Яширмаймиз, боқимандаликни даволаб бўлмайди.

    Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга,

    меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда.

    Шавкат МИРЗИЁЕВ

    Бошқа йўл қолмади. Бугун кутилмаган бало Ер шарининг қай бир бурчагидан келган-келмаганини таҳлил қилиш бефойда, аксинча, халқ бўлиб, эл-улус бўлиб давлат раҳбари, ҳукумат атрофида бирлашиб, ҳамжиҳатликда курашмасак, эртага кеч бўлиши муқаррар. Президентимиз раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишлари кун тартибидаги биринчи масала пандемия мавзуси бўлаётгани бежиз эмас. Сабаби, вазият биз кутган ва ўйлагандан ҳам кўра жиддийроқ, ҳатто айтиш мумкинки, анча қалтис.

    Аммо имконият борича тегишли чора-тадбирлар кўриляпти. ОАВ, ижтимоий тармоқлар бир лаҳза тингани йўқ. Эътиборлиси, барча телеканаллар COVID-19 га бағишланган махсус кўрсатувларни намо­йиш қилмоқда. Лекин биз бугун сўз юритаётган боқимандалик балоси ҳам ижтимоий хавфлилиги жиҳатидан пандемиядан кам эмаслиги боис барчамизни ҳар лаҳза ҳушёр торттириши лозим.

    Яширмаймиз, боқимандаликни даволаб бўлмайди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганлариям рост. Авваллари ҳам бор эди шундай тоифа одамлар, нима бўлсаям давлат мени боқиши, таъминлаши керак, деган номаъқул даъво уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳой оғайничалиш, тўрт мучанг соппа-соғ бўлса, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиб ишла, деб кўринг-чи, балога қоласиз, ёқангизга ёпишади.

    Ўтган йил бошлари эди, Қашқадарёга бордим. Омон-омон, осойишталик замони эди. Шанба Китоб тумани ҳокими қабули куни экан. Ижодга қизиқувчан дўстим ҳокимликда ишларди. Сиз ҳам бир кузатинг, кимлар қандай муаммо-масалалар билан мурожаат этишини кўрасиз, балки бирор нарса қораларсиз, деди. Рўйхатга юз чоғли одам ёзилган экан. Аввал ёши кексароқ, ногирон кишиларни қабулга чорлашди. Бир чеккада кузатиб ўтирибман. Деярли ҳамма ташкилот раҳбарлари ҳозиру нозир. Бирин-кетин савол-жавоблар бошланди. Йигирматача одамдан тахминан ўнга яқини уй-жой масаласида, қолганлари эса саломатлигини тиклаш, оилавий ва маҳалла ҳолидан хабар олмаётганидан нолиди. Ҳоким ҳам аввалига босиқлик билан ҳаммани эшитди ва амалий кўмак кўрсатиш бўйича тегишли раҳбарларга топшириқлар берди.

    Ҳаммаси кейин бошланди. Бир маҳал ташқарида ғала-ғовур кучайди, аввал бир эркак бақирди, кейин аёл кишининг йиғиси эшитилди. “Ҳар ҳафта аҳвол шу, менам ҳасса кўтариб келайинми энди, айбим соғлом эканимми, бошқа проблемам бор, нима, ёш боласи бўлса шохи борми буларнинг, касалми, ана уйида ётсин...” Ҳайрон бўлиб ҳалиги қадрдонимга қарадим. У секин пичирлади: “Ҳозир томошани кўрасиз, энди кунда-шундаларга навбат келяпти, Худонинг берган куни, қаерда қабул бўлса ўша, беш-олти “штатний”лар етиб боради. Тошкентдан, бирор юқорироқ идорадан вакил келиб қолган бўлса, тамом, ўзларини шу даражада жабрланган, қийналган қилиб кўрсатишадики.... Ана, бирови келди, эшитинг-да”.

    Ҳалиги мурожаатчи аввалига ҳамма билан сўрашиб чиқди. Кейин тўрга қараб гап бошлади: “Ҳурматли ҳоким бова, мен ўтган дафъа ҳам келувдим, ҳал бўлмади, масалан, ўғилларим онаси тараф, уйга қўймаяпти, икки қизим чиқиб кетган, қудалар ҳолинг не деб сўрамайди, оқсоқол ҳайдаб солади идорадан, энди, ўзингиз бир бормасангиз бўлмайди-ёв, буларингиз алдайди”. Ҳоким савол берди: “Ака, узр, қабулимга бугун нечанчи марта келишингиз, шуни биласизми?” Маҳаллага ­масъул оқсоч киши “ўнинчи марта”, деб изоҳ берувди, ҳалиги арзгўй унга қараб бақира кетди: “Керак бўлса ҳокимликнинг олдига ётволаман, уйим йўқ, тушундингизми, оқсоқолингиз ёрдам бермаса, хотиним билан ажратиб қўйишмаяпти, нуқул ўзининг танишларини қўллайди, ана, кечаям ун тарқатди, болаларимга берди, менга йўқ”.

    Қабулга келиб, ҳали муаммосини дас­турхон қилишга улгурмаган оппоқ рўмолли онахон унинг гапларини эшитиб чидаб туролмади: “Элликка кириб эсингиз кирмапти, укажон, ўзингиз айтяпсиз ахир, беш фарзандингизнинг ҳаммаси уйли-жойли экан, қизлар бировнинг хасми, улардан нега домангир бўласиз, ана, уч ўғлингиз ишласа, ўзингиз уста экансиз. Бир маҳаллани айблайсиз, бир болаларингизни, ўзи нима керак сизга, одам деганам шунақа ноинсоф бўладими, буям камлик қилгандай, шунча йил бирга яшаган аёлингиз билан ажрашаман дейишга уялмайсизми? Шуми ўзбекчилик, суф-е!”

    Ичкарида ҳаво етмай қолди. Секин чиқдим. Ортимдан ҳалиги танишим эргашди. “Ҳа, сабрингиз чидамадими? Ўлмаган бизнинг жонимиз, ошна. Ҳар куни шу аҳвол, ўн киши келса, ярмидан кўпи боқимандаликка ўрганиб қолган. Ҳозир қаранг, юз одамни кечгача қабул қиламиз. Албатта, хастаҳол, эҳтиёжманд, муаммоси оғир инсонларга қўлдан келгунича ёрдам берамиз. Бу табиий ҳол. Лекин кейинги пайтда юзимнинг қаттиғи, жонимнинг ҳузури дейдиганлар кўпайиб кетяпти. Нечтасиникига бордик. Ишонасизми, ҳайҳотдай ҳовли, камида 15-30 сотих чиқади, қудуғидан сув тўхтамайди, аммо томорқасида на битта дарахт, на тўртта гиёҳ бор. Гапларини арава тортолмайди, ҳа, мени кам таъминланганлар рўйхатига киритишмаяпти, нима эмиш, болаларим ишлармиш, иккита машинамиз бор, тўртта қорамол, нима бўпти, бизга берса давлат ғазнаси тугаб қолмас энди...

    Шунинг учун қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, фаоллари орасида виждонли, иймонли инсонлар кўпайсагина, бундай текинхўр, фақат бер-берга ўрганганлар пайи қирқилиши мумкин, акси бўлса, юкини маҳаллага ташлаб, ётволиб ёза-ёздан бўшамайдиганлар камаймайди”.

    Бу ҳаётий мисолни бежиз келтирмадим. Сабаби, бутун дунёда пандемия хавфи кучайиб бораётган, жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам ушбу хатарли офатга қарши кураш олиб борилаётган, қатор муаммолар ўртага чиқаётган, иқтисодий инқироз хавфи ошаётган бир паллада, бугунги оғир ва машаққатли дамларда ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, халқимизни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш йўлида тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани хайрли ишдир.

    Лекин... халқ бир мушт бўлиб бирикиб, ҳамжиҳатликда кўринмас ёвга қарши кураш олиб бораётган ғанимат дамларда, ишонинг, ёзиш тугул, айтишга тили бормайди одамнинг, коронавирус балосини енгиш учун сув ва ҳаводек зарур бўлган воситалар — дори-дармон, тиббий жиҳоз ва бошқа заруратлар учун ажратилган маблағларни талон-тарож қилганларга нисбатан 10 та жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги кўнгилсиз маълумотни ўтган ҳафтада ўтказилган брифингда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов келтирганида этлари жунжикиб кетади ақли бутун кишининг. Бизга нима бўляпти ўзи, нега шунча қирғинбарот, талотумларни мардона енгиб ўтган миллат одамзот тўкин, фаровон, тинчгина ҳаёт кечираётган даврга келиб нафсини жиловлай олмаяпти?

    Ҳар қанча аламли бўлмасин, қуйидаги далил ва рақамларга бир назар ташлайлик: Бухоро вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари 395 миллион сўмлик 15 тонна гипохлорид кальций дезинфекция воситасини 600 миллион сўмга сотиб олиб, 205 миллион сўм бюджет маблағини талон-тарож қилган. Ёки бўлмаса, Навоий вилоятида худди шу марказнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлардан 509 миллион сўмлик товар моддий бойликларни мақсадсиз сарфлаб юборган. Тергов жараёнида марказ бош врачи ва омбор мудирига нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган...

    Ёки бошқа бир рўйхатдаги шармандали ҳолатни қаранг: Қашқадарёда 917,8 миллион сўм, Паркент туманида 397,6 миллион сўм, Наманганда 248,9 миллион сўм, Навоийда 222,3 миллион сўм, Бухорода 204,6 миллион сўм, Андижонда эса 159,3 миллион сўм талон-тарож қилинган! Доно халқимизнинг ўғри бўл, муттаҳам бўл, инсоф билан бўл-да, деган истеҳзоли ибораси қачонлар пайдо бўлгани номаълум. Хўш, энди, мамлакат бошига мусибат тушиб турган энг қалтис онларда улуснинг нонини туя қилиб юрган каламушсифат амалдорларни ким деб атаймиз?

    Тўғри, уларга қонун доирасида чораям кўрилар, келтирилган зарарни (бу рақамлар ортида ҳазилакам давлат маблағи ётгани йўқ) қаппайиб қолган чўнтакларидан тўлар ҳам дейлик. Эртага-чи, ҳозирги тожсимон вирус дегани чекинар, лекин бу муттаҳамлар эл-улус ўртасида қандай бош кўтариб юраркин? Юзлаб қурбонларнинг ўлимида ўзларини айбдор деб ҳисоблармикин? Бундай касларни тўдаси билан телевидение орқали элга кўрсатиш керак эмасми? Матбуотда номма-ном эълон қилиш зарур! Албатта, тергов-суриштирув тугагач, суд ҳукм ўқигандан сўнг!

    Бу танганинг бир тарафи. Иккинчи томони янада аянчли. Мақоламиз мавзусини бежиз боқимандаликка боғламаяпмиз. Боиси, қарийб беш ойлик маънавий ва иқтисодий синовлар одамларни ғалвирдан ўтказяпти. Айниқса, маҳалла-кўйдаги ҳақиқий инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар ва хўжакўрсинга, оқсоқолнинг “темир дафтар”и рўйхатига тиркалувчи доимий танишлар ҳақида ижтимоий тармоқларда бежиз бонг урилмаяпти. Тўғри, “Саховат ва кўмак” жамғармаси пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакилларини хайрия маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашга баҳоли қудрат ҳаракат қилаётганини ҳеч ким инкор қилолмайди. Бу маблағлар “Маҳалла” фонди Васийлик кенгаши, Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар кенгашларининг тасдиқланган қарор ва рўйхатлари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзанд­ли оилалар, ногиронлиги бўлган, ёлғиз яшовчи, шунингдек, вақтинча ишсиз фуқароларни пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳамда бошқа турдаги зарур маҳсулотлар билан таъминлаш учун сарфланяпти. Бу Худога ҳам, бандасига ҳам аён.

    Яна савол туғилади: хўш, махсус қарорларга кўра эҳтиёжмандлик мақомига лойиқ деб кўрилган оилалар рўйхати қандай шакллантириляпти? Бу жиддий масала. Чунки бизда ҚФЙ ёки МФЙ деган тузилма ўз ҳудудида яшовчи аҳоли ҳақида тўлиқ маълумот-тасаввурга эга, деган нотўғри қараш шаклланиб қолган. Лекин бир ҳақиқатни очиқ тан олиш керак, сони ўн мингни қоралаб бораётган маҳалла институтига кейинги бир-икки йил ичида жуда катта имкониятлар яратишга ҳаракат қилинаётган бир пайтда ушбу тизимга масъулларнинг саъй-ҳаракатлари ҳозирча ўзини оқлаяптими-йўқми, деган ҳаётий савол кўпчиликни ўйлантиряпти. Аввало, маҳалла раислари мақоми масаласи чуқур мониторинг қилиниши зарур. Кадрлар захираси шакллантирилишида шахснинг маълумоти олийлигидан кўра унинг инсонийлиги, жамоатчилик ўртасидаги нуфузи алоҳида эътиборга олиниши лозим, деб ҳисоблаймиз. Негаки, аксарият оқсоқоллар ҳали-ҳануз ибтидоий бошқарув усули, яъни маҳаллий ҳокимият чангалидан қутулиб, эркин фаолият юритолмас экан, тизимда ишлар илгари силжимайди.

    Асл манзара бундай: рўйхатга киритилган бирор оилага ижтимоий ёрдам шаклларидан бири бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамларига келиб тушган маблағлардан фуқаронинг номига очилган банк картасига муайян миқдорда маблағ ўтказиб берилади. Жуда оқилона йўл, деб ўйлардим мен ҳам. Аммо шу йил баҳор ўрталарида қўшни маҳалла раисининг қуйидаги сўзларини эшитгач, фикрим ўзгарди: “Ака, безор бўлдим буйруқбоз­ликдан. Масалан, биз комиссия иштирокида кўриб чиқиб, ўрганиб, қатъий тартибда ҳокимликка эҳтиёжманд оилалар рўйхатини тақдим этамиз. Қизиғи, шундай одамлар ҳам борки, улар ўзига тўқ, ҳаммаси ишли, қўшша-қўшша машина, уйларигача бор, лекин азалдан маҳалла ё ҳокимликка қари ота-онасини етаклаб бориб, ҳеч кимимиз йўқ деб рўйхатларга ҳам кириб олишган. Ёки яна бир тоифа бор, тўғри ҳокимликка шикоят кўтариб боради, баҳоналари мингта, улар нима қилади, оппа-осон қутула қолайлик, дейди-да, илтимос, шунгаям ёрдам берворинг”, дейди. Эътироз билдирсангиз, тамом, муаммодан бошингиз чиқмайди. Яхшиси, оч қулоғим, тинч қулоғим деймиз-да”.

    Ажабо, кўнгилни хира қилгувчи бундай воқеаларни кўриб, кузатиб ёқасини тутади одам. Нега денгда, баъзан ёнгинамизда шундай ҳокисор, содда, бирор маҳкама ёки порталнинг манзили, телефонини ҳам билмайдиган кишилар ҳам борки, аслида шундайларни излаб, топиб, қўлимиздан келса кўмак берсак осмон узилиб ерга тушмайди. Яқинда Қибрай туманидан таҳририятга ёзилган бир хатни ўқиб, очиғи, музлаб кетдим. Ҳали элликкаям бормаган муштипар аёл минг бир истиҳола билан хат ёзибди: “Турмуш ўртоғим уч йил бурун тўсатдан юрак хасталиги туфайли қазо қилди. У кишининг исми-шарифини айтолмайман, сабаби, кўпчилик танирди, вазирлик ва бир қанча нуфузли идораларда ишлаганди. Ёлғиз ўғлим билан оғир аҳволга тушиб қолганимиздан кейин Тошкентдаги ­уйимизни сотиб, Қибрайдаги кўп қаватли уйдан бир хонали хонадон олиб кўчиб ўтдик. Ўзим боғчада тарбиячи эдим, шаҳарга қатнаш қи­йинлиги боис бўшашимдан аввал малака ошириш институтида ўқиб, махсус сертификат ҳам олдим. Аввал уйимга яқин атрофдан иш қидирдим. Ҳаммаси ваъда беришдан нарига ўтмади. Ўғлим контракт асосида институтда таҳсил олади, спортчи, Ўзбекистон чемпиони. Рўзғор тебратиш оғирлаша бошлагач, ўқишини сиртқига ўтқазиб, қурилишга ишга кирди. Ойлик маошиям ўртача, устига устак контракт пули, коммунал тўловлар қийнаб қўйди. Баъзан ўғлимга сездирмай, ошхоналарда идиш-товоқ ювиб юрдим. У ҳам отасига ўхшаб полвонлиги боис бирор марта нолимади, йигитлик ғурури йўл қўймади шекилли, бирор жойга ёрдам сўра боришдан ор қилди. Онажон, иш топилса топилар, бўлмаса ҳеч кимга ялинманг, Худо­йим ўзи меҳрибон, деб мени юпатарди. Икки йилдан бери отангга бор, онангга бор, дейишларидан чарчадим. Охири кам таъминланганлигимиз, биламан, ўзим яшаётган МФЙда расман қайд этилмагани аниқ, ҳеч бўлмаса ёлғиз оналигимни инобатга олиб, ўғлимнинг контракт пулини тўлашга амалий ёрдам беришларини сўраб, вилоят ҳокими номига ёзма равишда мурожаат жўнатдим. Ёлғон бўлмасин, шундан кейин бир-икки идорадан шикоятингизни ўрганяпмиз, албатта кўмак берилади, деган мазмундаги қўнғироқлар бўлди. Лекин ҳозиргача бирор масъул ташкилот вакили ёки раҳбар келиб сўрагани йўқ.

    Ниҳоят баҳорда коронавирус балоси оқибатида карантин бошланиб кетди. Она-бола уйда қолдик. Ўғлим ҳам ишидан айрилди. Шу боис, баъзан дастурхонни ўйлаган пайтларимиз ҳам бўляпти. Хайриятки, савобталаб одамлар баҳоли қудрат кўмак бериб турибди. Аммо ўзим яшаётган туман ҳокимлигида ишсиз эканлигим ҳақидаги аризам бўлатуриб, пандемия даврида ҳеч ким бизга ҳолинг не, қандай ёрдам керак, деб бирор марта сўраб келгани йўқ. Энди кимдан нажот кутайлик? Бу ёзганларимни шикоят ёки нолиш, ношукрлик деб қабул қилманг, насиб этса бу синовли кунлар ҳам ўтиб кетар, муҳими, соғ-омонмиз-ку! Фақат илтимос, мурожаат қилганимни ўғлим билмасин, хафа бўлади”...

    Эътибор беряпсизми, ёлғиз онаизор бошидан кечаётган шунча қийинчилик­ларга қарамасдан, кўнглидаги аламли изтиробларни йўллаётиб ҳам эндигина катта ҳаёт остонасидан ҳатлаётган ўғлининг ориятини ўйлаб, “мурожаат қилганимни у билмасин”, дея қимтиниб, истиҳолага бораётганининг ўзи ҳар томонлама таъминланган, тўкис, рўзғори бут яшаётган бўлса ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари ёки “Саховат ва кўмак” жамғармаси вакилларини гоҳ телефон орқали, гоҳо юзма-юз безовта қилишдан уялмаётган, керак бўлса давлат боқсин-да бизни, дея маломат тошини отиб, боқимандаликни касбга айлантириб олганлар учун аччиқ сабоқ эмасми? Тўғриси, сизу бизнинг чин маънода ҳам моддий, ҳам маънавий кўмагимизга муҳтож бўлмиш ёлғизгина аёлнинг аниқ манзили ва исми-шарифини атайин ёзмадим. Негаки, ушбу хат эгаси тақдири билан тегишли идора ва масъуллар шуғулланишяпти, умид қиламизки, бу масала хайрли ниҳоя топажак.

    Шу ўринда тан олиш керак, биздаги маҳалла институти тажрибалари бутун дунё миқёсида катта қизиқиш билан ўрганиляпти. Бу каби миллий, ўзига хос қадим қадриятлар руҳи сингдирилган тизим манаман деган ривожланган давлатларда ҳам йўқлиги рост. Оддий мисол, қўни-қўшничилик муносабатлари, оилавий борди-келдилар, хайр-саховат бобидаги ўлмас удумлар, хуллас, ҳавас қилса арзигулик анъаналаримиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Айнан халқимизнинг шу каби беқиёс одамийлик фазилатлари пандемия шароитида ҳам ўзини тўла тўкис оқлаётганига шубҳамиз йўқ. Фақат жамоатчилик назорати бундай пайт­да бор бўйи билан кўринишини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётир.

    Норқобил ЖАЛИЛОВ,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates