Бўш вақт хуш вақтга айланади

    Айни пайтда халқ таълими тизимида 215 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатяпти. Улардаги мавжуд 6 минг 218 та тўгаракка 174 минг 805 нафар ўқувчи жалб этилган.

    Халқимиз асрлар оша дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган аллома фарзандлари, улар яратган бой илмий-маънавий мерос билан бошқа миллат ва элатлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган. Бугун мана шу анъанани давом эттириш эҳтиёжи ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни ошириш ва уларнинг бўш вақтини сермазмун ўтказиш борасида кун тартибига янги талабларни қўймоқда. Чунки юртимизнинг эртанги тарихини бугун мактаб парталарида ўқиб изланаётган ўғил-қизлар битади. Улар эзгу ишларимизни давом эттиради.

    Шу маънода ёшларнинг дарсдан ташқари вақтидан ҳам унумли фойдаланиб, келажагига мустаҳкам пойдевор қуришида мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ҳам ўрни катта. Давлатимиз раҳбари 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда бу хусусда алоҳида тўхталди. Жумладан, “Баркамол авлод” болалар мактабларига ўқувчиларни жалб қилиш борасида бажарилаётган ишларни жадаллаштириш ва тўгараклар аъзолари сонини 500 мингга етказиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

    Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш механизми аниқ-тиниқ кўрсатиб берилди. Унга кўра, ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ филиалларини ташкил этилади. Замонавий тўгаракларни очилиб, зарур ускуналар билан жиҳозланади. Малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда умумтаълим мактабларининг спорт заллари ва майдонларида тўгараклар очилади. Ёзги таътил даврида ёшлар ўртасида маҳаллалар, секторлар ва туманлар миқёсида спорт ҳамда ҳарбий ватанпарварлик мусобақаларини ташкил этилади. Мана шу имкониятлар ўғил-қизларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишида муҳим омил бўлади.

    Айни пайтда халқ таълими тизимида 215 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатяпти. Улардаги мавжуд 6 минг 218 та тўгаракка 174 минг 805 нафар ўқувчи жалб этилган. Ўғил-қизлар маданият ва санъат, техника, конструкторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати, туризм ва экология йўналишлари, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов курслари, хорижий тиллар бўйича қамраб олинган.

    Шу кунларда Халқ таълими вазирлиги томонидан жойлардаги талаб ва эҳтиёжни ўрганиб чиққан ҳолда чекка ва олис ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгаракларини ташкил этиш режлаштирилмоқда. Жумладан, 2200 та умумтаълим мактабида рақс, ёғоч ўймакорлиги, робототехника йўналиши бўйича тармоқ тўгараклари очилади. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, 540 минг нафардан ортиқ ўқувчини тўгаракларга қамраб олишга эришилади.

    13 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган тадбиркорлар, ташкилотчи ва раҳбарлар рағбатлантирилиши маълум қилинди. Президентимиз белгилаб берган вазифалар “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни ечишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, мазкур муассасаларга узоқ йиллар эътибор берилмагани сабабли улар фаолиятида анча муаммо ва камчиликлар тўпланиб қолгани сир эмас. Ушбу масалаларга ечим топишда ҳокимлар жалб этилгани, албатта, қувонарли ҳол.

    Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020–2024 йиллар давомида 52 та “Баркамол авлод” болалар мактабини ишга тушириш, хусусан, 39 тасини янгидан қуриш, 10 тасини реконструкция қилиш ва 3 тасини мукаммал таъмирлаш белгиланган. Бу саъй-ҳаракатлар тўлиқ рўёбга ошса, тўгараклар шароитини яхшилаш, ўқувчи-ёшлар қамровини ошириш, турли маданий тадбирларни кўпайтириш имконияти янада кенгаяди.

    Мурод ҚОРАБОЕВ,

    Халқ таълими вазирлиги

    бошқарма бошлиғи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates