Бош вазир кубоги учун футбол мусобақаси қандай тартибда ўтказилиши айтилди

    Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида “Бош вазир кубоги-2020” футбол мусобақаси ташкилий қўмитаси йиғилиши бўлди.

    Йиғилишда 4-12 октябрь кунлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида ўтказилиши режалаштирилган мусобақага тайёргарлик жараёнининг бориши муҳокама қилинди.

    Жорий йилги мусобақалар пандемия шароитида, карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилади. Ўйинларни томоша қилиш учун мухлислар киритилмайди. Стадионга рўйхатдан ўтган 15 ўйинчи, жамоа мураббийи ва раҳбари киритилади. Уларнинг ҳар бирига махсус рухсатнома – бейжиклар тарқатилади. Бейжиксиз мусобақа ҳудудига қўйилмайди.

    Иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида стадионларни дезинфекция қилиш, кириш жойларига антисептик воситалар қўйиш каби эҳтиёт чоралари кўрилади.

    – “Бош вазир кубоги” мусобақаларини ўтказишдан кўзланган мақсад, аввало, раҳбар ходимлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдан иборат. Агар раҳбар спортга қизиқса, билингки, ўша корхона ва ташкилотда соғлом турмуш тарзига эътибор юқори бўлади. Ходим соғлом бўлса, иш унумдорлиги ошади, – деди Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Умид Ражабов.

    Маълумот учун: 2019 йил 4 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлардаги йирик корхона, ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида турли оммавий маданий ва спорт тадбирлари, жумладан, “Бош вазир кубоги” мусобақаларини ўтказиш вазифаси юклатилган эди.