Бош вазир ўринбосари Самарқанд марафонига тайёргарлик ишлари билан танишди

    Бугун Самарқанд шаҳрида “Samarkand Half Marathon” хайрия яриммарафонини ўтказиш ва тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнининг бориши билан журналистларни таништириш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.

    Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, “Samarkand Half Marathon” ташкилий қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев, жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Эрматов, вазир ўринбосари А.Каримов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Г.Умерова, яриммарафон бош ҳамкори «Капиталбанк» АТБ бошқаруви раиси А.Мирзаев иштирок этди.

    Мутасаддилар пандемия шароити сабаб 2020 йилги яриммарафон дастурининг спорт қисми виртуал форматда ўтказилишини маълум қилди.

    “Samarkand Half Marathon” хайрия ярим марафонининг 2020 йилги мавзуси инклюзив муҳит ва аутизмга чалинган одамларнинг муаммоларини ёритишга қаратилади.

    – Таъкидлаш жоизки, бу йилги Самарқанд яриммарафони ҳам мамлакат маданий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлиб, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришдан ташқари, хайрия миссиясига, яъни аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

    Республика ҳукумати ушбу яриммарафон орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилаётган ва хайрия ишларини амалга ошираётган ҳамда узоқ муддатли таълим ва маданий лойиҳаларни ташкил этишда ташаббус кўрсатаётган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда.

    Шуни таъкидлашни истардимки, имконияти чекланган ва соғлом болаларни биргаликда ўқитиш ва тарбиялашни тизимли равишда жорий этиш, энг муҳими, жаҳон тенденциясига мувофиқ аутизм ҳақида гапириш, биргаликда ҳаракат ва тадбирлар билан бутун аҳоли ўртасида ушбу муҳим мавзу бўйича хабардорликни сифат жиҳатидан оширмоқдамиз, – деди А.Абдуҳакимов.

    – Бу марафон шунчаки югуриш, оддий спорт тадбири эмас, балки бой маданий анъаналарни ўзида мужассам этган лойиҳадир. Мамлакатимиз фахри ва ифтихорига айланган спортчилар – Оксана Чусовитина, Шаҳрам Ғиясов, Одил Аҳмедов, Руслан Нуриддиновлар ҳам мазкур марафонни аҳоли орасида тарғиб этишда фаол иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб барчангизни ушбу марафонда иштирок этишга чорлаб қоламан, – деди Р.Эрматов.

    Бу йилги яриммарафон эпидемиологик вазият туфайли онлайн форматда ўтказилиб, жаҳоннинг турли мамлакатларидаги минглаб одамлар эътиборини яна бир бор жаннатмонанд юртимизга қаратади. Бу эса хорижликларда келгусида гўзал ва навқирон Самарқанд шаҳрига ташриф буюриш истагини уйғотади.

    Жорий йил 1 ноябрь куни Самарқандда профессионал спортчилар учун 21 километр масофага мўлжалланган классик яриммарафон ўтказилиши режалаштирилган. Шу куни эрталаб соат 09:00 дан 11:00 га қадар белгиланган йўналишда профессионаллар учун югуриш бўлиб ўтади. Шундан сўнг, кеч соат 21:00 гача бўлган вақт оралиғида бошқа иштирокчилар ўз хоҳишига кўра, ҳар қандай масофани босиб ўтиши, финиш аркаси ёнида суратга тушиши мумкин.

    Яриммарафон ўтказиладиган куни Самарқандда бўла олмаган инсонлар учун югуриш виртуал форматда ўтказилади, бу эса ўз ўрнида тадбирга кўплаб спорт ишқибозларини жалб қилиш имкониятини ҳамда бутун дунё бўйлаб иштирокчиларга жой ва масофани ўзлари танлаш эркинлигини тақдим этади. Натижада халқаро хайрия яриммарафонининг географияси кенгаяди.

    Бу йил “Samarkand Half Marathon”дастурида аниқ белгиланган масофалар бўлмайди. Ҳар бир иштирокчи 1 километрдан 50 километргача бўлган масофани ўз ҳоҳишига кўра босиб ўтади. Тадбирда қатнашишни истаганлар жорий йил 1 ноябрга қадар яриммарафоннинг www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтиши лозим.

    Ушбу тадбирда бу йил асосий эътибор жамоавий иштирокка, югуриш клублари ва коорпоратив жамоаларни жалб қилишга қаратилади. Шу мақсадда ташкилотчилар томонидан бутун дунё бўйлаб югурувчилар орасида жуда машҳур ва бепул бўлган ГПС Страва мобил иловаси ишга туширилди. Мобил илова орқали финалчиларнинг якуний натижалари сайтга автоматик равишда юкланади. Натижаларнинг тўғри юкланиши учун Страва мобил иловасида аккаунтингизни шахсий кабинет билан биргаликда синхронлаштиришингиз керак.

    Бу йилги тадбирда биринчилик учун асосий кураш клублар, ҳудудлар ва жамоалар ўртасида кечишини инобатга олган ҳолда яриммарафонда республикамиз минтақаларидан ўзларини фаол намойиш этишлари сўралади.

    Аҳоли қамрови кенгроқ бўлиши учун мобил иловага онлайн форматдаги иккита янги – масофаси 1 километр бўлган «Болалар югуриши» ва «Скандинавча юриш» вариантлари қўшилди.

    1 ноябрь – мусобақа кунида яриммарафоннинг расмий сайтида бутун дунё бўйлаб иштирокчилар томонидан югуриб ўтилган умумий масофа жонли эфирда узатиб борилади. Шу куни югуриш натижаларига кўра, энг узун масофани босиб ўтган жамоа ва ҳудуд ғолиб деб эълон қилинади.

    Анжуман якунида ташкилотчилар марафон ўтадиган трассалар ва уларда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates