Бошқарув сервис компаниялари ўзини қанчалик оқлаяпти?

    Бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳоли учун муносиб ва сифатли ҳаёт тарзи яратиш. Бунда эса коммунал хизматларнинг ўрни жуда юқори. Шунинг учун соҳа фаолиятини тўғри ташкил этиш ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор бериш талаб этилмоқда.

    Президентимизнинг 2022 йил 4 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштиришни, бу борада замонга мос фаолият юритишни қўллаб-қувватлайди.

    Бугунги кунда республикамиз бўйича жами 39 691 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 35 773 таси 708 та бошқарув компанияси, 1 579 таси 329 та уй-жой мулкдорлари ширкати, 809 таси бошқа ташкилотлар орқали 765 таси эса ўз-ўзини бошқариб келмоқда.

    Тошкент шаҳрида 509 мингдан зиёд хонадондан иборат 10 813 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларга 267 та бошқарувчи компания ҳамда 102 та молиявий ҳолати яхши уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади. Кўп квартирали уйларнинг 33 таси бошқа ташкилотлар балансидаги уйлар ҳисобланади.

    Таъкидлаш жоизки, муаммоли кредитлари йўқ ва барқарор ишлаётган ширкатлар фаолиятига ҳеч ким аралаша олмайди. Бинобарин, бугунги кунда кредит олмасдан фаолият юритаётган 167 та ширкат мавжуд ва уларнинг фаолиятидан аҳоли мамнун.

    Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш, уларга туташ ер участкаларини аниқ белгилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

    Натижада 2021 – 2022 йилларда республикамизда 700 дан ортиқ бошқарувчи ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан уйларни таъмирлаш, ҳудуднинг инфратузилмасини яхшилашга жорий йилда 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди.

    Масалан, шу йил иш бошлаган “Universal new forever” бошқарув сервис компанияси Сергели туманидаги “Эзгулик” ва “Зийнат” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 34 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиб келади. Мазкур бошқарув компанияси 4 та ўзини оқламаган ширкат ўрнида ташкил этилган. Тадбирокр ўз ҳисобидан соҳага 2,5 миллирад сўм миқдорида инвестиция киритган. 32 нафар ишчиси ва 16 турдаги зарур техникага эга. Шунингдек, аҳолига 25 дан ортиқ қўшимча сервис хизматларини кўрсатиб келади. Иш тартиби — 24/7 режимида.

    Яшнобод туманидаги “Юксалиш” бошқарув сервис компаниясида эса 2-3 сектор ҳудудида жойлашган 180 дан ортиқ кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатилади. Мазкур бошқарув компанияси 12 та ширкат ўрнида ташкил этилган бўлиб, бунинг учун 2,3 миллирад сўм миқдорида инвестиция жалб этилган. Бу ерда ҳам 94 та нафар ишчи томонидан аҳолига 28 та қўшимча сервис хизматлар кўрсатилади. Диспетчерлик хизмати туну кун ишлайди.

    Маълумот учун, 2020 йилга қадар кўп кваритрали уйларни бошқариш соҳасида бозор муносабатлари мавжуд бўлмаган. Уйлар асосан, ширкатлар — нотижорат ташкилотлар томонидан бошқарилган.

    Шунингдек, бошқарувчи ташкилотлар томонидан жами 35 миллиард сўмлик зарур моддик-техника ва ускуналар харид қилинган. Лекин соҳадаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ходимларнинг иш ҳақи ва малакаси босқичма – босқич ошириш борилаётган бўлса-да, тизимда коррупциявий жиноятларни содир этиш ҳолатлари кузатилмокда. Шу кунгача 19 нафар ходимга нисбатан коррупциявий жиноят содир қилганликлари учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилгани бунинг исботидир.

    Ҳудудлар кесимида кўп квартирали уйларни бошқариш органлари вакилларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишларининг асосий кўрсаткичи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

    Шу жиҳатдан олганда, “Менинг уйим” биллинг тизими бошқарув органларининг ягона, очиқ электрон маълумотлар базасини шакллантириш, мулкдорлар маблағидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш ҳамда белгиланган талабларга амал қилишда асқотяпти. Ҳозирги кунгача мазкур тизимда жами 1,2 миллиондан зиёд абонент маълумотлари шакллантирилди. Шундан 486 мингтаси Тошкент шаҳри, қолганлари бошқа ҳудудлар ҳиссасига ўғри келади. Бунда хонадонлар мулкдорларга бошқариш органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботларни электрон шаклда ва онлайн тарзда тақдим этмоқда.

    Шунингдек, биллинг тизими “Электрон ҳукумат” идоралараро интеграциялашган платформаси, кўп квартирали уй-жойларнинг хонадонлари ҳақида маълумотлар базасини автоматик шакллантириш бўйича кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамлари, ягона манзиллар реестри, мулкдорларнинг қарздорлигини нотариал идоралари томонидан текшириш учун Адлия вазирлигининг маълумотлар базалари ҳамда Марказий банкнинг клиринг “МУНИС” тизимига интеграция қилинганки, бу ҳам турли тушунмовчиликларнинг олдини олишда қўл келяпти. Жорий йил бошидан “Менинг уйим” биллинг тизими орқали жами 194 миллиард сўм келиб тушган.

    Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарорида сўнгги йилларда кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни сақлаш, таъмирлаш, уларга туташ ер участкаларини аниқ белгилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 15 та ҳудудида кўп квартирали уй-жойлар жойлашган ерларни очиқ танлов ўтказиш йўли билан бошқарувчи ташкилотларга бириктириш бўйича лойиҳа амалга оширилди. Таҳлил натижаларига кўра мазкур лойиҳа доирасида 1 261 та кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг яшаш шароитлари янада яхшиланди.

    Қисқа вақт ичида бошқарувчи ташкилотларнинг кредит қарздорлиги 2 бараварга қисқарди, 500 нафарга яқин иш ўринлари яратилди, ишчилар иш ҳақи ҳамда бошқарувчи ташкилотлар даромади 2 бараварга ошгани таъкидланган.

    Кўрилаётган чора-тадбирлар, амалий ишлар айни шундай масалаларга ечим топишга, халқимизнинг яхши ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Озода ЖЎРАЕВА,

    уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates