Бўстон тумани ҳокими вафот этди

    Ташвишли хабар 31 июл 2021 1952

    Бугун, 31 июль куни Бўстон тумани ҳокими Мамитова Садбархон Неъматжоновна вафот этди.

    Садбархон Мамитова 1966 йилда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган, 1982-1986 йилларда Наманган қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиган, 1993 йил Тошкент давлат аграр университетини (сиртқи) тамомлаган.

    Мамитова Садбархон Неъматжоновна меҳнат фаолиятини 1986-1996 йилларда Андижон вилояти Жалақудуқ туман бош пиллахонаси агрономи лавозимидан бошлаган. 1996-1997 йилларда - Жалақудуқ тумани ҳокимлиги хотин-қизлар бўлими етакчи мутахассиси, 1997-2001 йилларда Жалақудуқ тумани жамоа хўжалиги бошқаруви раиси, 2001-2005 йилларда Жалақудуқ тумани Жалақудуқ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, 2005-2006 йилларда Жалақудуқ тумани ширкат хўжалиги раиси, 2006-2007 йилларда Жалақудуқ тумани ҳокимлиги ҳузуридаги рўйхатга олиш инспекцияси раҳбари, 2007-2008 йилларда Жалақудуқ тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси, 2009-2011 йилларда «Маҳалла» жамғармаси Жалақудуқ тумани бўлими раиси, 2011-2012 йилларда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Андижон вилояти Кенгаши девонхона раҳбари, 2012-2017 йилларда Жалақудуқ тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори, 2017-2019 йилларда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жалақудуқ туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, 2019 йилдан 2020 йилгача «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари лавозимларида фаолият олиб борган. 2020 йил 4 март кунидан ҳозирга қадар Бўстон туман ҳокими лавозимида ишлаб келган.

    Садоқатли, серғайрат, талабчан раҳбар ҳамда меҳрибон она 31 июль куни бу ёруғ оламни тарк этди!

    Маълум бўлишича, С. Мамитова бундан етти йил муқаддам ўт пуфагида мавжуд хасталик туфайли жарроҳлик амалиётини ўтаган. Шу йилнинг июнь ойидан буён республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон вилояти филиалида ичак касалликлари бўйича даволанаётган эди.