Бўстонлиқда халқаро миллий таомлар фестивали бўлиб ўтади

    Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 11 август куни Бўстонлиқ туманида “Welcome to Bustanlik” халқаро миллий таомлар фестивали бўлиб ўтади.

    Тадбир Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади.

    "Миллий PR-маркази" ДУК, Тошкент вилояти Туризм ва маданий мерос бошқармаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари кўмагида ташкил этилаётган анжуманда "Амирсой" дам олиш маскани ва бошқа ташкилотлар ҳам иштирок этади.

    Мазкур фестивалда 6 мингдан ортиқ меҳмонлар, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь ва МДҲнинг бошқа давлатларидан мингдан ортиқ вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

    Улар орасида етакчи ошпазлар, реставраторлар, умумий овқатланиш корхоналарининг бошқарув ходимлари ва бошқалар бор.

    Фестивал доирасида танловлар, миллий ва хорижий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, мусиқий жамоаларнинг чиқишлари намойиш этилади.

    Манзил: Amirsoy Resort автомобиль тўхташ майдончаси

    Вақти: 11 август, 10:00 дан 22:00 гача.