Бой ўтмишимиз, буюк алломаларимиз мероси – бебаҳо хазина

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан марказда кечаётган жараённинг юртимиз истиқболидаги муҳим жиҳатлари, янги Уйғониш даврининг замондошларимиз олдига қўяётган муҳим мезонлари борасида суҳбатлашдик.

    2017 йил 23 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 2017 йил 1 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Ҳазрати Имом мажмуасида ташкил этилаётган Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб ўзгартиришни таклиф этди. Ушбу таклиф бирдек мамнуният билан қабул қилинди. Ўтган вақт мобайнида Президентимиз Ҳазрати Имом мажмуасида бир неча марта бўлиб, марказнинг қурилиш жараёни билан танишди. Марказ қурилиши бўйича тақдим қилинган лойиҳага алоҳида эътибор қаратиб, бу марказ бизнинг ислом маърифати тарғиботидаги юзимиз бўлишини, шундай экан, унинг ташқи кўринишидан тортиб, бу ерда ишлатиладиган қурилиш материалларигача эътибор бериш лозимлигини таъкидлади. 2018 йили юртимизда муборак Рамазон ҳайити нишонланаётган улуғ кунларда Президентимиз бу иншоот пойдеворига рамзий тамал тошини қўйди.

    Айни жараён кетаётган майдонни кузатар эканмиз, Учинчи Ренессанс пойдеворига Президентимиз биринчи ғиштни худди шу майдонда қўйган экан, деган ўй кечди хаёлимиздан. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан суҳбатимиз ҳам ўз вақтида қўйилган ана шу қадамнинг юртимиз истиқболидаги муҳим жиҳатлари, янги Уйғониш даврининг замондошларимиз олдига қўяётган муҳим мезонлари борасида кечди.

    Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур”, деган эди Президентимиз Ислом цивилизацияси марказига ташрифларидан бирида. Марказ пойдеворига илк бора ғишт қўйилганидан буён буюк алломаларимизнинг мероси борасида қандай янги маълумотлар кашф этилди?

    – Ҳа, чиндан ҳам ўз илмий кашфиётлари билан жаҳон тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларининг сони, таъбир жоиз бўлса, “сифати билан” ҳақли равишда фахрлана оладиган мамлакатлар, халқлар кам учрайди.

    Аксарият таниқли Ғарб олимларининг эътирофларича, ҳозирги кунда бутун жаҳон, айниқса, унинг энг ривожланган қисми мамлакатларида фойдаланилаётган илғор технологиялардан тортиб, кундалик энг зарур истеъмол буюмларининг дунё юзини кўриши замирида мусулмон олимларининг илмий кашфиётлари ётибди. Ҳозирги замон рақамли технологиялари ал-Хоразмийнинг алгоритмларисиз, замонавий тиббиёт буюк Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”сиз, арифметика, математика, астрономия, маъданшунослик Беруний даҳоси яратган асарларсиз, фазо астрономияси Фарғоний ҳамда Мирзо Улуғбекнинг машаққатли меҳнатларисиз ҳозирги даражага етмаган, ета олмаган бўларди. Қолаверса, совун, қалам, гул ёғи, ҳаммом, канализация каби оддий ва муҳим ашёлар ҳам илк Мусулмон ренессанси пайтида кашф қилинди ҳамда Испания орқали ва тижорат йўли билан Европа ва дунё мамлакатларига тарқалди.

    Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторида Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳам Президентимизнинг шахсий ташаббуси ва аҳамияти ҳамда кўлами бўйича миллий лойиҳа деб аталишга тўла ҳақли. Давлатимиз раҳбарининг марказ қурилишига ташриф буюриши, лойиҳанинг амалга оширилиши жараёни билан танишиши, ўз маслаҳатлари ва тавсияларини бериши хайрли анъанага айланган. Ўтган икки йил ичида ҳам бино қурилишида, ҳам Ислом цивилизацияси марказининг музейи ва кутубхонасини шакллантиришда салмоқли ишлар амалга оширилди. Музейимиз учун қабул қилинган экспонатлар мамлакатимиз ҳудудида Ислом дини ҳали тарқамасдан аввал ҳам буюк цивилизациялар мавжуд бўлганини тасдиқламоқда. Чиндан ҳам Сармишсой қоятош суратлари (петроглифлар), Афросиёб ёдгорликлари, Қўй қирилган қалъа, Айритом фризлари, Муғ тоғидан топилган ёзма манбалар, Кушон цивилизацияси ва бошқа ёдгорликлар, шунингдек, ёзма манбалар ҳам айнан кенг маънода олинган Марказий Осиёда Биринчи Ислом уйғониш (ёки маърифат) асри учун пойдевор юртимизга ислом дини келишидан анча олдин қўйилганини тасдиқлайди.

    Шунингдек, умумий сони 1000 дан ошган қўлёзма ва тошбосма асарлар шуни кўрсатмоқдаки, жанговар атеизм деб аталган ва арабий ёзувдаги ҳар қандай манбалар тақиқ остига олинган даврларда ҳам халқимиз уларни сақлаб қола олган. Кутубхонамизга қабул қилинган янги манбалар орасида улуғ шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомий 1492 йилда ўз қўли билан кўчирган “Ал-Қофияга шарҳ” асари, 1000 ҳижрий йилда ўта нафис ёзувда жамланган Қуръони карим қўлёзмаси, Зайн ал-Дин Журжонийнинг (1040-1136) тиббиётга бағишланган “Хоразмшоҳлар хазинаси”, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 2 – Ферузнинг ўзи ҳаётлигида кўчирилган девони ва исломшунослик, фалсафа, фиқҳга оид бошқа кўлаб асарлар бор. Айни пайтда бу асарлар мутахассислар томонидан жиддий ўрганиляпти. Шунингдек, таржимонларимиз Феруз ғазалларини ҳозирги ўзбек тилига ўгиришмоқда.

    – Жаҳон маънавий-маърифий майдонида Истанбулдаги Тўпқопи музейи, Ибн Холдун университети, Истанбул Ислом тадқиқотлари маркази, Франция ислом маркази, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби халқаро ташкилотларнинг нуфузи жуда баланд. Улардаги муҳит ва тадқиқотлар жараёнига хос бўлган қайси жиҳатлар эътиборга молик деб биласиз? Умуман, ҳозирги кунгача марказ қандай нуфузли халқаро ташкилот ва йирик муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатди?

    – Таъкидлаш керакки, албатта, нуфузли халқаро ислом илмий-тадқиқот ташкилотлари сифатида сиз санаб ўтган муассасалар билан ҳамкорликка биз катта қизиқиш билан қараймиз. Уларнинг аждодларимиз меросини ўрганиш соҳасидаги тажрибалари, эришган натижалари, қўлёзма ва босма манбалари фондлари ҳамиша бизнинг эътиборимизда. Лекин айтиш лозимки, ўз олдига қўйган юксак мақсадлари ва меъморий ечими бўйича бизнинг марказимиз ҳам нуфузли халқаро ташкилотларни ниҳоятда қизиқтирмоқда. Айниқса, исломнинг олтин даври олимларининг илмий-маърифий меросларини сақлаш, тарғиб қилиш, ислом цивилизацияси тарихини ўрганиш, экспонатлар, энг замонавий мультимедиа имкониятлари воситасида табаррук динимизнинг асл тинчлик, одамийлик, бағрикенглик, илм-фан ва бунёдкорлик дини эканини жамиятимиз аъзолари, айниқса, ёшларга тушунтириш каби мақсадларимиз уларни кўпроқ ўзига жалб этмоқда. Ўтказилган учрашув ва тадбирлар давомида хаттотлик, саҳҳофлик, миниатюра, қўлёзмаларни даволаш, тиклаш каби касбларни тиклаётганимиз, шунингдек, ёшларни араб, форс, эски ўзбек, инглиз ва лотин тилларига ўргатиш жараёни, Халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда юқори малакали исломшунос олимлар тайёрлаш каби вазифаларимиз ушбу ташкилотлар вакилларини ниҳоятда қувонтираётганини қайта-қайта таъкидлашмоқда.

    Биз Германия университетлари ҳузуридаги илмий-тадқиқот марказлари, Малайзиянинг Исломни англаш институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзоладик. Жорий йилнинг 29 сентябрида Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро қўшма комиссияси онлайн йиғилишида Миср китоблар ва миллий архивлар уйи билан навбатдаги меморандум имзоланади.

    – Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларининг мевалари сифатида “Танланган ҳадислар”, “Буюк аждодларимиз”, “Иймон ва эътиқод”, “Вақфия”, “Панднома”, “Амир Темур. Тузуклар” каби асарлар нашр этилгани юртдошларимизни мамнун қилди. Айни дамларда нашрга ҳозирланаётган яна қандай янги асарлар ҳақида айтиб ўта оласиз?

    – Яқин келажакдаги режаларимизда Муҳаммад Раҳимхон II – Ферузнинг девони, таниқли ватандошимиз, илм-фан, маданият ва спорт ҳомийси Алишер Усмонов томонидан марказимиз кутубхонасига ҳадя қилинган бебаҳо 5 мингга яқин илмий манбани ўз ичига олган “Шарқ ва Ғарб” жамламасининг 7 тилдаги илмий фихристи, жадидчилик номини олган, аслида маърифатчи аждодларимиз асарларининг фихристи, Х.Колумб фаолиятида Фарғоний ва Ибн Сино илмий меросининг таъсири тўғрисида яратилган “Дунё қиёфаси” асарини лотин тилидан ўзбекчага таржима қилиш белгиланган.

    Марказимизнинг исломий манбалар бўлими мудири, таниқли шоир, публицист ва таржимон Мирзо Кенжабек томонидан қайта кўрилган ва тўлдирилган, таниқли таржимон ва исломшунос Сайфиддин Сайфуллоҳ томонидан нашрга тайёрланган, машҳур уламо Муҳаммаджон мулла Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний) томонидан таржима қилинган Қуръони карим оятлари маъноларининг изоҳли таржимасини қайта нашр қилишдек муҳим жараён ҳам олдимизда турибди. Ҳозир ушбу режаларни амалга ошириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

    Ислом ҳамкорлик ташкилоти маълумотномаси ва “Ислом цивилизацияси қомусий луғатининг биринчи жилди нашрга тайёрланганидан хабаримиз бор. Халқаро ташкилотлар айни нашрларга қандай муносабат билдиришди?

    – Ўзбекистон нуфузи бўйича БМТдан кейинги ўринда турувчи Ислом ҳамкорлик ташкилотининг тенг ҳуқуқли ҳамда фаол аъзоси ҳисобланади. 2016-2017 йилларда мамлакатимиз ИҲТга раислик қилди. Ташкилотга аъзо 57 мамлакат, кузатувчи мақомига эга давлатлар, шунингдек, ҳамкор халқаро ташкилотлар тўғрисида маълумотнома тайёрланди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, мамлакатимиздаги давлат идоралари ҳамда муассасалари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари учун бундай манба жуда қўл келади. Маълумотномада ҳар бир аъзо ва кузатувчи мамлакат ҳамда халқаро ташкилот тўғрисида атрофлича маълумот берилган. Маълумотномани ҳар йили янгилаб боришни режалаштирганмиз. Уни тайёрлашда Ислом ҳамкорлик ташкилоти тизимидаги ICESCO ва IRCICA марказлари билан ҳамкорлик қилинди. Ислом цивилизацияси қомусий луғатига келсак, Халқаро ислом академияси томонидан “Ислом энциклопедияси” ва “Aзон китоблари” нашриёт-матбаа бирлашмаси томонидан “Катта фиқҳ энциклопедияси” нашр этила бошланганидан хабардормиз. Ушбу нашрларнинг ҳам, бизнинг қомусий луғатимизнинг ҳам ўз ўрни, вазифаси ва аҳамияти бор. Айни нашр бўйича ҳамкорларимизнинг ижобий фикр-мулоҳазаларини олдик ва уни нашр этиш масалаларида ICESCO ва IRCICA билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Таъкидлашни истардимки, барча нашрларимиз лотин ва кирилл ёзувларида тайёрланмоқда.

    “Ўзбекистон ислом цивилизацияси” илмий журнали жаҳоннинг 32 мамлакатида тақдимот қилинган эди. Мазкур журналда чоп этилган мақолаларнинг муаллифлари ва улар кўтарган мавзулар қайси илмий доира вакилларида кўпроқ қизиқиш уйғотди?

    Журналимиз илмий-оммабоп, яъни илмий давралар ҳамда айни пайтда кенг жамоатчиликка мўлжалланган. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси, айниқса, марказ олдига қўйилган мақсадлар ва вазифалар халқаро жамоатчиликда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Марказий Осиёда 750-1150 йилларда кузатилган Илк уйғониш даври тарихий босқичи, шу даврда яшаган Бухорий, Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Фарғоний каби нафақат ислом хазораси, балки башарият цивилизациясига ўз илмий асарлари ва кашфиётлари билан ҳисса қўшган мутафаккирлар ҳамда олимлар меросини жамлаш, сақлаш, тарғиб қилиш орқали исломнинг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик, бунёдкорлик эканини кўрсатиб бериш ғояси олижаноб ва долзарб, дея эътироф этилди. “Ўзбекистон Ислом цивилизацияси” маънавий-маърифий, илмий-адабий журналимизнинг дастлабки сонида юқорида кўрсатилган маълумотлар ўрин олгани хорижлик ҳамкорларимиз эътиборини жалб этди. Ушбу сонда академик А.Ҳакимов, профессорлар Ж.Исмоилова ва С. Булатов каби нуфузли олимларимиз билан бир қаторда ёш мутахассисларимиз Н.Мансурова, Ю.Мамадиярова, А. Ғофуровнинг ҳам илмий мақолалари эълон қилинди. Айниқса, А.Ғофуровнинг Ислом цивилизацияси маркази қўлёзма фонди тўғрисидаги батафсил мақоласи франциялик шарқшунос олимлар В.Фурньё, Ф.Фатхида, Лондондаги “Ал-Фурқон” ислом илмий маркази директори Шах Суворий ва унинг жамоаси аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Журналимизда хорижий ҳамкорларимизнинг ҳам илмий ишлари эълон қилинмоқда. Ушбу 1-сонда франциялик Ж.П.Люминенинг “Улуғбек - юлдузлар шаҳзодаси” ва туркиялик профессор Намиг Мусалининг “Мирзо Шоҳруҳ ва сўфийлар” мақолалари эълон қилинган. Журнал хориждаги элчихоналаримиз орқали кутубхоналар ва илмий марказларга ҳам тарқатилди.

    – Француз тили ва адабиёти илмини мукаммал эгаллаган таржимон сифатида даставвал Франсуа Мориакнинг “Илонлар чангалида”, Монтескьенинг “Форс номалари” (ҳамкорликда) романларини, Ле Клезионинг “Мондо ва бошқа ҳикоялар”ини ўзбек тилига бевосита ўгиргансиз. Кейинги йилларда таниқли адибимиз Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ва бир қатор ҳикояларини ўзбек тилидан французчага таржима қилиб Европага танитдингиз. Таржима санъати билан боғлиқ муаммолардан яхшигина бохабарсиз. Марказнинг таржима санъати билан боғлиқ фаолияти қандай мезонлар асосида йўлга қўйилмоқда?

    – Таржима билан талабалик йилларимдан шуғулланиб келаман. Саволингизга жавобнинг ибтидосидаёқ бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим: ҳеч қачон ҳеч бир хорижий тилни, таъбир жоиз бўлса, ҳатто она тилини ҳам мукаммал эгаллаб бўлмайди, лекин таржимонлик касбини танлаганлар шунга интилишлари керак. Мустақиллик берган имкониятлардан бири, биз хорижий адабиётининг жавоҳирларини бевосита таржимада ўқиш имкониятига эга бўлдик. Мустақилликка қадар деярли барча таржималар воситачи тил орқали амалга оширилар эди.

    Халқимизнинг муносиб фарзанди, атоқли адиб Эркин Аъзам асарларини француз тилига таржима қилганимни ўзимга шараф деб биламан. Ҳам услубий, ҳам жанр, ҳам мазмун жиҳатидан ўта ўзига хос қизиқарли асарлар яратаётган ватандошимиз, дўстимиз Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи, “Пакананинг ошиқ кўнгли” ва бошқа ҳикоялари француз тилига ва айни пайтда инглиз тилига таржима қилиниб, Америка ва Буюк Британияда ҳам тақдимот тадбирлари ўтказилди. Айтиш жоизки, ушбу таржималардан аввалроқ Эркин Аъзам ўз киносценарийлари билан европаликларга танилиб бўлган эди.

    Фақат “Янги Ўзбекистон” учун бир янгиликни ошкор қилмоқчиман: шу кунларда Эркин аканинг “Арбоб Қулов Парижга боради” сарлавҳали ҳикоясининг француз тилига таржимасини тугатяпман. Ҳурматли ёзувчимизнинг франциялик мухлислари ушбу ҳикояни кутаётганликларидан ҳам хабардорман.

    Ислом цивилизацияси маркази фаолиятида таржима катта ва муҳим ўрин тутади. Биринчи навбатда, илмий-бадиий манбалар араб, форс, эски ўзбек тилларидан, шунингдек, Европа тилларидан ҳозирги ўзбек тилига ўгирилади. Ушбу жараёнда, албатта, бирламчи манба мазмунига содиқлик, ўзбек тилидаги матн эса тушунарли бўлиши талаб этилади. Ушбу талаб ва мезонлар, турган гапки, соҳанинг етук мутахассисларини тайёрлашни талаб қилади.

    Таржимон, албатта, ўзининг она тилини мукаммал, пухта, атрофлича билиши керак. Марҳум устозимиз Ғайбулла Саломов биринчи қадам сифатида А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини қўлда кўчириб чиқишни тавсия қилган эдилар. Мен ҳам бўлажак таржимонларга Алишер Навоий, Бобур Мирзодан бошлаб ҳозирги кундаги адибларимизнинг асарларигача ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Ана шундан кейин айнан шундай талабларни хорижий тилга нисбатан қўйиш керак бўлади. Тилдан ташқари миллий ва хорижий урф-одатлар, мамлакатлар тарихи, шевалар, сиёсат, латифалар, достонларни ўрганиш керак ҳамда амалий тажриба орттириш зарур. Биз ёш мутахассисларимизни ана шу мезонлар асосида тайёрлаяпмиз.

    – Юртимизда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётган айни даврда марказ келажагини қандай тасаввур қиласиз? Ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан жуда катта тайёргарликни талаб қилаётган бу жараён қамрови ҳақида фикрларингизни билишни истаймиз...

    – Мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги тўрт йил ичида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ишлар дарҳақиқат 750-1150 йиллардаги Биринчи Уйғониш даври, 1370-1507 йиллардаги Иккинчи Уйғониш (Темур ва темурийлар Ренессансидан) кейин Учинчи Уйғониш даврига қадам қўяётганимиздан дарак беряпти. Ишончим комилки, бу қуруқ гап эмас, аксинча, ҳақиқат ва ҳаққониятдир. Европа XV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Уйғониш даврига қадам қўйди. Айнан шу даврида Византия империясининг қулаши, Европага қочиб борган византияликлар асрлар мобайнида империя пойтахти Константинополда тўпланган кутубхоналар, санъат асарларини ўзлари билан олиб кетишлари, биринчи босқичда Италияда, кейинчалик Франция ва бошқа Европа мамлакатларида илмий кашфиётлар, адабиёт ва санъатнинг, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожланиши кузатилди. Ва... инсон қадри улуғланди. Европалик мутахассисларнинг ўзлари ушбу жараёнларнинг барчасида унутилаёзган илмий, маданий, адабий меросга берилган алоҳида эътибор ҳал қилувчи роль ўйнади, деб ҳисоблайдилар. Айни пайтда, ушбу воқеалардан аввалроқ Испания ва Италияда топилган, ўз даврининг олимлари ва таржимонлари томонидан Ибн Сино, Фарғоний, Беруний ва Хоразмийнинг лотин ва жонли Европа тилларига ўгирилган асарлари ҳам Европадаги Уйғониш даври жараёнларига ижобий таъсир қилди. Уйғониш даври гуманизм даврига, гуманизм эса маърифат даврига асос яратди. Буюк илм-фан намояндалари, амалий санъат аҳли, ёзувчилар ва шоирлар ана шу муҳитда етишиб чиқдилар.

    Кейинги йилларда юртимизда иқтисодиёт, ички ва ташқи сиёсат, илм-фан, маънавият ва маърифат, аждодлар мероси, хотираси, диний маърифат ва тарбия соҳаларидаги ислоҳотлар, яқин ва узоқ фурсатларга мўлжалланган режалар, халқни рози қилишга қаратилган, инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар ва буларнинг натижасида жамият аъзоларида шаклланган эртанги кунга ишонч юртимизда Учинчи Уйғониш даврига қадам қўяётганимиздан дарак бериб турибди.

    Ушбу муҳим тарихий босқичда илмий-маърифий муассаса сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаол иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Уйғониш даври барча соҳалардаги ривожланиш жараёнларини фаол давом этишини таъминлашга қодир бўлган ўз соҳасининг билимдони, айни пайтда юксак маънавият, маданият ва маърифат эгаларини тайёрлашни тақозо қилади. Ана шундай мутахассисларгина ўз юртининг фидойилари бўлиб етишадилар. Биз мутахассисларимизнинг бор салоҳиятларимизни ҳамда барча имкониятларимизни ана шу вазифаларни ҳал этишдаги иштирокимизга қаратишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates