Ит тишлашидан фуқаро вафот этиши ортидан Боёвутда эпидемиологик вазият назоратга олинди

    Ижтимоий тармоқларда ит тишлаши оқибатида вафот этган фуқаро ҳақида хабарлар тарқалди. "Санэпидқўмита" ахборот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

    Таъкидланишича, Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 2023 йил 18 июль куни соат 19:20 да қутуриш касаллигига гумон қилиниб, 64 ёшли фуқаро – А.С. (эркак) ётқизилган. Фуқарони 2023 йил феврал ойида ўзининг 3 ёшли, қора рангли ити чап оёқ болдир соҳасини тишлаган. Бироқ июль ойигача бўлган вақт давомида бемор тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаган. Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси томонидан беморга ўтказилган даво муолажасига қарамасдан 19 июл куни соат 21:35 вафот этган. Бемордан намуна олиш учун патологик анатомия текширувига жўнатилди.

    Марҳумга жароҳат етказган итни бошқа фуқароларга жароҳат етказганини ўрганиш ва касалликнинг олдини олиш мақсадида марҳум яшаган манзилда ШТАБ ташкил этилди.

    Тиббиёт ходимларидан иборат 10 та гуруҳ тузилиб, 32 нафар тиббиёт ходими хонадон айланиш тадбирларига жалб этилди.

    Санэпидқўмитанинг Боёвут тумани бўлими 10 нафар ходими эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бормоқда.

    Мутахассислар хонадонма-хонадон юриб аҳолининг тиббий-санитария маданиятини ошириш мақсадида хавфли, ўта хавфли юқумли касаллликлар мавзуларида санитария-тарғибот ишларини олиб бормоқда.

    Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқарма маъсуллари ҳамда туман мутахассислари томонидан маҳалладаги барча хонадонлардаги итларни, мушукларни қутириш касаллигига қарши эмлаш тадбирлар олиб борилмоқда.