Бозор иқтисодиётининг алифбоси: буни яхши билиш ва амалда қўллаш қандай самара келтиради?

    Эркин рақобатни шакллантириш, тадбиркорларга янги бозорларни очиш, “яширин иқтисодиёт” ва коррупцияни кескин камайтиришда қайси восита бағоят қўл келади? Албатта, биржа савдолари.

    Биржасиз бозор муносабатларини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Чунки, талаб ва таклиф, соф рақобат, котировка, замонавий ахборот технологиялари унинг фаолият моҳияти ва таркибини белгилайди.

    Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, соғлом рақобатнинг ривожланишини таъминлайди. Яна бир муҳим жиҳати, тузилган битимларнинг бажарилиши кафолатланади ва бу иштирокчиларнинг шартномавий интизомини мустаҳкамлайди.

    Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида миллий ва хорижий компанияларнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юқори ликвидли товар активлари, шу жумладан, қора ва рангли металлар, нефть-кимё маҳсулотлари, шакар, ун, дон ва бошқа товарларнинг олди-сотдиси амалга оширилади. Айрим вазиятларда юртимизнинг ички ишлаб чиқариш салоҳияти ўсиб бораётган талабни тўлақонли қондириши етарли бўлмай қолган тақдирда ушбу маҳсулотни импорт қилиш масаланинг ижобий ечимларидан бири, баъзида эса ягона йўли ҳисобланади. Бу масалани ҳам шаффоф ва тезкорлик билан ҳал этишда биржа ёрдамга келади.

    Таҳлилчилар ибораси билан айтганда, биржа бу — бозор иқтисодиётининг алифбоси. Уни яхши билиш, самарали фойдаланиш доимо фойда келтиради.

    Вақтдан ва нақддан ютиш йўли

    Асл илдизи юнончага бориб тақаладиган логистика сўзи ҳисоблаш, муҳокама санъти, деган маънони англатади ва математик мантиқ тушунчасининг синоними сифатида қаралади. Бироқ, бугунги даврга келиб, унинг моҳияти ва қамров даражаси янгича мазмун касб этган, аксар ҳолда транспортда юк ташиш инфратузилмасини ўзида мужассам этади.

    Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида бу тизимининг аҳамияти катта. Чунки, логистика ички бозорда тайёр маҳсулот ва хомашё ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун қулай шароит ва арзон нархларда етказиб берилишини таъминлайди, бозордаги рақобатни рағбатлантиради. Ҳисоб-китобларга кўра, транспорт секторига киритилаётган сармояларнинг 1 фоизга оширилиши юк ташиш ҳажмининг 0,94 фоизга ортишига имкон яратади.

    Президентининг 2021 йил 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига бинооан, монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилиши белгиланган. Савдолар якуни бўйича ғолиб юк ташувчини танлаш автоматик равишда амалга оширилади.

    Ҳужжат ижросини таъминлашга ўша йилнинг 1 сентябридан киришилди. Айни пайтда логистика порталида фойдаланувчиларни электрон тизимда рўйхатдан ўтказиш ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, ҳозирги кунга келиб, тобора такомиллашиб бораётган порталга 4 842 та юк ташувчининг 68 минга яқин юк машинаси тўғрисида маълумотлар жой олган.

    2022 йилда биржанинг мазкур порталда 12,8 миллиард сўмлик 7,4 мингдан зиёд шартномалар тузилди. Улар асосида 3702 буюртмачига 12,5 млрд сўмлик ташиш хизматлари кўрсатилди. Бунинг натижасида улар томонидан 1,5 миллиард сўм иқтисод қилиниши таъминланди.

    Яқинда савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида порталнинг E-logistics мобиль иловаси тест режимида ишга туширилди.

    — Мазкур илова орқали фойдаланувчилар логистика порталида амалга ошириладиган барча электрон савдоларга тегишли бўлган жараёнларни бошқариш, буюртмаларга нарх таклифларини бериш, зарур маълумот ва шартномаларни юклаб олишлари мумкин, — дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси “UzEx innovatsion“ шўъба корхонаси директори Жасур Юнусов. — Янги савдо иштирокчилари учун электрон рақамли имзо орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам яратилган.

    Бундан ташқари, юк ташувчилар иловада ёқилғи қуйиш шахобчалари ва бошқа зарур хизмат кўрсатиш объектларининг манзилларини акс эттирувчи интерактив харитадан фойдаланишлари ҳам мумкин. Ўз навбатида, тизимда рўйхатдан ўтишни истаганлар мобиль иловадан фойдаланган ҳолда, порталга жойлаштирилган буюртмалар шартлари билан тўлиқ танишиш, харитада тегишли йўналишларни кўриш ва амалга ошган битимлар хақида маълумотларни олиш ҳамда мижозларни кўллаб-қувватлаш маркази билан боғланиш имкониятига эга.

    Тез орада юк ортирилган транспорт воситаларнинг ҳаракатланишини мобиль илова орқали онлайн тарзда кузатиш хизматининг ишга туширилиши ҳам кутилмоқда.

    Замонавий хизмат кафолатлари

    Давлатимиз раҳбар 2022 йилнинг 17 май куни товар-хомашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича ўтказилган йиғилишда йил якунига қадар унга ўз маҳсулотини олиб чиқадиган маҳаллий тадбиркорлар сонини камида 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга ошириш вазифасини қўйган эди.

    Бу вазифа ортиғи билан ижро этилди. Республика бўйича 1 249 та сотувчи корхоналар томонидан (2022 йил бошига нисбатан ўсиш 3,7 баробар) 1 220 турдаги (ўсиш 5,2 баробар) монопол ва юқори ликвидли бўлмаган маҳсулотлар биржа орқали сотилди.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Рўзиетовнинг қайд этишича, ўтган йилнинг биринчи ярмида маммлакатимиздаги мавжуд 45 мингдан зиёд маҳаллий саноат корхоналаридан бор-йўғи 3 минг 600 таси биржага ўз маҳсулотини чиқариб келган. Албатта, бу жуда кам. Шу боис, маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштирилди.

    Яъни, ўтган йил 1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиши йўлга қўйилди. Энг яхши сотилган товарлар, кейинчалик, биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштириладиган бўлинди. Маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилди, солиқчилар томонидан тадбиркорларнинг биржа орқали сотилган ёки харид қилинган товарлари бўйича қўшимча ўрганиш ўтказилмайди.

    Хўш, бу чоралар амалда қандай натижа берди?

    — Ўтган йили Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида 100 мингдан зиёд янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди ва улар сони 2021 йилга нисбатан 1,5 маротабага кўпайди, — дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов. — Айни пайтда тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча қулайликлар яратилиши натижасида улар томонидан биржада сотилаётган маҳсулотларнинг сони ва ҳажми ҳам ўсди. Масалан, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини биржанинг истиқболли товарлар секциясида сотиш тартиби соддалаштирилганлиги боис бу йўналишда 1,1 триллион сўмлик янги 198 турдаги маҳсулотлар сотилишига эришилди.

    Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ун маҳсулотлари жорий йил 1 июндан, буғдой эса 1 июлдан бошлаб очиқ биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган эди.

    Табиийки, ғалла бозорининг эркинлаштирилиши фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Қарор бўйича суғориладиган ернинг ҳар бир гектаридан 2,5 минг тоннадан буғдойни биржа орқали сотувга чиқариши белгиланди. Бу 500 минг тоннани ташкил этади. Етиштирилган ҳосилнинг давлат буюртмасидан ортиқча қисми фермер, кластерлар ихтиёрида қолади. Улар бу буғдойни эркин бозор нархларида сотишлари мумкин. Ҳар йили жаҳон бозори, биржа нархларидан келиб чиқиб ғаллага тавсиявий нарх ишлаб чиқилади.

    Ўтган йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 926,7 минг тонна буғдой биржа савдолари орқали сотилди. Шу жумладан, 7,7 мингдан ортиқ фермер ва бошқа буғдой етиштирувчиларнинг ўзлари етиштирган 545 минг тонна буғдой биринчи марта очиқ биржа савдоларида сотилди.

    — Бунинг сабаби, фермер ва кластерларнинг эркин бозор “меваси”ни тота бошлаганин кўрсатади, — дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг Бош маклери Исломбек Ибрагимов. — Чунки, улар давлат буюртмасини бажаргандан кейин ўзларида қолган ғаллани брокерлар орқали биржага қўйиб келишда давом этмоқда. Қолаверса, буғдойни сотишда фермерлар биржанинг комиссион йиғими ва гаров маблағлари тўловидан озод этилган.

    Ун маҳсулотини “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан очиқ биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин.

    — Президентимизнинг шу йил 28 майда имзолаган қарорига мувофиқ, 1-навли ун маҳсулоти “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамитяти корхоналари томонидан очиқ биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши белгиланди,— дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Мансур Тўйчиев. — Ўтган даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ўтган йилда жами 860,7 минг тонна ун биржа савдолари орқали сотилди.

    Айтиш жоиз, товар бозорларида нархларнинг мўтадил ва барқарор ушлаб туришнинг энг самарали усули бу бозор воситалари ва механизмларидан фойдаланиш ҳисобланади. Биржа эса мана шундай бозор механизм вазифасини бажаради.

    Ун ва буғдой бозорида таклиф даражаси етарли бўлгани сабабли биржанинг ушбу бозорларида нархлар барқарорлиги сақланиб қолинмоқда. Ўтган даврда ушбу икки маҳсулот бўйича биржада шаклланган ўртача нархлар уларнинг бошланғич қийматларига нисбатан ўсиши ўртача 1-3 фоиз атрофида қайд этилди.

    2022 йил давомида биржанинг бошқа товар сегментларида ҳам барқарор ҳолат сақланиб турди Хусусан, биржанинг мис, полиэтилен, полипропилен ва суюлтирилган газ маҳсулотлари ўртача сотилиш нархлари 2021 йилга нисбатан деярли ошмади.

    Айни пайтда биржада пахта толасининг ўртача нархи ўзининг максимал даражасига нисбатан — 43 фоизга, пахта ёғи ҳам шунча фоизга, шакар — 30, сульфат аммоний, техник чигит — 28, қора металл — 16 ва буғдой – 5 фоизга пасайди.

    Биржада савдолар нафақат ички бозорларда, балки хорижий корхоналар иштирокида ҳам битимлар тузилади. Бунинг учун 2022 йилда Польша, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон каби мамлакатларда биржанинг янги хорижий савдо майдончалари очилиб, уларнинг сони 34 тага етказилди.

    Уларнинг фаоллашуви натижасида ўтган йили Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида 501,3 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди. Шу жумладан, Қозоғистонда ташкил қилинган 7 та савдо майдончалари орқали 905,2 минг тонна буғдой ва 224,1 минг тонна ун маҳсулотлари сотилди.

    Бундан икки йил олдин давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг бу соҳада иштирокини соддалаштириш мақсадида биржа давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида xarid.uzex.uz савдо тизимини ишга туширди.

    Унда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жорий қилинди.

    — Давлат буюртмачилари ва етказиб берувчилар учун биржанинг давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15 фоиз миқдорида преференция қўллаш ва тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имкони яратилган, — дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси матбуот хизматининг раҳбари Ҳикматулло Тиллабоев. — Мазкур тизимда мижоз ва иштирокчи ўртасида очиқ электрон чат ҳамда битимлар бажарилишини кафолатлашни закалат маблағлари билан бирга, гаров ёки кафиллик шаклида таъминлаш бўйича янги тартиб ҳам қўлланиляпти.

    2022 йил якунларига кўра, давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да жами 36,7 триллион сўмлик 1 миллиондан зиёд битимлар тузилди. Уларнинг ҳажми 2021 йилга нисбатан 3,3 маротабага ўсди.

    Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 2021 йилга нисбатан 3,4 маротабага ўсиб, 5,8 триллион сўмни ташкил қилди.

    Яна бир эътиборга молик жиҳат, avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 304,1 миллиард сўмлик 118 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.

    Президентимизнинг 2022 йил 24 ноябрдаги “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш доирасида хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Унда биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари, электрон тижорат ва электрон логистика порталларини такомиллаштириш режалаштирилган.

    Тадбиркорларни биржа савдолари ва давлат харидларида иштирок этишини енгиллаштириш, биржа орқали сотиладиган маҳсулотлар рўйхатини ва халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш, экспорт-импорт савдо ҳажмларини ошириш ишлари изчил давом эттирилади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи