Бу бир имтиҳонким...

    Сайлов фақат сиёсий эмас, балки ижтимоий, маънавий-маърифий жараён, айни вақтда, жиддий синов мақомидаги бир тадбирки, унда сайланувчилар ҳам, сайловчилар ҳам фикрий салоҳият, жонажон Ватанимиз истиқболи, ўз халқи бахту иқболи борасида қайғуриш, мухтасар айтганда, ватанпарварлик, халқпарварлик, шунингдек, сайлаш ва сайланиш маданияти нуқтаи назаридан катта бир имтиҳондан ўтади. Бу йилги Ўзбекистон Президенти сайлови шу жиҳатлари билан ҳам алоҳида диққатга сазовор тарихий воқеа бўлди.

    Аввало, мамлакатнинг биринчи раҳбарлигига номзодларнинг, яъни уларни масъул лавозимга тавсия этган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ватан равнақи, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш йўлида ечилиши, ҳал этилиши зарур бўлган кўпдан-кўп иқтисодий-ижтимоий муаммолар, ҳаётга татбиқ қилиниб, амалга оширилиши кўзда тутилган ғоялар, режалар, таклиф-истаклар долзарб, муҳим мавзуларни қамраб олгани билан сайловчиларда жиддий қизиқиш уйғотди, десак муболаға бўлмас. Хуллас, сайловчилар олдида танлаш имкони ҳам, масъулият залвори ҳам етарлича эди.

    Зеро, ривожланган давлатлар қаторига киришига интилиб, халқаро миқёсда юксак ижтимоий-сиёсий мавқега эришиш учун кейинги йилларда ҳар бир соҳа ва жабҳада кечаётган ўта зарур ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиши, поёнига етказилиши, бу йўлда дуч келадиган турли тўсиқ ва довонлардан ошиб ўтиб, кўзланган чўққилар забт этилиши лозим эди. Сайловчилар эътиборини мағзи инсон қадри устувор жамият – янги Ўзбекистонни қуришдан иборат бўлган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан президентликка тавсия қилинган номзод Шавкат Мирзиёев дастури ўзига кўпроқ жалб этгани табиий, албатта. Чунки давлатимиз етакчисининг бош ғояси ва асосий мақсади сифатида намоён этилаётган, инсон шаъни, ғурурини сарафроз этган ва халқаро муносабатларимиздаги беқиёс ютуқ ва зафарларга боис бўлаётган инсонпарварлик сиёсати алоҳида таъкидлашга муносиб омилдир. Мамлакатимиз сиёсатининг ўзагига айланган ана шу тамойил туфайли жаҳондаги етакчи давлатлар Ўзбекистонга бутунлай янгича назар ва хайрихоҳлик билан қарайдиган, ҳисоблашадиган ва ҳар соҳада ҳамкорлик қилишга ошиқадиган бўлиб қолди. Аслида узоқ-яқин давлатлар билан ўзаро алоқалар қизғин ва самимий тус олиб, хорижий инвестицияларнинг оқиб кела бошлаши ва бошқа муваффақиятлар ҳам куч-қувватни пеша қилиб муросага келтириб бўлмайдиган муносабатларга хуш лафз, оқилона дипломатик сиёсат, бағрикенглик, кечиримлилик – том маънодаги одамийлик билан эришилгани натижаси экани ҳеч кимга сир эмас. Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:

    Темур тиғи етмаган жойни

    Қалам билан олди Алишер.

    Эндиликда таниқли халқаро сиёсатдонлар, давлат раҳбарлари, журналистлар ва бошқа муҳим касб эгаларининг дунё оммавий ахборот воситаларида бот-бот эълон қилинаётган мақолалари, суҳбат, интервьюларида Ўзбекистон ва унинг Президенти шаънига айтилаётган изҳорлар, таҳсинлар, офаринлар бизга катта ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

    Ана шундай таҳсинлар, эътирофларга сабаб бўлаётган инсонпарварлик сиёсати мамлакатимизнинг ҳамма жойларида бўлгани каби Андижонда ҳам ўз ифодасини топаётгани барча юртдошларим, ҳамкасбларим қатори мени ҳам бағоят қувонтиради, илҳомлантиради.

    Биргина мисол: аҳоли ўта зич – мамлакатимиз нуфусининг 10 фоизини, ер майдонининг эса 1 фоизини ташкил қиладиган вилоятимизда кейинги йилларда қуриб битказилган минглаб янги уйлардан ташқари 450 минг аҳолига мўлжалланган, давлатимиз раҳбари тамал тошини қўйиб берган ва қурилиши шиддат билан бошлаб юборилган Янги Андижон шаҳри турар жойга муҳтож қанчадан-қанча оила аъзоларига орзу-истакларининг рўёбга чиқиши, фаровон ва хотиржам яшаш ва ишлаш саодатини бахш этиши турган гап.

    Имонимиз комилки, мамлакатимизда инсонпарварлик тамойиллари янада юқори даражада намоён бўлиб бораверади, барча ишлар “Халқимизнинг бирон-бир вакили эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган даъватга мувофиқ давом этаверади, “Халқ розилигини қозониш” шиори ўз тасдиғини топаверади. Зеро, миллион-милион сайловчилар ана шундай ният ва ишонч билан овоз бергани шубҳасиз.

    Қамчибек Кенжа,

    ёзувчи.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates