“Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 25 март сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Шуҳрат Ризаевнинг “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”  номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ҳассос шоирамиз Зулфияхонимнинг “Бу оқшом” шеъридан олинган мазкур мисра унинг умр сўнгларида — эъзозу ардоқлар ичра нишонланган саксон йиллик тўйи кунларида қоғозга тушган эди. “Руҳи абадга ўтиб” бораётганини сезган шоира умидбахш-некбин кайфиятда “танҳо саждагоҳи – Ватан”ининг келажагини шундай тасаввур қилган эди.

    Ҳа, ҳақиқий шоирлар ҳам валиймонанд башоратлар қилгувчи зотлардир. Не ажабки, чорак асрча вақт ўтиб орзуланган боғлар чаппар уриб, гулга киряпти...

    18 март тонгида уч юзлар чамаси мардум жам бўлиб, Тошкентнинг 3-4 сана аввал қурилган “Янги Ўзбекистон” боғи томон йўлга тушиб, шу манзилнинг бир чақиримча юқорироқ қисмига бориб тўхтадик.

    Муваққат мажлисхона тархида қурилган қурилмага кириб, Президентимиз билан учрашдик, нутқ-маърузасини тингладик. Одатдагидек, ёндиргувчи, оловлантирувчи бир изҳори дил, сўнг самимий суҳбат-мулоқот бўлди. Сабаб мавзу — “Янги Тошкент шаҳрининг пойдеворини қуриш ишларининг бошланиши”...

    “Ана сурприз-у, мана сурприз”...

    Йўқ, бу ният турли муносабат билан бош раҳбаримиз томонидан 1,5-2 йиллар аввал бир неча бор айтилган, кўнгилларга чўғ ҳам солиб улгурган эди. Ниҳоят, шу ишни бошлаш тадбири ташкил этилди ва унда иштирок этган каттаю кичик жами олиму уламо, шоиру зурафо, зиёлию санъаткор, арбобу аҳком – бирортаси ёруғ ўй ва иштиёқу илинжсиз бу тадбирни тарк этмади.

    Биз туркистонийларга тақдир ўзи икки дарё оралиғини азалу абаддан пешонамизга битиб, Сиру Аму оралиғидаги Мовароуннаҳр диёри дея белгилаган эканки, дарёлар орасида тириклик тамали билан неча асрлар умргузаронлик қилдик. Қарангки, Янги Тошкент ғоясини илгари сурган Президентимиз кўнглига яна дарёлар оралиғида ҳаво мусаффо, оби ҳаёт – сув фаровон, иқлим мўътадил бўлади, деган фикрлар келибдики, янги муҳташам шаҳар учун Чирчиғу Қорасув дарёлари ораси манзил белгиланибди. Ортида тоғ – Паркент тизмалари – яқиндагина коронавирус пандемиясидан увадаланиб чиққан ўпка-вужудларга ҳаёт бахш этувчи саррин шаббодалар эсиб, дилларга ҳузур топмоғига яна бир омил. Ҳа, Янги Тошкент шаҳри тархини чизган Буюк Британия, Сингапуру Туркия меъморларининг ҳам бор манзарани кўриб кўзи қувнаган, илҳоми жўш урган шекилли, меъморий ечимлар ҳам фавқулодда кўркам, ораста, батартиб, замонавий шаҳарсозликнинг қатъий халқаро низомларига мувофиқ, ҳар қаричи ҳисобга олиниб, мушоҳада этилганки, давлатимиз раҳбари ифтихорланиб, “ақлли шаҳар” деганича бор.

    20 минг гектар майдон, бир миллион аҳоли учун мукаммал шароит, уй-жой — истиқоматгоҳлар, давлат идоралари, тиббиёт муассасалари, боғу роғ-сайлгоҳлар, наинки одам, ҳатто автоуловларгача замонавий қўналға, мактаб, боғча, театр, кутубхона... бир инсон учун 80-90 йиллик ҳаётида эҳтиёж бўладиган бари тириклик воситалари кўзда тутилган.

    Э, отангга балли! Мана шу-да “инсонни қадрлаш” дегани!

    Биз шўро замонида ҳам, илк истиқлол йилларида ҳам “ҳаммаси инсон учун” деган иборани кўп бор такрорладик. Шўрода-ку, бари сохталик, кўзбўямачилик бўлди. Аммо мустақиллик йилларида ҳам бу тамойил ногирон вужуддек гоҳ у, гоҳ бу муаллақликларда бир кўриниб, бир кўринмай, билинмай турди, катта-катта амалий ишларда юз кўрсатмади. Аксинча, фуқаролар кўнглидан мубҳам кайфиятлар аримади, ишонч, эътиқод мустаҳкам бўлмади. Ваҳоланки, ўша йиллар “Мустақиллик – бу ҳуқуқ” деган тамойил илгари сурилди-ю, ижтимоий, маънавий ҳуқуқбузарликлар жамият ҳаётига кириб, чуқурлашиб бораверди. Инсон эмас, шахс эмас, ўзига хос оломон фалсафаси, жиловланган издиҳом кўриниши авж олди. Кейинроқ, 2017 йиллар бошида Ўзбекистоннинг сайланган янги Президенти бу ҳодисани аниқ таърифлаб, ўтмиш йилларни “онгсизликни онгли равишда авж олдирган давр” сифатида баҳолади. Мана, энди замони етиб, инсонни, Ўзбекистон фуқаросини амалда қадрлаб, унинг ҳузуру ҳаловати, сиҳати, жисмоний ва маънавий камолоти учун хизмат қиладиган тўкис шароит барпо этиляпти. Ақл, илм-фан, маърифат барча яратиқларнинг негизи бўладиган бу масканда умргузаронлик қилмоқ учун ҳам ҳар бир инсон “ақлли шаҳар маданияти”ни тўлиқ ўзлаштириши, ҳар бир ҳаракатда умум томонидан қабул қилинган қонун-қоидаларга биноан яшамоғи зарур. Бир миллион ҳамюртимиз истиқомат қиладиган Янги Тошкентда энг юқори даражада маошлантириладиган 200 минг иш ўрни бунёд этилар экан. Шаҳарнинг бор қуввату қудрати, қулайлигу юмуш-хизмати, бари инсоннинг сира озорланмай, эмин-эркин яшаши, дам олиши, ҳаловат уммонида баҳузур сузмоғи учун йўналтирилар экан...

    Мана сизга Форобию Фирдавсий, Кампонелла ва ё Гаспералик Исмоилбей орзулаган шаҳру кент.

    Воқеликка айланажак эртак...

    Бу издиҳомда ҳам Президентимиз яна жадид боболарни эслади. Тошкентни таърифлай туриб, ўша даврдаги қизғин ижтимоий маърифий ҳаракатнинг маркази бўлганини тилга олди. Хаёлимда тарих жонланди: ХХ аср боши Тошкентнинг эски шаҳар қисми 1,5 минг гектарни ташкил этиб, унда 146 минг аҳоли яшайдиган 21 минг турар жой бўлган. Бу ерда том маънода маърифат машъали гуркираган. Жадидлар шаҳарнинг айнан шу қисмида асосий маҳаллий халқ яшашини назарда тутиб, барча ҳаракатларини мазкур ҳудудга йўналтирдилар.

    “Усули жадид” мактаблар, хайрия жамиятлари, илк миллий мабтуот нашрлари, матбаа, театр, кутубхона... каби барча маърифий-маданий муассасалар эски шаҳарда барпо этилди. Бу макон айни маърифат марказига айланиб кетди. Албатта, ҳозир эски шаҳарнинг марказий қисми – Эски Жўва бозорига туташ қадимий маҳалла ҳудудлари қисман сақланган – Сағбон, Чиғатой, Хасти Имом, Қорасарой, Қумлоқ ва ҳоказо. Энди Хасти Имомдаги Ислом цивилизацияси маркази, Абдулла Қодирий ижод мактаби, музейи, боғи, “Турон” замонавий кутубхонаси назаран гўё эски шаҳарнинг кириш дарвозаси таассуротини беради. Бошланишдаги Абдулла Қодирий ҳайкали гўё улуғ адиб бағрига не бир китобни маҳкам босганча, Тошкент шаҳрига кириб келадиган сайёҳу меҳмонларни кутиб олаётгандек туюлади. Бу дарвозадан кирган мардум баайни мозийга шўнғийди – Ислом цивилизацияси марказида энг қадим ўтмишимиз, шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши ва ривожи, ислом маданияти ва маърифати, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс негизлари, алломалари, уларнинг жаҳоний кашфиётлари ва ҳоказо маълумотлар билан танишади. Сағбон, Чиғатой мавзелари, Эски Жўва бозори манзараларини кўриб, кўҳна мозий руҳиятига киради. Ўзбекистоннинг уч минг йиллик давлатчилигининг шонли-шарафли кечмиши, табаррук зотлари, осори- атиқаларига оид маърифат билан қуролланади, файзиёб бўлади.

    Мозийдан ўтгач, киши кўз ўнгида энди бугунги Тошкент намоён бўлади. “Тошкент сити”дан бошлаб бу ёғи чор тарафга узала ёйилган кўп қаватли иморатлар, сайлгоҳлар маъмурий, маданий, маърифий, тиббий муассаса, иншоотлар, кўнгилочар томошахоналар, истироҳат боғлари, гипермаркетлар, савдо марказлари, равон йўлу йўлкалар, беадоқ иморатлар... бари бугунги замонавий Тошкент белгилари. Ўтмишу бугуннинг ажиб уйғунлиги. Мана энди Мирзо Улуғбек тумани бўйлаб кета-кетгунча йўл ниҳояси Янги Тошкентга, яъни келажакка бориб уланади. Кўрингки, макону замон тушунчасидаги ўтмиш — бугун — келажакнинг ажиб бирлиги, вобаста муштараклиги. Хаёлларинг ҳапқириб, қалбан сурур туясан. Ҳайратинг ошиб, келажакнинг ҳам тезроқ воқе бўлишини тилайсан.

    Ҳа, замонавий Ўзбекистон мозийни ўрганиб, қадрлаб, бугунини бунёд этиб, келажакка интилаётган мамлакат. Бу фикрнинг айни исботи кечаги, бугунги ва келажакдаги шаҳри азиз Тошкентдир.

    Бошқаларни билмадим-у, етти пуштим тошкентлик бўлгани учун сурурим ҳам, ғурурим ҳам ўзгачароқ бўлди, дилдан яйрадим, нуронийлик инаётган ёшимга болалик, ёшлик ҳаваслари ёпирилди... Мана, энди яшаш керак, тўлиб, тўлқинланиб, ёниб, ёлқинланиб, яратиб яшаш керак, вассалом!

    “Булар менинг армонларим”

    Булар-ку Наврўз шукуҳи, Рамазон барокати арафаларидаги хайрли ҳаракатлар муждаси. Кўнгилларга завқ-шавқ, сафо бахшида этгувчи хушниятлар. Юртимиз раҳбари хуш кайфият асносида бу йилги қиш мавсуми, ўша палладаги 15-20 кун ичи рўй берган нохуш синовларни ҳам ёдга олди.

    Ота-бобомиз “қишнинг бир куни қолса ҳам қўрқ”, дегувчи эди. Биз эса 30-40 йилдан бери тайинли қиш, совуқ бўлмади, деб хотиржам юравердик. “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, Ўзбекистоннинг бор ёнилғи, энергетика саноати имтиҳондан ўтди, аниқроғи, ўтолмади. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Суҳбатлашиб қолсанг, ҳасратидан чанг чиқади. Аммо яна калтак шулар бошида синади. Чунки вақтида керак чора-тадбирларни белгиламаган, қўли етадиган камчиликларни бонг уриб овоза қилмаган. Охир-оқибат қишнинг қора чилласида барчага энг бадбуруш, совуқдан ҳам совуқ кўринган ҳам шулар бўлди. Минг-минглаб хонадонлар газсиз, электр энергиясисиз амаллаб жон сақлади. Машинаси борлар уни ўт олдириб қўйиб, баҳарнав исиниб, тунни тонгга улаганини эслайди. Ортиқ қувватни кўтаролмай ёниб кетган трансформаторлар, сим-кабеллар, суви яхлаб яроқсиз ҳолга келган батареялар... э-ҳе, ҳасрат дафтари очилса, тонггача ёпилмайди. Хуллас, ана шу ҳолатларни эслаб, Президент энергия таъминотини энди ҳеч қачон узмаслик, бундан буён бу соҳада муаммо бўлмаслиги тадорикларини такрор-батакрор шарҳлаб, изоҳлаб баён этди. Сўз исботи ўлароқ шу ернинг ўзида Юқоричирчиқ, Оҳангарон, Бўка туманларида ишга тушириладиган қуёш панелли электр станциялари қурилишига изн-старт берди.

    Ана шу ҳолатларни кузата туриб, бир нарсани сезгандек, англагандек, бўлдим. Президентимиз қаҳратон забтига олган кунлари фуқароларининг совуқ азобини ўз қалбидан ўтказганини, тунлари бедор безовталаниб, болалар, кексаларнинг аҳволи не кечди экан, дея бор вужуди ила ўртанганини ҳис этгандек бўлдим. Аввалда ҳам турли учрашувларда, айниқса, 2020 йил 20 май куни Адиблар хиёбонини очгандан сўнг бизларни янги қурилган Республика болалар тиббиёт марказига олиб бориб, энг янги замонавий тиббий ускуналарни кўрсатиб, энди ўзбекнинг болалари ўлмайди, чақалоқларимиз нобуд бўлмайди, дея кўз қароғи намланиб, “булар менинг армонларим”, деганлари хотирамга келади. Ана шулар Президентимизни бу йилги қора чиллада кўнгли нечоғли қаро тортиб, неча бор кўз қароғи тўлганини англатгандек бўлди менга. Ҳа, чора бўлатуриб, бир муддат чорасиз гирён қолиш ҳам мислсиз азоб юрт раҳбарига...

    Дарвоқе, чора хусусида. Аллоҳ инсонга махлуқотдан айри онгу тафаккур, тил, қалб неъматларини бердими, демак ҳар ишда чора топа билиш салоҳиятини ҳам ато этган. Ижод, ихтиро, яратиш, кашф этиш дегани бари асли чора изламоқ ва топмоқдир. Чорасиз одамни бечора деганлар. Бора-бора бечоралик камбағаллик, хору забунлик, ожизлик маъноларини орттирган. Хўш, биз хору забунмизми, қўлидан бир иш келмайдиган ожизу нотавонмизми? Йўқ, асло, Аллоҳ сақласин! Биз қодирмиз! Албатта, мутлақ қодирлик Аллоҳдан. Биз эса бандасига берилган қодирлик даражасида чора топа билгувчимиз. Шундай экан, нега ҳамма ҳаракат, интилишларимиз ҳам ўхшайвермайди? Иштиёқ билан бошланади-ю, кўпинча ора йўлда қолиб кетади? Президент бунинг ҳам жавобини ўзи берди. Ташаббусни раҳбар бошлайди-ю, аммо уни лозим даражада давом эттирувчилар йўқ ёки ўта суст. Демак, тизим йўқ, тизимли ёндашув йўқ. Бир марталик ёки “катта кўриб ё билиб қолиши”дан хавотирда бир неча марталигина амалий чора бор. Бундай ўлда-жўлда ёндашувдан, кўзбўямачиликдан кимга наф-у, кимга зиён? Албатта, халққа зиён, юртга, Ватанга зарар. Бу лирик чекинишларнинг бари оддийгина дунёқараш масаласига келиб боғланади. Дунёқараш-кўзқараш барча ҳаракатнинг негизи, ғоявий асоси.

    Мустақиллик ҳавоси ва ҳаваси билан 32 йил яшаб қўйдик. Қўлимизни юрагимиз устига қўйиб, ҳар биримиз ўзимиздан сўрайлик – тасаввур ва тафаккуримизда тамомила янгиланиш бўлдими? Ё глобал дунё оқимига тушиб олиб, маёғимизни билмай, англамай, пачоқ кемада сузиб ётибмизми оқим бўйича?! Тафаккурнинг янгиланиши, дунёқарашнинг тамомила ўзгариши биз учун “ҳаёт ё мамот” масаласи ёки Абдулҳамид Чўлпон иборасича, “ё ўлиш, ё қолиш” масаласидир.

    Албатта, бундай баландпарвоз сўзлар айримларга эриш туюлар. Аммо мен бу масалани Ўзбекистон халқи ва давлатчилиги учун шу қадарли муҳим масала ҳисоблайман. Сабаби, биз ташқи сиёсат, иқтисодиёт, халқ хўжалиги бўйича қанча юксак марраларга эришмайлик, инсон онгу тафаккури, дунёқараши борасида бир жойда депсиниб қолсак, на-да тараққиёт, на-да ўсиш-ўзгариш, на-да янгиланиш содир бўлмайди. Миллат бирикмайди, эл-юрт хотири жаму тинчлик барқарор бўлмайди. Чунки инсоннинг қорнини тўқлаб, устини ҳар қанча бутламанг, унда инсонлик сифатларини шакллантириб ўстирадиган куч онг, руҳият ва дунёқарашдир.

    Уйғонмоқ бу дунё билан баробар яшамоқдир!

    Таъкидлаб ўтганимиздек, юртимиз мустақиллигини эълон қилганимизга ҳадемай 32 йил тўлади. Бир инсоннинг онгу тийнати тўла шаклланиб, баркамолликка эришиш ёши бу. Аммо маънавий баркамоллик ўз-ўзича пайдо бўладиган ҳодиса-ҳолат эмас.

    Мен шу ўринда 2019 йил декабрь ойи сўнгларидаги бир воқеани эслашни жоиз ўйлайман. Ўша кезлар буюк адиб Абдулла Қодирийнинг 125 йиллик таваллуд санасини нишонлаётган эдик. Президентимиз эски шаҳар бошланишидаги Қодирий боғи ва музейига ташриф буюриб, жамоатчилик, зиёлилар билан учрашди. Учрашувдан аввал музей ва “Турон” кутубхонаси билан таништириш учун экспозиция залига бошлаб кирганимизда, давлатимиз раҳбари жуда теран маъноли савол бериб: “Жадид ва қадим муносабатлари ҳозир ҳам давом этяпти – а?!” деди. Кутилмаганда берилган савол каминани бироз тараддудлантирди. Чунки бу савол асосан соҳа мутахассисларига яхши аён бўлиб, мавзуни ичдан ўрганмаган одам буни билавермайди. Тушундимки, Президентимиз жадидчилик масалаларига ўта синчковлик билан диққат қаратибди. 120 йиллар аввал ўлкамизда юз берган ҳаракатчиликнинг моҳият илдизи, кураш ва эҳтирослар манбаини бор бўйича англаб, унинг бугунги кунларимиз учун ибратли томонларини мушоҳада этибди.

    Очиғи, бир асрлик тарихни биз юз берган воқеа-ҳодиса сифатида қайд этиб кетаверамиз, лекин унинг бу кунги замона учун ҳам аччиқ сабоқларини бор миқёсида англайвермаймиз. Ўша пайтда мени тараддудлантирган саволни кейинроқ яна идрок этиб, ўзимча жавоблар топгандек бўлдим. Қизиқ дунёқарашни ўзгартириш масаласи салмоғи ўша “жадид - қадим” мавзусини эслатди менга.

    Жадид янги, янгилик тарафдори, қадим эски, консерватив қарашлар вакили. Хўш, истиқлолимизнинг 32 йиллиги остонасида энди қадимчи, яъни эскилик тарафдори, эскича қарашлар бўлиши мумкинми?! Эскича қарашлар, жилла қурса, ўттиз икки йил ўтган давр шамолларида йўқ бўлиб кетиши керакмасмиди? Вақт нисбати ўзи эски нарсаларни чиритиб, йўқотиб ташламайдими?! Ҳа, табиат диалектикасига кўра шундай бўлиши керак, албатта. Аммо гап шундаки, Ўзбекистондаги истиқлол даври чорак асрининг ўзи глобал давр эпкинларида эскириб, “эскилик” бўлиб қолди. Энди давр, воқелик шитоби бизни сурату сийратига кўра буткул янги сифат босқичига олиб чиқди. Энди тараққиётнинг ҳам, ўсиш ўзгаришнинг ҳам фавқулодда янги палласида ўз ўрнимизни белгилаш ҳаракатларида турибмиз. Янгидан уйғонмоқ, янги Уйғониш даврининг мақсад тамойилларини барқарор этмоқ бугун биз – 36 миллионли халқ учун айни “ҳаёт ё мамот” масаласи бўлиб турибди.

    Раҳматлик устозимиз, атоқли жадидшунос олим Бегали Қосимов айтмоқчи, “Уйғонмоқ бу дунё билан баробар яшамоқдир!”. Ҳа, бугун Ўзбекистонда бошланиб, беш йилдан бери шитобланиб, тезланиб бораётган янги Уйғониш бу дунё билан баробар, тенг ва муштарак яшамоқ орзусидир. Демак, энди беш йил аввалги тарих, муносабатлар муайян маънода тарих, бўлиб ўтган кечмишдир. Тўғри, биз ўзимиз шаклу шамойилимизга кўра деярли ўша-ўшамиз-ку, беш йилда ҳамма нарса жуда чаппасидан кетмас, деб ўйлаймиз. Йўқ, асли ҳаммаси табиий низомидан ўзгара бошлади, техник, технологик инқилоб инсон онгини, тафаккурини ва қалбини ўзгартириб юборди. Дунёга бўйлашмоқчимисан, демак, беистисно барча ҳолату ҳодисотда ўзгариш, тафтиш, таҳлил, мушоҳада, мулоҳаза бўлмоғи аниқ. Чунки ўз оролинг, кўлу кўлмагингда қолиб кетолмайсан. Чунки бу чорасизлик, ҳаракатсизлик дегани, ўлим билан баробар ҳодиса бўлади бу. Демак, дунё ўзгараётган экан, атроф жавонибда янгича муносабатлар, янги дунё экан, бизнинг ҳам дунёмиз, шунга мувофиқ дунёқарашимиз ҳам ўзгармоғи шарт. Агар шундай бўлмаса, биз замон аравасидан тушиб қолаверамиз. Бу ишда байроқ, албатта, зиёлилар қўлида бўлмоғи шарт. Таассуфки, зиёлиларимиз, буюк шоиримиз Эркин Воҳидов айтмоқчи:

    Бир ишга қасд қилиб шоир ё олим,

    Хаёл суриб – кейин не бўлар ҳолим –

    Қудрати бор бўла туриб, илоҳим,

    Дилидан журъати кетмасин унинг,

    деган бир ҳол-аҳволда турибмиз. Ваҳоланки, биз бугун яна Эркин ака даъватига қулоқ тутмоғимиз зарур бўляпти:

    Бонг уринг, ҳаммани уйғотинг.

    Бонг уринг, шаҳару қишлоқда.

    Ҳаяжон кўтаринг, тўп отинг.

    Одамлар уйқудан уйғонинг,

    Шошилинг, қидиринг тез нажот

    Жон куйсин, қалб ёнсин,

    То ёниб кетмасин бу ҳаёт.

    Овозлар борича бақиринг,

    Одамлар! Ё ҳаёт, ё мамот!

    Ҳа, бонг уриш керак, шарт. Сабабки, ҳозир ҳар қачонгидан кўра таҳликали, очиқ таҳдидли замонда ва маконда яшаб турибмиз. Айрим собиқ гегемон мамлакатларнинг империячилик кайфиятлари яна уйғониб, очиқдан-очиқ сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, мафкуравий-маънавий таҳдид тусини олди. Энди яна “Ё ҳаёт, ё мамот” деган масала биз учун тарих саҳнасига чиқяпти. Хўш, биз – зиёлилар ким биланмиз? Шоир айтмоқчи, “журъатсизлик” сиртмоғига илиниб, оддий кузатувчи бўлиб юраверамизми?!

    Эркин Воҳидов юқорида келтирилган сатрларни ёзганида дераза ортида XX асрнинг 70-йиллари эди. Шоир сира тап тортмай журъатини ҳам, фуқаролик позициясини ҳам баралла намойиш этиб, бонг урган эди. Ана шоирнинг сўзи, фуқаронинг позицияси, миллатнинг фидойиси. Айтиш мумкинки, ўз даврининг жадиди. Эҳе, у даврнинг қадимчилари – бутун бошли қизил аждаҳо, янчиб йўқ қилиб юборадиган шафқатсиз машина эди. Шу вазиятда Эркин ака ўзида “журъат” топа билди. Чунки унинг қайғуси миллат, Ватан, эрк, ҳуррият қайғуси эди. Наҳотки, орада ўтган 45 йиллик муддат зиёлиларимизнинг қонини шу қадар совитди, гунгу карахт қилиб ташлади. Яна кўрингки, мустақил бўлдик деб кўкрак керганимизга ҳам шунча ўтибди. Ҳеч қурса, шу сўнгги беш йилнинг равиш-рафторини мушоҳада қилайлик. Мустақилликда ўтган йиллардан чорак асрини изланиш, адашиш, йўқотиш ва йўл, чора излаш паллалари деб кўрайлик.

    Бугун энди ўз йўлимиздамиз, ўз ўзанимизни топганимизни ҳис этиб, “Янги Ўзбекистон” ғоясида камарбаста бўлиб турайлик. Бугунги жадид-қадим маънавий муҳорабаларида позициямизни аниқ белгилаб олайлик. Шу маънода, ҳозирги ижтимоий-маънавий жараёнда биргина жадид-у, қолган барчамиз қадимчиларга ўхшаймиз. Юртимиз раҳбари замонамизнинг Беҳбудийси, Мунавварқориси, Абдулла Авлонийси бўлиб, дунё билан бирга баробар яшамоқ учун уйғониш ғоясини байроқ қилиб сафлар олдида. Ортда эса сафлар пароканда, ўнгу сўлга журъатсизгина қараб саросар кетаётган сўниқ оқимга ўхшайди. Ялов тутган саркарда ортида ҳар жиҳатдан мукаммал, мунтазам лашкар бўлмоғи шарт. Агар шундай бўлмаса, ҳаёту мамот муҳорабасида мағлуб бўлиб қолишимиз аниқ. Мағлубларни эса ҳеч ким кечирмайди.

    Янги Тошкент шаҳрининг пойдевори учун ишларни бошлаш баҳона не-не фикрлар ўртага тушди. Бироқ ундан ҳам мўлроқ фикр-мушоҳадалар издиҳомнинг барча иштирокчилари қалби, хаёлидан ўтди, десам янглишмайман. Кимдир гўзал орзулар оғушида, кимдир элу юрт ташвишида, кимдир ўз хоҳишлари илинжида, яна кимдир издиҳом аҳлини ўзига қаратиш ғаразида “нималар”ни кўнглидан ўтказмади. Айтадилар-ку, қочган ҳам, қувган ҳам Худо дейди.

    Мунисим, мушфиқим – Тошкентим – онам! Соч-соқолим кумушларга беланиб, набира-эвараларни етаклаб, Янги Тошкентда қурилажак 420 гектарли боғу роғларда ўша тарихий кунги мажлис аҳли билан экканимиз дарахтлар оралаб кезинганда, кўз ўнгимда фақат тарихий келажак бўлади. Мунислигинг, мушфиқлигинг хотирамда, ўтмиш соғинчу армонларимда бўлади. Набира-абираларим боғ аро қўйиб қадам, не бир техник мўъжизалар мурватига қўл текизиб, ўз келажаги ичра сайрга чоғланганида, камина уни электробусга ўтқазиб, эски шаҳар Тошкентига олиб келаман. Тош кўчаларда мозий ҳавосига тўйинтириб, “Тошкент сити” манзилларида саёҳат қилдираман.

    Ўтмишу бугунни кўрган болакай авлод келажаги бағрига қайтаркан, мен каби “Тошкентим – онам” қўшиғини қалбдан хиргойи қилиб келишини истайман. Ўтмишу бугунни кўриб, келажагига дадил одимлаб бораётган зурриёдимга боқиб, “руҳи абадга кўчган” қадим Дегрез маҳаллалик Зулфияхоним хотирасини ёд этаман, “бу боғлар бир боғлар бўлди”, дея алёрлар айтиб қоламан, иншааллоҳ!

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates