Бу йил давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали – 133,3 бални ташкил этди

    Таълим 25 сентябр 2020 694

    Бу бўйича Давлат тест маркази маълум қилди.

    Жорий йилда олий таълим муассасаларига 1 484 463 нафар (2019 йилда – 1 066 926 нафар) абитуриент ўқиш истагини билдириб, ариза топширди.

    Бунда 1 ўринга танлов 10,6 та абитуриентни (2019 йилда – 10,3 эди) ташкил этди.

    2020 йил 2-13 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари жараёнларида 1 240 614 нафар абитуриент (95,1%) иштирок этди.

    Тест синовларининг танлов натижаларига кўра, республика олий таълим муассасалари бакалавриатига жами 140 068 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди (ўтган йилдаги 102 350 нафарга нисбатан 37 718 тага кўп).

    Шундан:

    давлат гранти асосида – 28 173 нафар (жами топширганларнинг 20,1%) абитуриент (2019 йилдаги 18 130 нафарга нисбатан 10 043 тага кўп);

    тўлов-контракт асосида – 111 895 нафар (жами топширганларнинг 79,9%) абитуриент (2019 йилдаги 84 220 нафарга нисбатан 27 675 тага кўп) талабаликка тавсия этилди.

    Танлов натижаларига кўра:

    давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали – 133,3 баллни;

    тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали – 110,6 баллни ташкил этди.

    Республика олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида минимал ўтиш бали – 68,0 балл, тўлов-контракт асосида минимал ўтиш бали – 56,7 балл этиб белгиланди.

    Шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун имконият яратиш мақсадида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилмаган, лекин 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти яратилади (2019 йилда 32 948 нафар абитуриент ушбу имкониятдан фойдаланган).

    Бунинг учун ушбу тоифадаги абитуриентлар, 2020 йил 26 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларига мурожаат этишлари мумкин.

    Агарда тест синовлари натижалари абитуриентларни қониқтирмаса, Давлат тест марказининг апеллация комиссияси ўз фаолиятини 2020 йил 28 сентябрдан бошлайди.