Бу йилги натижалар ўзгача бўлади

    Ўтган йилда ёшларнинг 1 триллион 998 миллиард 49 миллион сўмлик бизнес лойиҳалари молиялаштирилди.

    “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси жамоаси ўтган бир йилда вақтини мазмунли ўтказиши, касб-ҳунар ўрганиши ёки ўзи истаган соҳада турли билимларни эгаллаши учун йигит-қизларга ҳар томонлама кўмаклашди, куч-ғайратини аямади.

    Йигирмадан ортиқ йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан, ўтган йили тадбиркорлик уюшмалари, вазирлик ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда ёш тадбиркорлар лойиҳаларини молиялаштириш орқали 80 мингдан ортиқ йигит­қизга ўз бизнесини йўлга қўйишга ёрдамлашилди. Натижада уларнинг 1 триллион 998 миллиард 49 миллион сўмлик бизнес лойиҳалари молиялаштирилди. Жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг билимини ошириш мақсадида малакали мутахассислар томонидан 800 бизнес семинар ташкил этилиб, уларга қарийб 15 мингга яқин йигит­қиз қамраб олинди.

    Халқаро даражадаги бизнес тренер ва экспертлар, муваффақиятга эришган тадбиркорлар иштирокида мотивацион тренинг, учрашувлар ташкил этилиб, уларда 26 мингдан зиёд ёшлар қатнашди. Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, бизнес юритиш кўникмасини шакллантириш, ғоя ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиши учун кўмаклашиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Бизнес марафон”нинг учинчи мавсуми ташкил этилди. Унга 40 мингдан зиёд ёшлар жалб этилди.

    Бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган 18 мингдан зиёд йигит­қизга ҳуқуқ, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда консалтинг хизматлари кўрсатилди. Тадбиркорлик ва унармандчиликка қизиққан қорақалпоғистонлик ёшлар учун ҳудудлардаги ишбилармонлар ва ҳунармандлар фаолияти билан танишув ташкил этилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн, Наманган вилоятида эса текстиль­трикотаж, чарм саноати бўйича ўқув­семинар, маҳорат дарслари, бизнес саёҳатлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда ёшлар бизнес юритиш кўникмаларини ошириш, шунингдек, ҳамкорлар топиш имкониятига эга бўлди. Умумий ҳисобда ўтган йили амалга оширилган лойиҳа ва тадбирларда 800 минг нафардан зиёд йигит­қиз иштирок этди.

    Тўғри, бир қарашда юқоридаги натижалар унчалик ҳам салмоқли эмас. Аммо “Тома­тома кўл бўлур” деган нақл бежиз айтилмаганига ишонамиз. Ҳозир ҳаракатдан тўхтамасак, мақсад сари илдамласак, бас, марра бизники. Қолган ишлар, албатта, бўлади. Бу йилги асосий мақсадларимиздан бири ҳам айнан шу: кўпроқ ёшларни касбҳунарли қилиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, янги марраларни забт этишига кўмаклашиш. Токи орзуси сари олға юраётганлар ёнида суянчиғи борлигини ҳис этсин.

    Президентимиз ўтган йили 20 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида, жумладан, бундай деди: “Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”. Хусусан, энг катта инвестиция киритиш зарур бўлган таълим соҳасини қўллаб­қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона йўлидир.

    Айни пайтда жамғармамиз ҳам шу йўлда фойдали ишларни амалга оширишни мақсад қилган. Жорий йил якунига қадар ёшлар даврасига халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқларни жалб қилган ҳолда, турли мотивацион тадбирлар ўтказиш, ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш, халқаро меҳнат бозорига чиқишига кўмаклашиш режалаштирилган. Келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишиши, жумладан, тадбиркорликка ўқиши учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган мутахассисларни жалб этган ҳолда машғулотлар ўтказилади. Битирувчиларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш мақсадида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари базасида бизнес акселераторлар ташкил этилади. Шунингдек, уларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турлари кўрсатиш, форумлар, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этиш режалаштирилган.

    Ушбу мақсадни амалга ошириш учун бугун бизда барча имконият ва салоҳият мавжуд. Мамлакатимиз олдида улкан марраларни забт этиш вазифаси турибди. Бунда ёшларнинг ҳам ўзига хос ўрни ва ҳиссаси муҳим. Шу боис, уларга ҳар томонлама ёрдам беришда давом этамиз. Бу йилги натижалар ўзгача бўлишига ишонамиз.

    Хайрулла САТТОРОВ,

    “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates