Бугун “Бухоро ахбори” газетаси ёҳуд “Бухоронома" газетаси 100 ёшда

    Маданият 9 сентябр 2020 9058

    БХСР ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаев (1896-1938 йиллар) ёш республиканинг матбуот органига асос солиш, бўлажак газетани ҳақиқий халқ минбарига айлантириш учун тегишли чора-тадбирларни кўрди.

    Маълумки, Файзулла Хўжаев жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бири сифатида 1920 йил сентябрга кадар ҳам Бухорода ноширчилик ва матбаачилик фаолиятида анча тажриба орттирган эди. У 1920 йил июль ойида Тошкентда «Учқун» газетаси нашр қилиб, муҳаррирлик вазифасини бевосита бажарганди. Янги республиканинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий соҳалардаги фаолиятини оммага етказувчи нашр органи «Бухоро ахбори» газетаси бўлди.

    «Бухоро ахбори» газетасининг 1-сони 1920 йил 9 сентябрда Саид Аҳрорий муҳаррирлигида чоп этилган. Газетага материаллар танлаш, уни маблағ билан таъминлаш масалалари ўша даврдаги ҳукумат аъзолари Файзулло Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Қори Йўлдош Пўлатов кабилар томонидан амалга оширилган. Газета эски ўзбек адабий тилида, араб имлосида 1500-2000 нусхада 4 саҳифа ҳолатида чоп этилган.

    «Бухоро ахбори» нинг биринчи мухаррири Саид Аҳрорий (1895-1931йй.) Арабистонда таваллуд топган, Тошкентда Файзулла Хўжаевга «Учқун» газетасини чоп қилиш ишида ёрдам берган, дунёқараши кенг, матбаачилик тажрибасига эга, қалами ўткир ноширлардан бири бўлган. Шунинг учун Файзулла Хўжаев уни газета ишини йўлга қўйиш учун Бухорога таклиф қилган. Саид Аҳрорий газета учун мақолалар танлаш, уни ўқимишли, халқ руҳига яқин бўлишини таъминлашда ўз қобилият ва иқтидорини аямади. Газета Бухоро Республикаси ҳаётининг барча жабҳаларини ёритишга қаратилган мунозара ва мушоҳадага чорловчи, танқидий тавсифдаги мақолалар эълон қилган. Биргина Саид Аҳрорийниг ўзи 1920 йил 9 сентябрдан 1921 йилнинг 30 июнига қадар «Бухоро ахбори»нинг турли сонларида ўнлаб мақолалар эълон қилган. Унинг «Ёшларимизга», «Турмуш йўлинда», «Ҳарбий ишларимиз ҳам алмашсун», «Инқилобимиз», «Дўстлик муносабати», «Дўстлик тийрасида», «Вазифа бошинда», «Идораларнинг тузатилиши», «Ҳаннотларга (олиб сотарларга) мол берилмасун!», «Мустақил Бухоро», «Сўнгсиз қиш», «Луғат ва имло устуни», «Дорилфунунимиз қалдирғочлари» каби турли жанрлардаги мақолалари босилган. Юқоридаги мақолаларда Бухоро Республикаси кундалик турмушининг долзарб муаммолари муаллиф томонидан қаламга олинади.

    Газетада янги хукуматнинг маориф ва маданият, санъат ва адабиёт, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ фармон. Буйруқ ва лойиҳалари, мунозарали мақолалар (мубоҳаса рукнида) босилган. Айниқса, илм ва маориф республиканинг ҳаёт-мамоти эканлигига қайта-қайта мурожаат қилинади. Газетада 1921 йил июлидан 1922 йилнинг январигача (салкам олти ой) машҳур адиб, истиқлол фидоийси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон муҳаррилик қилади. Чўлпон шахсан Фитратнинг илтимосига кўра «Бухоро ахбори» газетасининг муҳаррирлигига таклиф қилинади. Чўлпон Президентимиз юқори минбарлардан туриб, ўз нутқдарида тилга олган «Халқ денгиздур, халқ тўлқиндур, халқ кучдур, халқ исёндур, халқ оловдур, халқ ўчдур» деб бошланадиган машҳур шеърини ҳам илк бор «Бухоро ахбори» саҳифаларида эълон қилган. Умуман, Чўлпоннинг саъй-ҳаракати билан газетада адабий-публицистик жанрларга эътибор кучаяди. Унинг «Абдулҳамид Сулаймон» тарзида исми-шарифини ёзиб, 15 тача шерлар ва мақолари чоп этилган.

    «Бухоро ахбори» Қори Йўлдош Пўлатов (1890-1965 йиллар) муҳаррирлиги даврида юқори савияда ҳамда кўпроқ тиражда чоп этилади. Қори Йўлдош Пўлатов Бухоро хукуматининг масуъл вазифалари: маориф нозири, мудофаа нозири, доҳилия (ички ишлар) нозири, Ўзбекистон ССР хукуматида эса молия нозири вазифаларида ишлаган. У «Бухоро ахбори»да муҳаррирлик қилган даврда газета фотосуратлар билан чиқа бошлаган. Чунки бевосита Қ.Пўлатовнинг ташаббуси туфайли Москвадан синтография (аксилхона), Германиядан эса, мусулмонча ҳарф териш машинаси олиб келиниб, замонавий типографияга асос солинган. Қ.Пўлатов «Бухоро ахбори»да бошқа муҳаррирларга қараганда узоқроқ фаолият кўрсатиб, ўзи ҳам газетанинг бир қатор сонларида салмоқли мақолалар билан чиққан. Айниқса, унинг Петербург ва Москва (Россия) саёҳати таасуротлари асосида ёзилган «Йўл хотиралари» туркум мақолалари газетанинг бешта сонида тўлиқ бир саҳифада эълон қилинган. «Йўл хотиралари» совет даври тарихида XX асрнинг 1920 йиллари ҳақида реал хулосалар чиқариш учун муҳим манбалардан бири бўла олади. Инсонийлик сифатида ҳам Қ.Пўлатов ҳақиқатгўй ва миллатпарвар бўлиб, Ўзбекистон Республикаси молия вазири лавозимида ишлаган даврида (1924-1929 йиллар) ўзи учун ажратилган енгил машинани миллий кадрлар тайёрлаш харажатларига сарфлаганлиги қабул қилинганди. Унинг миллатимиз маданияти ва маорифи учун жонкуяр инсонлигини айнан «Бухоро ахбори»нинг 1922-1923 йиллардаги сонларида республика ёшларини хорижга (Германия, Туркия, Озарбайжон, Россия) ўқиш учун юбориш билан боғлиқ хабарлар ва мақолаларни муттасил босилиб турилганидан ҳам билса бўлади. Бухоро Республикасининг хорижга ўқитиш учун талабалар юбориш билан боғлиқ маълумотлари газетанинг кўпгина сонларидан ўрин олган. Бу мақолалардан Германия ва Туркияга юборилган талабалар сони, исми-шарифи, улар бориб жойлашган ўқув юртлари ҳақида бой маълумотлар оламиз. Қори Йўлдош Пўлатов газетанинг 1922 йил 21 сентябрь 100-сонидан 1923 йил 21 сентябрь 204-сонигача муҳаррирлик қилган даврида унинг ҳафталик сони ва тиражи кўпайиб, сифати ҳам ошади. Аввал ойида газетхонлар 4-5 марта «Бухоро ахбори»ни ўқисалар, 1922-1923 йилларда эса ойида 8-10 марта ўқиш имкониятига эга бўладилар. «Бухоро ахбори»да Бухоро Республикасининг ҳарбий ислоҳот билан боғлиқ тадбирлари, «вақф масаласи» ва у билан боғлиқ мунозаралар, ташқи алоқалар, миллий ҳаво флотини вужудга келтириш муаммолари каби йўналишларда ўнлаб мақолалар босилади.

    «Бухоро ахбори» газетасининг бугунги замонавий кўриниши яъни «Бухоронома» газетаси 100 ёшга тўлди. Бир асрни ортда қолдирган газетамиз не-не машаққатли ва синовли даврларни ва албатта жонкуяр, фидойи, маърифатли кишилар ҳамда муҳаррирларни кўрди. Бугун газетамиз ҳар қандай маълумотларни аҳолимизга тез ва сифатли даражада етказиб бера олади. Бугунги газетамизнинг босма тиражидан ташқари электрон тиражи ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бугунги ахборот асрида ҳам газетамиз ҳар қандай маълумотларни ва мақоларни ўз ўқувчиларига тез фурсатда етказиб бериши аҳолимизга манзур бўлмоқда.

    Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими, шаҳар ва туман бўлинмалари ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти номидан «Бухоронома» газетаси таҳририят жамоасини бугунги байрам билан самимий муборакбод этамиз. Зиё тарқатишдан чарчаманг, доимо соғ-омон бўлинг, азиз маърифат фидойилари!

    Азиз ҲАКИМОВ,

    Маънавият ва маърифат маркази

    Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари,

    «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates