Бугун матбуотда нималар чоп этилган?

    Бўш вақтда 18 июн 2020 1549

    “Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас.”

    “Халқ сўзи” газетаси Президентимизнинг ушбу сўзларининг бугунги сони учун шиор қилиб танлаган.

    Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси аҳоли учун кўплаб қийинчилик ва ноқулайликларни туғдирмоқда. Масалан, карантин чекловлари даврида абитуриентларимиз қандай йўл тутишади? Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари қай тартибда ўтказилади? Албатта, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 июндаги қароридан мазкур саволларга тўлиқ жавоб топиш мумкин. Газетада эълон қилинган Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг мақоласида ёзилишича, абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилиши ушбу қарорнинг ёшларимиз манфаатини кўзлаб қабул қилинганлигини кўрсатади.

    Пандемиядан энг кўп зарар кўраётган соҳалардан бири, албатта, туризмдир. У тождор вирус сабаб бутунлай тўхтаб қолди ва катта йўқотишларга учрамоқда. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти баёнотига кўра, айнан шу соҳанинг ўзида пандемиядан кейин дунё бўйича 50 миллион иш жойи йўқотилиши мумкин. Айниқса, Осиё давлатлари катта миқдорда зарар кўради. “Янги Ўзбекистон” газетасида “Туризм статистикаси ёки ишга солинмаган мавжуд имкониятлар” сарлавҳаси остида элон қилинган махсус саҳифа шу мавзуга бағишланган. Унда айтилишича, 2019 йилда юртимизга 6 миллион 748,5 минг киши ташриф буюрган. 2020 йил январь-март ойларида эса юртимизга туристик мақсадларда келган чет эл фуқаролари сони 1 миллион 214 минг кишини ташкил этган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 12 фоиз кам. Кейинги чоракдаги кўрсаткичлар эса бундан ҳам ёмон бўлиши, шубҳасиз. Пандемия шароитида сайёҳлик оқими наинки юртимизда, балки бутун дунёда тўхтаб турибди. Бундай вазиятда соҳанинг ўзини тиклаб олишига, унинг аввалги ҳолатига келишига одатдагидан-да кўпроқ вақт ва сармоя талаб этилади.

    “Народное слово” газетасида таҳририят ходими Руслан Кенжаевнинг “Правила без ошибок” (“Хатоларсиз қоидалар”) сарлавҳали материали чоп этилган. Муаллифнинг таъкидлашича, бундан минг йил муқаддам буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино касалликларни юқумли ва юқмайдиган турларга бўлиб, ҳар бир ҳолатда даволаш қоидаларини батафсил тушунтирган. Ибн Сино юқумли касалликлар ҳақида гапирар экан, уларнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўзаро мулоқотни чеклаш лозимлигини уқтирган. Бугун биз мутлақо бошқа даврда яшаяпмиз. Бироқ буюк бобокалонимиз томонидан ўн аср аввал айтиб ўтилган қоидалар юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда. Қатъий карантин ўзини оқлади. Профилактика чоралари кўрилмаган тақдирда битта бемор икки кишини, иккита бемор тўрт кишини касаллантириши мумкин. Мана шундай “босқич”лардан йигирматаси ўтгач, касаллар сони миллионларни ташкил этади. Шундай экан, карантин чораларига оғишмай риоя этиш бугуннинг энг муҳим талабидир.

    “Правда Востока” газетаси Оксана Маласабированинг “Инновации: совсем другая реальность” (“Инновациялар: мутлақо ўзгача воқелик”) сарлавҳали мақоласини чоп этган. Унда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биносига уюштирилган пресс-тур тафсилотлари берилган.

    Рақамли иқтисодиёт, “Электрон ҳукумат” хизматларига талаб кундан-кунга ортиб бораётган бир шароитда мамлакатимизда 780 турдаги давлат хизматидан бор-йўғи 185 тасидан “электрон портал” орқали фойдаланиш имкони мавжуд. Афсуски, аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билангина чекланиб қолмоқда. “Ушбу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида эндиликда “Электрон ўқитиш дастури” орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш режалаштирилмоқда” дейилади “Маҳалла” газетасида эълон қилинган “Рақамли иқтисодиёт: янги инновацион лойиҳалар қандай самара бермоқда?” сарлавҳали мақолада.

    Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида 20 ёшли жувоннинг бир неча хотинлар томонидан аёвсиз калтакланиши ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалиб, кўпчиликнинг қалбини ларзага солди. Аслида воқеа қандай содир бўлган эди? Шунчалар таҳқирланганига қарамай, калтакланган қиз муштумзўрларнинг устидан ИИБга нега мурожаат қилмади? Ушбу саволларга “Қўшкўпирлик аёл нега хўрланди?” сарлавҳали мақолада батафсил жавоб берилган.

    "Қишлоқ ҳаёти" газетасида эълон қилинган Абдулла Мадалиевнинг "Беккер Нобель мукофотини бекорга олганми?" сарлавҳали мақоласида америкалик иқтисодчининг муассасада ишлайдиган ходим оиласи тинчлиги, таъминоти меҳнат самарасида катта роль ўйнашини ўз тадқиқоти орқали исботлаб бергани ва бу таҳлили учун халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлгани қаламга олинади. Хўш, корхоналарнинг ўз ходимларини ўйлаб деҳқончилик маҳсулотлари етиштириши, чорва моллари боқиши нечоғлик самарадор иш? Бу тажриба аслида бизнинг мамлакатда аввалроқ синовдан ўтган. Бугун, айниқса, пандемия даврида корхона ишчи-хизматчилари ижтимоий ҳимоясида худди шу фаолиятнинг ўрни жуда билинмоқда. Муаллиф мақоласида буни ҳаётий мисоллар ва ўз таҳлилий далиллари билан асослашга ҳаракат қилади.

    ЎзА

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates