Бухоро – касбий маҳорат бўйича халқаро мусобақанинг марказига айланди

    2025 йил 29-31 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида Касбий маҳорат бўйича CNPC халқаро мусобақаси бўлиб ўтди.

    Бу тадбирда олти мамлакатнинг нефть ва газ соҳасидаги 86 та энг малакали техник мутахассислари ўз касбий маҳорати ва салоҳиятини намойиш этди.

    Тарихда илк бор Ўзбекистонда ўтказилган бу мусобақа нафақат касбий маҳоратни синаш, балки турли мамлакатлар мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, дўстона ҳамкорлик ва инновацион ёндашувларни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлди.

    Мусобақа “Asia Trans Gas” МЧЖ қўшма корхонаси мезбонлигида, CNPC (China National Petroleum Corporation) ташкилотчилиги ҳамда “Oʻzbekneftegaz” АЖ кўмагида ўтказилди. Бу йилги мусобақа 2021 йилдан бери ўтказиб келинаётган халқаро лойиҳанинг тўртинчи босқичи бўлиб, ҳозиргача бўлганлар ичида энг кенг қамровлиси ҳисобланади.

    — Ушбу мусобақа қувурларни бошқаришдаги асосий операцион ролларни қамраб олди ва иштирокчи мамлакатлар сони, иштирокчилар сони ҳамда вакиллик қилинадиган касблар хилма-хиллиги бўйича бугунги кунгача энг йирик тадбирга айланди, — деди CNPC ходимларни бошқариш департаменти бош директори ўринбосари Ху Хунмин. — Ушбу мусобақалар маҳорат намойишларини ўз ичига олади, бу эса иштирокчиларга нафақат рақобатлашиш, балки халқаро ҳамкасбларидан ўрганиш имконини беради. Бу ажойиб имконият. Умид қиламанки, барча иштирокчилар ўзларининг энг яхши натижаларини кўрсатишади ва ўзларининг ажойиб маҳоратлари ҳамда чинакам истеъдодларини намойиш этишади. Шу билан бирга, ҳамма бу ерда шаклланган дўстликни қадрлайди, ўзаро ҳурмат кўрсатади ва халқаро мутахассисларнинг руҳи ҳамда услубини намоён этади.

    Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Мянма, Нигер ва Бенин давлатларидан келган 9 та жамоа иштирок этди.

    — Бухорога боришимизни эшитиб қувондим. Илгари мамлакатингиз ҳақида эшитганман, лекин интернетда “Бухоро” деб қидирув берганимда, бу гўзал шаҳар суратларини кўриб ҳайратландим. Чиройли маскан, меҳмондўст одамлар, — дейди Мянмадан келган иштирокчи Каунг Мят Кяв. — Биз, иштирокчилар учун барча шароитлар аъло даражада яратилган. Бизни тантанали кутиб олишди. Мусобақа учун ҳам барчаси юқори даражада ташкиллаштирилган. Ғолиб бўлмасам ҳам, бундай нуфузли халқаро мусобақада қатнашишимнинг ўзи мен учун ғалаба.

    Мусобақа шартларига кўра, юк кўтариш ишлари, электротехника, қувурларни ўрнатиш, пайвандлаш, автоматлаштириш ва ўлчов асбоблари бўйича, шунингдек катод ҳимояси мутахассислари маҳорати бўйича билим ва кўникмалар синовдан ўтказилди.

    Ҳар бир жамоанинг иштирокини ҳакамлар ҳайъати синчковлик билан кузатиб, адолатли баҳолаб борди. Жамоаларнинг иш жараёнида энг аввало жамоавий ҳаракатлари, тезкорлиги, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлиги ҳамда ўз вазифасини маҳорат билан бажариш тажрибаси асосида баҳоланди.

    Жами 36 та медаль қўлга киритилди: 8 та олтин, 12 та кумуш ва 16 та бронза. Шу билан бирга, “Энг яхши ташкилотчи бўлинма” номинацияси бўйича 5 та махсус мукофот топширилди.

    Икки кун давом этган баҳсларда “Asia Trans Gas” жамоаси жами 12 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлди.

    — Бугун ҳар биримиз ғолибмиз. Ахир, биз медаллар ёки рейтинглар учун курашмадик. Биз билим учун курашдик, маҳоратини оширдик, тажриба алмашдик ва бир-биримиздан ўргандик. Биз барчамиз ягона мақсад — мамлакатларимиз ва бутун қитъаларнинг энергия барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётган битта катта жамоамиз, — дейди мусобақа совриндори, “Asia Trans Gas” ходими Александр Матросов. — Ҳа, биз турли тилларда гаплашамиз, лекин бу ҳеч қачон бир-биримизни тушунишимизга тўсқинлик қилмаган. Ахир, бизнинг умумий тилимиз бор — профессионаллик, ўзаро ҳурмат ва мукаммалликка интилиш тили.

    Бухорода бўлиб ўтган “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасидаги Касбий маҳорат бўйича CNPC халқаро мусобақаси – 2025 нафақат ишлаб чиқариш соҳасидаги малакали кадрлар салоҳиятини ошириш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

    Бу тадбир орқали турли мамлакатлар мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, замонавий технологиялар ва хавфсиз меҳнат стандартларини жорий этиш, шу билан бирга ёшлар орасида нефть-газ соҳасига бўлган қизиқишни ошириш имкони яратилди.

    Ўзбекистон учун эса мазкур мусобақа мамлакатнинг энергетика соҳасидаги нуфузини янада оширган, уни халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатида намоён этган муҳим воқеа бўлди.

    Жасурбек ЛАПАСОВ

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates