Бухорода илк бор халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилнинг 29 апрелдаги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади.

    Халқ амалий санъатининг ушбу икки йўналишидаги энг яхши анъаналарни ривожлантириш, зардўзлик ва заргарликнинг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган мазкур тадбирга кўҳна шаҳарда катта тайёргарлик кўрилмоқда. Анжуман ташкил этиладиган жойларда ободончилик юмушлари амалга оширилаяпти. Тадбир қатнашчилари ва меҳмонлар учун зарур қулайликлар яратилмоқда.

    Кўҳна шаҳарнинг ўзига хос бренди

    Ҳар икки йилда бир бор ўтказилиши кўзда тутилган ушбу халқаро фестивални халқ амалий санъати усталари интиқлик билан кутишмоқда, —дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Акбар Муҳаммедов. — Негаки, шаҳримизда илк бор ташкил этилаётган бу анжуман халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, ҳунармандчиликнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналарини бойитишга, ёшларимизнинг ота-боболаримиз қолдирган бой меросга қизиқишларини янада оширишга хизмат қилади.

    Фестивалга дунёнинг 58 та давлатидан 220 нафардан зиёд меҳмон келиши кутилаяпти. Улар орасида юз нафарга яқин заргар, ўттиз нафардан зиёд зардўз бор. Тадбирда қатнашиш истагидаги юз нафардан ортиқ маҳаллий заргару зардўзлар хорижлик усталар билан ўзаро тажриба алмашиш, маҳорат сабоқлари ўтиш, маҳсулотларини намойиш этиш, сотиш имконига эга бўлишади.

    Тадбирга тайёргарлик доирасида соҳада узоқ йиллардан буён ишлаб, эл–юрт ҳурматини қозонган халқ амалий санъати усталари фаолияти акс этган баннерлар тайёрланяпти. Фестиваль ўтадиган масканларда банк хизмати ва божхона шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади. Бошқача айтганда, заргарлик буюмини харид қилган хорижий меҳмонга шу ернинг ўзидаёқ зарур хизматлар кўрсатилади. Халқаро фестиваль бўлиб ўтадиган манзил сифатида эса шаҳар қадимий қисмининг Арк қўрғони билан Пойи Калон мажмуасигача бўлган қисми танланган. Анжуманнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари кўҳна Арк олдидаги Регистон майдонида бўлиб ўтади. Қатор кўнгилочар тадбирлар, жумладан, театрлаштирилган концерт дастурлари, тақдимот ва кўргазмалар, кўрик-танловлар хорижий ва маҳаллий меҳмонларга вақтни мазмунли ўтказиш имкониятини яратади. Фестиваль доирасида “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий–амалий конференция ҳам ташкил этилади.

    — Фестиваль логотипида заргарлик маҳсули саналган узук силуэти, зардўзликда ишлатиладиган “каъбагул” нақши, серқуёш Бухоро ва гумбаз тасвири акс этган, — дейди “Ситораи Моҳи Хосса” халқ амалий безак санъати музейи масъул ходими Наргиза Жумаева. — Булар бежиз эмас. Юртимизда азал-азалдан бу икки йўналиш равнақ топган. Заргарлик ва зардўзлик Бухоронинг ўзига хос брендига айланган. Масалан, 1920 йилгача кўҳна шаҳарда 300 дан 350 нафаргача зардўз уста фаолият юритгани маълум.

    Ҳунарнинг олдида хасдир олтин-зар

    Бахшилло Жумаев ана шундай ҳунармандлар оиласида туғилиб, вояга етган. Истиқлол йилларида унинг орзу–ҳаваслари ушалди. Ҳалол меҳнат ортидан зардўзлик мактабига асос солди.

    — Болалигимда акамга эргашиб, “Моҳир қўллар” тўгарагига борганман, — дея эслайди Б. Жумаев. — Ранг–баранг тасвирлар чизиш жону дилим эди. Мактабдан сўнг Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)да бадиий графика йўналишида таҳсил олдим. Собиқ “Зардўз” фабрикасида бош рассом вазифасида меҳнат қилдим. 1995 йилда республикада ягона саналган “Совға” зардўзлик мактабини ташкил этдим. Ўйлаб қарасам, зардўзлик билан шуғулланаётганимга салкам 45 йил бўлибди.

    Биласизми, ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Уларнинг ҳунар ўрганишлари, илмли бўлишлари учун ҳамма шарт-шароит яратилган. Мана, анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ипак ва зираворлар” ёки шаҳримизда илк бор ташкил этилаётган “Заргарлик ва зардўзлик” халқаро фестивалини олиб кўринг. Ҳунар этагидан тутаман, деган ёшлар учун шуларнинг ўзи бир мактаб. Болалигимизда бундай анжуманлар биз учун ширин бир орзу эди,холос.

    Айтмоқчи, ўқувчилик кезларимизда синф доскаси ёнбошида “Олтин олмагину ўргангин ҳунар, Ҳунарнинг олдида хасдир олтин-зар”, деган ҳикматли сўз ёзиғлик турарди. Шу ҳикмат замирида бир дунё ҳақиқат ётганини мен ўз ҳаётим мисолида кўрдим.

    Бахшулло аканинг айтганича бор. Зардўзлик ортидан у Испания, Франция, Греция, Германия, Япония каби дунёнинг 25 та давлатида ўтказилган халқаро кўргазмалар иштирокчиси бўлди. ”Бухорои шариф”, “Қўштовус”, “Алишер Навоий”, “Амир Темур”, “Баҳор” деб номланган йирик полотноли зардўзлик санъати асарларини яратди. “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. ЮНЕСКОнинг “Халқаро миқёсдаги уста” сертификати соҳиби бўлди. “Ташаббус-97” танлови республика босқичининг “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритиб, Президент совғаси — автомашина билан тақдирланди. Ҳунар билан оилавий шуғулланиб келаётган устага кўҳна шаҳарнинг қоқ марказидан яшаш ва ижод қилиши учун жой ажратилди.

    Бир ҳунармандга эътибору рағбат бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

    — Зардўз табиатни, шеъриятни севиши, ардоқлаши керак, — давом этади Бахшулло ака. — Мен она-табиатимизнинг бетакрор манзараларидан завқу шавқ олиб, Алишер Навоий, Фузулий, Абдураҳмон Жомий шеъриятидан илҳомланиб ижод қиляпман. Эсимда, “Зардўз” фабрикасида ишлаётган кезларимиз эди. Алишер Навоий портретини яратаётган эдик. Япониядан келган бир гуруҳ сайёҳлар ишимизни синчиклаб кузатишди. Улардан бири бу асар учун бешовлон тўрт ой вақт сафлашимизни эшитиб, мийиғида кулди ва “Биз буни компьютерда ярим соатда бажаришимиз мумкин”, деди. Шунда мен “Тўғри, компьютерда бу юмушни тез бажаришингиз мумкин. Лекин техника бу темир, жонсиз бир буюм. Унда ҳеч қандай ҳис–туйғу йўқ. Биз эса бу асарни қалб қўри, кўз нури билан яратаяпмиз. Қўл меҳнати ўрнини эса ҳеч нарса боса олмайди”, дея жавоб бердим. Бу гапни эшитган сайёҳлар бизни олқишлашди, тасанно айтишди. Ўшанда зардўзликдек сермашаққат ҳунар эгаси бўлганимдан беҳад ғурурланганман.

    Халқаро анжуманга келсак, турмуш ўртоғим, шогирдларим билан биргаликда ранг-баранг зардўзлик буюмларини тайёрлаяпмиз. Улар ҳам аввалги ижод маҳсулларимиз каби музейлар, шахсий коллекциялардан ўрин олади, деган умиддамиз. Ўзим эса кўп йиллик тажрибам асосида “Зардўзлик санъати” номли китобни ёзиб тугатдим. Фестивалда шу китоб тақдимоти ҳам ўтказилади.

    Орзулари ушалган зардўз

    — Халқаро фестивалга тайёргарлик кўрарканман, кўнглимда шукроналик ҳиссини туяман, — дейди зардўзларнинг бешинчи авлоди саналган Маҳфуза Салимова. — Ҳаётда нималарга эришган бўлсам, ҳаммасини халқ амалий санъати шарофатидан деб биламан. 2017 йилда орзуларимдан бири ушалди. “Малика Султон” оилавий корхонасини барпо этдим. Ҳозир бу ерда 150 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар зардўзлик билан шуғулланиб, оилаларига қут–барака олиб киришаяпти. Сабр–тоқат, қунт билан ишлаб, зар ипдан кўз кўрса қувонадиган миллий либослар, чопонлар, жойнамоз, сўзаналар тикишмоқда. Қадимий зардўзлик чокларини қайта тиклашяпти.

    Ҳозир оилавий корхонада зардўзлик, каштачиликнинг 40 дан зиёд турига дахлдор харидоргир буюмлар тайёрланмоқда. Улар ички бозордан ташқари қўшни давлатлар, шунингдек, АҚШ, Туркия, Россияга ҳам экспорт қилинмоқда.

    — Салкам 45 йилдан буён зардўзлик қиламан, — дейди корхона ишчиси Ҳикоят Очилова. — Шаҳримизда халқаро фестиваль ўтиши ҳақида эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Шукр, меҳнатимиз қадр топаяпти. Кўплаб шогирдларимиз бор. Ҳунаримизни невараларга ҳам ўргатаяпмиз. Баъзилар зардўзликни игна билан қудуқ қазишга қиёслашади. Бу гапда жон бор. Мана, кўриб турганингиз 3х2,5 ўлчамли гиламни қадимий усулда тикаяпмиз. Шеригим билан саккиз ой вақт сарфлаймиз. Баъзан ишимизни кузата туриб, “Кўзингизни мато устидаги қўлдан узмайсиз, унинг остидаги иккинчи қўлингиз ҳаракатини эса кўриш имкони йўқ. Бунақада қандай қилиб бежирим, бехато нақшлар тикиш мумкин”, дея ажабланиб сўрашади. Мен шунда уларга “Ҳаммасини қалб кўзи билан кўриб, ҳис этамиз”, деб жавоб бераман.

    Ҳикоят опа ҳақ. Матога қалб кўзи билан солинган нақшлар жилоси ўзгача бўлади. Улар оҳорини асло йўқотмайди.

    — Тажрибали усталар кўмагида зардўзлик сир–асрорларини ўрганаяпман, — дейди Бухоро туманидаги Чорбакр қишлоғида яшовчи Меҳринур Убайдова. — Халқаро фестиваль муносабати билан миллий либослар туркумини тайёрлаяпмиз. Бу ерда мен каби зардўзликка ҳавас қилиб, ҳунар ўрганаётган қизлар кўп.

    Айтмоқчи, юқорида тиниб–тинчимас аёл Маҳфуза Салимова ҳақида қисқача тўхталгандик. “Ташаббус-2011” кўрик–танлови республика босқичи ғолиби бўлган зардўз 2018 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. У ўндан зиёд мамлакатларда ўтказилган кўргазма ва танловларда муваффақиятли иштирок этган. Яқинда Маҳфуза опанинг яна бир орзуси рўёбга чиқди. Устахона ва зардўзлик намуналари жамланган музей барпо этди. Халқаро фестиваль кунларида бу марказ хорижлик сайёҳу меҳмонлар энг кўп ташриф буюрадиган масканга айланса, ажаб эмас.

    Тошга битилган нақш

    Сирасини айтганда, ҳунарнинг енгили йўқ. Хусусан, заргарлик кишидан ўткир нигоҳ, юксак дид, сабр-тоқатни талаб этади. Алишер Ҳамроев фестивалга мўлжаллаб тайёрланаётган кўргазма устида ишларкан, бу ҳақда алоҳида тўхталди.

    — Кўриб турганингиздек, қадимий Арк қалъасининг шундоқ ёнбошида жойлашган бобомерос уйда яшаб, ижод қилаяпман, — дейди у. — Бобом, отам заргарлик билан шуғулланишган. Уч ўғлим бор. Улар ҳам заргарлик қилиб, кам бўлишаётгани йўқ. Очиғи, бу жуда нозик, инжиқ иш. Ҳамма ҳам эплаб кетавермайди. Тажрибамдан яхши биламан: 100 шогирдим орасидан 20–25 нафар яхши заргар чиққан. Лекин “Ёшликда олинган билим — тошга битилган нақш”, деб бежиз айтишмаган. Ёши бир жойга бориб қолган кишиларга ҳунар асқотаётган ҳоллар ҳам кўп.

    Сизга айтар бўлсам, заргарлик кўп синовларни, талотўпларни бошдан кечирди. Шўро тузуми даврида шу ҳунарни кўз қорачиғидек асраб-авайлаган ҳамшаҳримиз Ғуломжон заргарнинг сўзларини яхши эслайман. “Кечқурун дарвозани қулфлаб, биров хабар топмасин”, деб пинҳона ишлардик”, дерди раҳматли. Гап шундаки, шўро тузуми якка тартибдаги меҳнатга тўсиқ қўйган, заргарлик буюмлари давлат корхоналарида тайёрланиб, махсус дўконлар орқали сотиларди. Лекин заргарликда фақат қўл меҳнатини талаб қиладиган тақинчоқлар ҳам бор. Дейлик, ўша пайтларда Бухорода никоҳ тўйларида келинга совға қилинадиган шибирма халқасиз ўтмасди. Дўконда эса бу тақинчоқ анқонинг уруғи эди. Одамлар истаймизми-йўқми заргар меҳнатига эҳтиёж сезишарди.

    Бугун эса эмин-эркин ишлаяпмиз. Хом ашёни биржа орқали харид қилаяпмиз. Қиймати беш минг АҚШ долларигача бўлган маҳсулотимизни хорижга олиб чиқиш имконига эгамиз. Солиқ борасида имтиёзлар берилган. Эл-юрт “Уста” деб ҳурматимизни жойига қўймоқда. Бутун бошли фестиваллар ўтказиляпти. Мабодо, қийин паллаларда заргарлик ҳунарини тишининг ковагида асраб–авайлаган ота-боболаримиз ҳозир ҳаёт бўлишганида “Бу тушимми ёки ўнгим”, дея ажабланишлари тайин эди.

    Алишер ака ҳақ. Чиндан ҳам ҳунарманднинг елкасига офтоб тегди. Дафъатан музейни эслатадиган заргарнинг устахонасида ҳозир 500 дан зиёд турдаги тақинчоқларни тайёрлаш йўлга қўйилган. “Ташаббус-2009” кўрик–танлови республика босқичида “Энг яхши ҳунарманд” деб топилган уста АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Япония, Россияда ўтказилган нуфузли халқаро фестивалларда иштирок этган.

    — Асосий мақсадим заргарликнинг йўқолиб кетган турлари ва анъаналарини қайта тиклашдир, — дейди у. — Шу боисдан нафақат Бухоро, балки Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё заргарлигига хос услубларни ўрганиб, уларни истеъмолга киритиш ҳаракатидаман. Қадимий китоблар, музейлар заргарликнинг ноёб буюмларини излаб топишимда манба вазифасини ўтаяпти. Масалан, яқинда балдоқ кундалсозидан нусха олиб, уни қайта тиклашга муваффақ бўлдим. Тиллақоши, “кундалсози” сирғаси, зебигардон, нозигардон, билакузук каби миллий тақинчоқларимизга хорижда ҳам қизиқиш катта. Масалан, мен Голливуднинг бир гуруҳ юлдузлари буюртмасини бажардим. Уларга тилла ва кумушдан қадимий услубда болалар сўрғичлари тайёрлаб бердим. Шаҳримизда ўтадиган Халқаро фестивалда ана шундай ноёб тақинчоқлардан иборат кўргазмамизни намойиш этамиз.

    ***

    ...Бугун кўҳна шаҳар бўйлаб юраркансиз, байрамона бир руҳни ҳис этасиз. Асрларни қаритган масжиду мадрасалар, савдо тоқлари, қадимий карвонсаройлар гўёки яна бир улуғвор кунни интиқ кутаётгандек туюлади. Устахоналар, ҳунармандчилик мактабларида эмин–эркин ишлаб турган усталар ҳамда уларнинг шогирдлари эса одатий ишлар билан банд. Улар меҳнатини ҳайрат билан томоша қилаётган сайёҳларни кўриб, қўли меҳнатда, кўнгли Аллоҳда бўлган халқимизга тўйлар, байрамлар ярашади, дегинг келади.

    Рустам ИБРОҲИМОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates